Коронавирус юқтирган Европадаги легионерларимиз карантинда қолмоқда

Беларусь чемпионати олий лигасида иштирок этаётган “Энергетик-БГУ” клубида коронавирус тарқалгани ҳақида хабарлар тарқатилаётган эди.

Ўтказилган текширувлар натижасида жамоанинг икки нафар мураббийи ва етти футболчиси ҳақиқатан коронавирусга чалингани ўз тасдиғини топди.

“Энергетик-БГУ” матбуот хизмати тарқатаётган маълумотларга қараганда, жамоанинг ўзбекистонлик легионерлари – Шаҳзод Убайдуллаев ва Бобур Абдухолиқовнинг тести ҳам мусбат натижа берган.

ubaydullaev

Тест натижаларига кўра, жамоа мураббийлари Владимир Белявский ва Сергей Омельянчук,шунингдек, футболчилардан Артём Макавчик, Айк Мусаханян, Алексей Лаврик, Максим Омельянчук, Александр Буличев, Бобур Абдухолиқов ва Шаҳзодбек Убайдуллаев COVID-19 вирусини юқтиргани аниқланди.

УЕФА протоколи ва тиббий қоидаларига мувофиқ, вирус юқтирганларнинг барчаси машғулот базасини тарк этди ва уй карантинига олинди.

Клубнинг қолган ўйинчилари ва профессионал персоналининг кейинги тест натижаларининг барчаси манфий натижа кўрсатди ва жамоанинг бошқа аъзолари Брестнинг “Динамо” жамоаси билан ўйнаш имконига эга, - деб ёзади “Энергетик-БГУ” вазият бўйича берган баёнотида.

“Энергетик-БГУ” айни пайтда 26-тур учрашувларидан кейин олий лига мусобақа жадвалида 11- поғонани эгаллаб турибди. Минсклик “талабалар” жорий мавсумда еттита ғалаба, еттита дуранг қайд этган ва 11 та беллашувда имкониятни бой берган.

Ушбу жамоа таркибида уч нафар легионеримиз тўп тепмоқда. Асли Беларуснинг амалдаги чемпиони - “Шахтёр - Солигорск” жамоасига тегишли бўлган Шаҳзодбек Убайдуллаев иккинчи даврадан ижара асосида минскликлар таркибига қўшилди. Истеъдодли ҳужумчимиз янги жамоасида саккизта учрашувда майдонга тушиб, бир жуфт гол урди. Шаҳзоднинг БАТЭ ва “Витебск” жамоалари дарвозасига киритган голлари жамоасига дуранг натижа келтиргани аҳамиятли.

Бобур Абдуҳолиқов ҳам Украинанинг “Рух” жамоасидаги муваффақиятсизликдан сўнг, юртимига қайтиб келганди. Истеъдодли ҳужумчи ўзига бўлган таклифлар орасида “Энергетик-БГУ” вариантини маъқул кўрди. Қашқадарё футболи тарбияланувчиси янги жамоасида тўққизта учрашувда иштирок этиб, “Торпедо-БелАЗ” дарвозасини ишғол қилди. Бу гол минскликларга қимматли уч очко келтирди.

sddefault

Ўзбек футболи тарбияланувчиларига алоҳида эътибор қаратиб келаётган “Энергетик-БГУ” яна бир ҳамюртимиз - Дониёр Абдуманноповни ҳам ўз таркибига қўшиб олган. Ҳужумда ўйнайдиган Абдуманнопов ушбу жамоада бир бор майдонга тушди холос.

Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда “Энергетик-БГУ”да уч нафар ўзбек футболчиси тўп сурган. Жасур Яхшибоев учун бу жамоа трамплин вазифасини ўтади. Моҳир ҳужумчмиз айни пайтда Молдова чемпиони “Шериф” клуби аъзоси ҳисобланади. Жасур Европа Чемпионлар лигасида “Реал” дарвозасини ишғол қилганини яхши биласиз.

Шаҳбоз Умаров эса “Энергетик-БГУ”даги муваффақиятли мавсумдан сўнг, мамлакатнинг энг кучли клубларидан ҳисобланган БАТЭ сафига ўтди. Борисовликлар таркибида Шаҳбоз Умаров 23 та учрашувда олтита гол уришга эришди. Истеъдодли ярим ҳимоячи Сречко Катанец томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам жалб қилина бошлади.

main_6

“Энергетик-БГУ” навбатдаги учрашувини 17 октябрь куни ўз майдонида “Динамо-Брест” жамоасига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию