Коронавируснинг таъсири, Хитойдаги ҳаёти, Чанчунгдаги фаолияти ва бошқалар - Самвел Бабаян билан суҳбат
Ўз вақтида коронавирус ўчоғига айланган Хитойда эндиликда ҳаёт тарзи яхшиланиб бормоқда. Жорий этилган карантинлар эса бекор қилинмоқда. Хитой футболида эса ўзбекистонлик ҳамюртларимиз ҳам фаолият олиб бораётганини яхши биласиз. Жумладан, Ислом Тўхтахўжаев, Одил Аҳмедов ҳамда мураббий Самвел Бабаян аллақачон ўзининг жамоаларида зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга киришишган. Бу ҳам у ердаги вазият изига тушаётганидан дарак бермоқда.
Ҳеч кимга сир эмаски, Хитой футболи дунё нигоҳидаги чемпионатлардан бирига айланган. Боиси у ерда жаҳон миқёсидаги таниқли футболчи-ю, мураббийларнинг фаолият олиб бориши бугунги кунга келиб одатий ҳолга айланиб бўлган. Ривожланиб бораётган Хитой чемпионатида эса илк ўзбекистонлик мураббий сифатида Самвел Бабаян иш бошлагани барчамиз учун сюрприз бўлганди. Лекин у фаолияти давомида турли қийинчиликларга қарамасдан ўз иродасини кўрсатди ва яна катта футболда олдига қўйган мақсади сари қандай ҳаракатланиш кераклигини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Қолаверса, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси учун курашда у ҳам Одил Аҳмедов сингари яқинда юртимиздаги шифокорларга инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бу эса унинг Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигига бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда ва уларнинг соғлиги учун қайғураётганидан дарак бермоқда.
Биз Самвел Бабаян билан охирги марта Хитойга кетишидан олдин учрашиб, суҳбат уюштиргандик. Орадан эса тўрт ойдан ортиқ вақт ўтди. Албатта, бу давр давомида кўп нарса ўзгариб кетди. Чунки чемпионат ҳали ҳам бошлангани йўқ. Аммо ҳозирги жараёнда ўзбекистонлик мутахассис қийинчиликларни енгиб ўтган ҳолда “Чанчунг Ятай”даги ишини давом эттирмоқда. Унинг Хитойдаги ҳозирги фаолияти қандай кетаётганини билиш мақсадида ўзи билан боғландик. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда унга бир қатор қизиқтирган саволларимизни йўлладик ва бунга жавобан Самвел Вячеславович ўзининг фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди.
- Хитойда юз берган коронавирус туфайли ҳамманинг режалари бутунлай ўзгариб кетди, шу жумладан сизни ҳам. Бундай пайтда эса Хитойда фаолият олиб бораётган легионерлар ёки хорижлик мураббийлар кетиш ҳақида ҳам ўйлаб қолишганди. Бундай хоҳиш ва истак сизда ҳам кузатилмадими?
- Коронавирус пандемияси сайёрамиздаги аҳолининг турмуш тарзини глобал тарзда ўзгартириб юборди. Шак-шубҳасиз, шунингдек спортчиларнинг ҳам ҳаёти ўзгариб кетди. Шунинг эвазига бутун спорт мусобақалари тўхтатилди. Хитойда эпидемия бошланган пайтда биз жамоа билан 27 январь куни Анталиядаги ўқув-машғулот йиғинига жўнаб кетгандик. Ортга қайтишимиз эса 24 мартда юз берди. Эндиликда эса бу ерда ҳаёт тарзи яхшиланмоқда.
- У ердаги карантин пайтида Тошкентга қайтдингизми? Умуман, мавсумга тайёргарликни энди қай тариқа ўтказмоқдасиз?
- Чанчунгга қайтганимиздан кейин икки ҳафталик карантинда қолдик. 9 апрелдан машғулотга қайтдик. Мос равишда мен Тошкентда бўла олмайман. Чунки зиммамдаги профессионал мажбуриятларни бажаришим керак.
- Футболчиларингиз ёки клубингиздан бошқа ҳеч ким коронавирусга чалинмабдими?
- Шуниси катта бахтки, жамоада ҳам ва унинг атрофида ҳам коронавирусга чалинган бирор-бир киши йўқ. Умуман олганда, эпидемия бизнинг минтақа ва шаҳарга унчалик катта таъсир кўрсатмади. Чунки ҳозирги пайтда Чанчунг провинциясида бирорта ҳам эпидемияга чалинган инсон йўқ.
