Кутилган ва кутилмаган истеъфолар!
Ads

Суперлигада биринчи давра баҳслари ҳам якунига етди. Албатта, мавсумнинг дастлабки қисмига кўра бир қатор эътиборли ҳолатлар ёдимизда қолди. Айниқса, биринчи даврада бош мураббийларнинг истеъфолари кўпайиб кетди, десак бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Чемпионатимизда 14 та клуб иштирок этаётган бўлса, шуларнинг еттитасида бош мураббийлар ўзгартирилди. Тўғри, ҳар йили чемпионатимизда мураббийларни истеъфога чиқарилиши одат ва бундай жараён бутун дунёда мавжуд. Аслида бу қандайдир янгилик ёки сюрприз эмас ва буни шунчаки табиий ҳолат деб қабул қилишимиз керак. Буни мураббийларнинг ўзлари ҳам яхши билишади. Лекин гап шундаки, мавсумнинг энди биринчи ярми якунланганини инобатга олсак, истеъфолар кўпайиб кетди. Олдинлари бутун мавсум давомида ҳам нари борса 4-5 нафар мураббий ўзгартирилиши мумкин эди. Лекин бу сафар мураббийлар клубларимиз томонидан қўлқопдек алмаштириб юборилмоқда. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор, лекин ораларида истеъфога муносиб бўлмаганлари ҳам борлигини эслатиб ўтишимиз жоиз.

Клуб: “Сўғдиёна”

Истеъфога чиқарилди: Сергей Лушан

Сабаб: Кетма-кет учта мағлубият

Қачон келган: 2018 йил, 7 апрель

Қачон кетган: 2019 йил, 13 апрель

Ўрнига ким келди: Улуғбек Бақоев

Ҳаммаси кимдан бошланди? Сергей Лушандан. “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида ўтган мавсум ўрталаридан ишга киришган мутахассиснинг Жиззахдаги фаолияти узоққа чўзилмади. У жорий чемпионатга яхши ният ва мақсадлар билан киришганди. Шунга яраша, улар мавсумни ғалаба билан бошлашди. Илк турда Жиззахда “Бунёдкор” 2:1 ҳисобида таслим этилди. Лекин шундан сўнг “Сўғдиёна” кетма-кет учта учрашувда рақибларига ютқазиб қўйди. Шундан кейин унинг ўзи ихтиёрий равишда ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Қизиқ, унинг ишдан кетиши учун учта мағлубият етарли бўлибди, ваҳоланки, айрим жамоалар бундан ҳам кўп даражада мағлубиятларга учрашади. Эътиборлиси, Сергей Иванович “Сўғдиёна”га ўтган йилнинг 7 апрель куни расман бош мураббий этиб тайинланганди ва бу йил 13 апрелда ишдан бўшади. Демак, 371 кунлик иш фаолиятидан кейин ариза ёзди. Яна бир қизиқ жиҳати, у 9 апрель куни 46 ёшга тўлганди. Лушаннинг “Сўғдиёна” билан боғлиқ ижобий ва салбий ҳолатлари апрель ойи билан боғлиқ бўлиб қолди. Хуллас, Лушаннинг ўрнини Улуғбек Бақоев эгаллади. Шундан сўнг чиндан ҳам “Сўғдиёна”нинг ўйини ва натижалари ижобий томонга ўзгара бошлади. Демак, мураббий алмаштирилиши жиззахликларга фойда келтирди. Лекин ҳали Бақоевнинг олдида қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Ҳозирча эса Улуғбек Бақоев бошчилигида “Сўғдиёна” кетма-кет учта ўйинда ютқазгани йўқ ва бунга йўл қўймаса ҳам керак.

Сергей Лушан

Клуб: “Бухоро”

Истеъфога чиқарилди: Бахтиёр Ашурматов

Сабаб: жамоа 8 та ўйинда 6 очко жамғаргани учун

Қачон келган: 2018 йил, 26 декабрь

Қачон кетган: 2019 йил, 15 май

Ўрнига ким келди: Муҳсин Муҳаммадиев (Тожикистон)

Бахтиёр Аъзамович учун “Бухоро”даги фаолияти энди тарихга айланди. Ўтган йили ОКМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш орқали тарихдан жой олган мутахассис табиийки, Бухорога Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган амалдаги мураббий сифатида борганди. Аммо Ашурматов у ерда ўзи истаган жамоани шакллантира олмади ва катта эҳтимол билан унинг мазкур клубда ёрқин фаолият кўрсата олмаслиги ҳам кутилганди, аслида. Негаки, жамоада бир қатор муаммолар тўпланиб қолганди ва уларни ҳал қилиш учун ҳам анча вақт керак бўлди ва бу ҳол ўз-ўзидан мураббийнинг режаларига ва тайёргарлик жараёнларига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Натижа эса салбий кўриниш олаверди. Ашурматов жамоани 8 та учрашувда бош мураббий сифатида тайёрлади. Ушбу беллашувлар давомида 1 ғалаба, 3 дуранг ва 4 бор мағлубиятга учрашди. Шу боис 13-ўринга тушиб қолган “Бухоро”га янги қон керак дея Ашурматов ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Натижада у бу клубда салкам беш ойга яқин вақт давомида ишлади холос. Орада эса жамоани ёрдамчи мураббий Мирислом Ҳасанов бошқариб турди. Кейин эса тожикистонлик таниқли футбол кишиси Муҳсин Муҳаммадиев таклиф этилди. Лекин аксига олиб унинг “Бухоро”даги фаолияти омадсиз старт олди ва кетма-кет мағлубиятлар билан бошланди. Лекин биринчи давранинг сўнгги турида “Андижон”ни кичик ҳисобда енгишди ва бу билан Муҳаммадиев ўзининг биринчи ғалабасини қўлга киритди. Бундан кўриниб турибдики, жамоа ўйинида муаммолар бор ва буни Муҳаммадиев ҳам таъкидлаб ўтди. Унга вақт керак ва ёзги танаффусда иложи борича жамоа ўйинини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиши тайин. Шу боис иккинчи давра бухороликлар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ашурматов янгиси

