Кулушевски «Тоттенхэм» тиббий штаби ишини танқид қилди
«Тоттенхэм» футболчиси Деян Кулушевски тизза жароҳатидан кейинги тикланиш учун клуб тиббий хизматидан норозилигини очиқ танқид қилди.
«Тоттенхэм» вингери Деян Кулушевски тиззасидан олган жароҳатидан тикланиш даврида клуб тиббий штаби ишидан кўнгли тўлмаганини маълум қилди. Швециялик футболчи расмий учрашувларга қайтишидан олдин 500 кундан ортиқ вақтни ўтказиб юборди.
26 ёшли футболчи Fotbollskanalen нашрига берган интервьюсида ёзда унга тизза бўғимини алмаштириш операцияси таклиф қилингани, бироқ у бундан бош тортганини айтди.
«Бутун ёз давомида яна бир операция ўтказиш масаласида бошқа шифокорлар билан маслаҳатлашдим. Гап тизза бўғимини алмаштириш ҳақида бораётганди — ўз тиззам ўрнига бошқа одамнинг тиззаси қўйилиши керак эди. Мен бундан бош тортдим. Агар ўйин пайтида оғриқ сезсам, оғриққа қарамай майдонга тушишимга тўғри келади.
Бунга кўпчилик ишонмади, кўпчилик шубҳа билан қаради. Ҳатто клубдагилар ҳам. Айрим инсонлардан хафа бўлдим, бироқ шу билан бирга ҳаммани кечиришим керак. Баъзан сенга кўпроқ ёрдам беришларини хоҳлайсан. Аммо барчамиз бу бизнеснинг бир қисми эканимизни тушунаман», — деди футболчи.
«Тоттенхэм» тиббий штаби аввал ҳам футболчиларнинг узоқ вақт давомида тикланиши сабаб танқидга учраган. Жамоанинг собиқ сардори Кристиан Ромеро ҳам жароҳатидан кейин клуб ихтиёрида эмас, балки Аргентинада даволаниш курсини ўтаган эди.

Изоҳлар (0)