- Карантиндан футболчиларингиз қандай ҳолатда қайтишди?
- Биз ҳатто карантин чоғида ҳам ишлашдан тўхтамадик. Тўғри, карантин туфайли ҳар бир ўйинчи индивидуал дастур асосида ишлади. Шунинг эвазига карантин поёнига етганидан сўнг бошлаган машғулотларимизда ҳеч қандай муаммолар юзага келмаяпти.
- “Чанчунг Ятай”да иш бошлаганингизда ўзбекистонлик футболчиларни ҳам жамоангизда кўришни тахмин қилгандик. Аммо бу амалга ошмади. Сабаби нимада?
- “Чанчунг Ятай” клубида ишлар ўта юқори даражадаги профессионал тарзда йўлга қўйилган. Бу ерда селекцион ишлар обдон ўйлаб олинган ҳолда, режалаштирилган тарзда амалга оширилади. Жамоага келган пайтимда клубда салкам 15 та трансфер устида иш бошланган экан. Биз биргаликда қайси позицияларни кузатиш ва кучайтириш устида таҳлил олиб бордик. Фақат шундан кейин танловда сўнгги тўхтамга келишда қарор қилдик. Шунинг эвазига легионерлар ва маҳаллий футболчилардан иборат танловни амалга оширдик. Бундан кейин ўзбекистонлик футболчининг “Чанчунг Ятай”га таклиф этилишини истисно қила олмайман. Боз устига Анзур Исмоилов бу ерда тўп сурган ҳолда ўзидан жуда ёрқин из қолдирган.
- Адашмасам, клубнинг ўтган мавсумдаги легионерлари кетишган. Уларнинг ўрнини қандай футболчилар билан тўлдирмоқдасиз? Сиз ҳам клубнинг молиявий имкониятидан фойдаланиб, супер трансферларни амалга оширишингиз мумкинмиди?
- Ўтган йили клубимиз шарафини ҳимоя қилган барча легионерлар “Чанчунг Ятай”ни тарк этишди. Шундан кейин биз жамоага бразилиялик икки нафар футболчини таклиф қилдик. Япониянинг “Кашима” жамоасидаги Сержиньо билан чемпионлар лигаси ғолиби бўлган Лукас бизнинг жамоамизда тўп суришади. Кипрни “Апоэль” клубидан эса нигериялик Арон Аланаре ҳам бор. Охирги мавсумни Хитойда ўтказди. У илгари Москванинг ЦСКА шарафини ҳам ҳимоя қилган. Бу футболчиларнинг барчаси ўта юқори савиядаги ижрочилар ҳисобланишади. Қолаверса, улар ўзларини турли мусобақаларда, жумладан, Осиё ва Европа чемпионлар лигасида намойиш этишга улгуришган.
- Бугунги кунда Хитойдаги кундалик ҳаёт қандай? Айтайлик, сиз яшаб турган шаҳарда ҳаёт одатдагидекми?
- Ҳозир биз Чанчунгдаги базада истиқомат қиляпмиз. Шаҳардаги ҳаёт меъёрида. Биргина таълим масканларини инобатга олмаганда, бошқа барча ташкилотлар иш бошлаган. Ўқув-машғулот жараёнини ташкил этиш борасида бизда ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Ўзбекистонда ҳам карантин жорий этилганидан хабарингиз бор. Хитой эса деярли коронавирусни енгиб ўтяпти. Улар буни қандай уддалашди ва бу борада юртимизда коронавирусдан тезроқ қутулиш учун нималарга эътибор қаратиш керак деб ўйлайсиз?
- Юртимиз раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган қарорлар коронавирус пандемияси билан курашда албатта ўз самарасини бермасдан қолмайди. Хитойга келсак, бу ерга ташриф буюрган пайтимда ҳар бири уюшқоқ тарзда амалга оширилганини кўрдим. Коммуникация ва барча хизматлар худди соат минлари каби ишлайди. Энг муҳими, бу ерда қаттиқ интизом ўрнатилган. Шунинг эвазига эпидемияга қарши курашда интизом муваффақият калити бўлиб хизмат қилди.
