Конор Бенн: "Райан Гарсияни муддатдан аввал мағлуб этаман"
Кейинги ой Конор Бенн (25-1, 14 КО) ва Райан Гарсия (25-2, 20 КО) ярим ўрта вазнда WBC чемпионлиги учун рингга кўтарилади. Мутахассислар фикрича, Бенн учун бу баҳсдаги асосий қийинчилик рақибнинг ўзи эмас, балки белгиланган 66,7 килограмм вазн меъёрига тушиш бўлиши мумкин.
Британия бокс афсонасининг ўғли ярим ўрта вазнда охирги марта тўрт йил аввал жанг қилган. Шунга қарамай, у WBC йўналишида мажбурий даъвогар мақомини қўлга киритди.
"Бу ярим ўрта вазндаги сўнгги жангим бўлади. Мен Гарсияни муддатидан олдин мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланаман ва кейин оғирроқ вазн тоифасига ўтаман. Фаолиятимни биринчи ўрта ва ўрта вазнда давом эттираман, кейин эса, эҳтимол, суперўрта вазнда ҳам иштирок этишим мумкин", — деди британиялик.
Эслатиб ўтамиз, Конор Бенн ва Райан Гарсия тўқнашуви 12 сентябрь куни Лас-Вегас шаҳрида ўтказилади.

Фикрлар