- Эндиликда бутун дунё деярли футболсиз қолди. Бундай жараёнда ўз ишингиз билан фаол тарзда шуғуллана олмаётганингиздан зерикиб қолмаяпсизми? Машғулотлар ўз йўлига, аммо, барибир расмий ўйинларнинг ўтказилмаслиги бу катта йўқотиш...
- Коронавирус пандемияси туфайли айни пайтда дунёда юзага келган вазият барча соҳа кишилари учун ўзига хос синов чорловидир. Табиийки, футболдаги кишилар қатори биз ҳам жуда оғир вазиятга тушиб қолдик. Хитойда чемпионатнинг қачон бошланиши борасида тахминий саналар аниқланди. Бу июнь ойининг охири ёки июль ойининг бошларида бўлиши мумкин. Айни дамда биз мавсумга тайёргарлик кўриш учун машғулотларда астойдил ишлаяпмиз.
- Айтинг-чи, хитойлик футболчилар билан ўзбекистонлик футболчиларнинг фарқлари нимада? Масалан, сиз уларнинг юриш-туришлари, машғулотлари, ўйинлари ва кундалик ҳаёт тарзларини ҳам биласиз. Шуни инобатга олганда, уларни бир-биридан ажратиб турадиган хусусиятлари борми?
- Албатта, Хитой ва ўзбек футболи ўртасида фарқ жуда катта. Бунинг сабаби шуки, иккала мамлакатнинг маданияти ва анъаналари борасида ўзига яраша тарихи бор. Аммо, умуман айтганда, бизнинг Ўзбекистондаги футболчилар хитойликлардан асло қолишмайди. Улар майдонда максимал даражада куч сарфлаган ҳолда ғалаба қозонишга интиладилар.
- Хитой тилини ҳам ўрганяпсизми? Таржимон орқали барча гапларингиз ва нималарни хоҳлаётганингизни футболчиларга ўзингиз истагандек етказиб бера оляпсизми?
- Хитойда ишга киришишимдан олдин ушбу мамлакатнинг маданиятини, анъаналарини, урф-одатларини ва футболини ўргандим. Албатта, иш жараёнида Хитой тилини билиш ҳам керак. Табиийки, бу анча вақт талаб қилинадиган жараёндир. Шу боис таржимон хизматидан фойдаланишимга тўғри келмоқда. Менга таржимонлик қилаётган йигит анчадан бери футболда ишлаб келмоқда. У ўз ишини жуда пухта билади ва мендаги ҳис-туйғуларни ҳамда эҳтиросларни футболчиларга етказиб бера олмоқда.
- Маълумки, Хитойнинг таомлари бизларга унчалик ҳам тўғри келавермайди, ҳар холда аччиқ дейишади. Таом борасида қийинчиликка дуч келмаяпсизми ёки алоҳида ошпазингиз борми?
- Менга Хитой ошхонаси доим ёққан. У ўзига хос анъаналарга эга. Хитой улкан давлат бўлгани каби ундаги минтақаларнинг ҳам ошхоналари ўзига яраша.
- Хитой футболи яратилаётган шароит ва эътибор юзасидан Ўзбекистондан анча илгарилаб кетганми?
- Инфратузилмага келсак, бу масалада Хитой дунёда етакчи ўринлардан бирида туради. Мен буни ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтмоқдаман. Чунки ҳаммасини – бу ерда ишлар қандай ташкил этилаётганини кўриб турибман. Замонавий технологиялар туфайли бу ерда ишни ўта юқори даражада олиб боришнинг иложи бор. Бу болалар футболидан бошланиб, мамлакатдаги етакчи клубларга ҳам бирдек тегишли.
- У ердаги иш жараёнингиз давомида бирор таниқли мутахассис билан танишиш имконияти ҳам бўлдими?
- Бу ерда ишлаётган бошқа бирор-бир ҳамкасбим билан ҳали яқиндан танишишга улгурганим йўқ. Бундан ҳайрон қолиш ярамайди. Нега деганда, ҳали расмий ўйинлар бошланмаган.
Фикрлар
Шундан хам Бабаянни ким эканлигини билиб олиш кийин эмас, уни ягона айби МТЖ ни Ж/Ч га олиб чикишни уддасидан чика олмагани булди.
Узи кайси мураббийимиз буни уддасидан чиккан.
Узбекистонлик Бабаянни Хитойдаги фаолиятига ОМАД тилайман !!!