Клуб: “Андижон”

Истеъфога чиқарилди: Элдор Сакаев

Сабаб: муваффақиятсиз иштирок

Қачон келган: 2018 йил, 14 январь

Қачон кетган: 2019 йил, 14 май

Ўрнига ким келди: Александр Хомяков (Россия)

Суперлигага қайтган “Андижон” учун ҳам мавсум яхши бошланмади. Натижада жамоа аъзолари қимматли очколарни бой берди. Тўғри, чемпионат бошида ўз майдонида ўтиши керак бўлган баҳсларни ҳам сафарда ўтказишди. Лекин жамоа ўйинида тажовузкорлик ҳамда ранг-баранглик етишмаётганди. Тан олиш керакки, Сакаев бошчилигида “Андижон” Суперлигадаги зерикарли жамоалардан бирига айланиб қолганди. Бунинг устига андижонликлар пастки ўриндан юқорига кўтарила олишмаётганди. Кейин эса Сакаев ўрнига вақтинчалик Жамшид Саидов ишни бажариб турди. Яқинда эса “Машъал”ни 10 йил давомида бошқарган россиялик Александр Хомяков билан келишувга эришишди. Ҳозирча унинг бошчилигида ғалаба, дуранг ва мағлубият ҳам бўлди. Тактик жиҳатдан тажрибали ҳисобланган Александр Андреевичга вақт керак ва унга охирига қадар ишониш лозим. Шунингдек, ёзги танаффус чоғида таркибни ҳам ўзгартириши кутиляпти. Кўпчилик эса бу сафар андижонликлар бош мураббийлик бўйича яхши танловни амалга оширишганини таъкидламоқдалар.

Илдар Сакаев

Клуб: “Қўқон-1912”

Истеъфога чиқарилди: Нўъмон Ҳасанов

Сабаб: муваффақиятсиз ўйинлар

Қачон келган: 2016 йил, 11 июнь

Қачон кетган: 2019 йил, 22 май

Ўрнига ким келди: Азиз Тўхтабоев (вақтинчалик)

2016 йилнинг иккинчи даврасидан бери жамоага бош мураббийлик қилиб келган Нўъмон Ҳасанов салкам уч йиллик фаолиятидан кейин “Қўқон-1912”ни тарк этди. Бунга эса муваффақиятсиз ўйинлар сабаб бўлди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Ҳасанов бошчилигида қўқонликлар стадион майдони янгилангани боис бу йил ўз майдонида умуман иштирок этишмади ва барча беллашувлар асосан сафарда ўтказилди. Табиийки, бундай пайтда ҳар қандай мураббийга ҳам оғир бўлиши шубҳасиз. Балки унга яна бироз вақт берилса мақсадга мувофиқ бўлармиди. Ҳеч бўлмаганда биринчи давра охирига қадар ўз ишини якунлаб қўйишига имкон берилса ҳам зарар қилмасди. Чунки ҳозиргача унинг ўрнига расман янги бош мураббий тайинлангани йўқ. Азиз Тўхтабоев эса вақтинчалик ушбу лавозимда ишлаб турибди. Лекин у ҳали жамоани мустақил равишда бошқара оладиган даражада эмас. Балки яқин орада жамоани бошқариши мумкин бўлган мураббийнинг номи маълум бўлиб қолар. Нима бўлганда ҳам “Қўқон-1912” биринчи даврада бой берилган очколар ўрнини энди иккинчи даврада имкон қадар тўлдириши талаб этилади.

Нўъмон Ҳасанов

Клуб: “Локомотив”

Истеъфога чиқарилди: Андрей Фёдоров

Сабаб: “Динамо”га бой берилган ўйин

Қачон келган: 2018 йил, 18 апрель

Қачон кетган: 2019 йил, 22 июнь

Ўрнига ким келди: Самвел Бабаян

“Локомотив”да ҳам бош мураббий ўзгариши олдиндан кутилаётганди. Ҳаммаси олдиндан тахмин қилинган режа асосида содир бўлди. Аслида “Локомотив”нинг Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмагани Фёдоровга бўлган ишончни йўқотганди. Шундан кейин унинг ўрнига Самвел Бабаяннинг тайинланиши кутилаётганди. Лекин бу ўзгариш бироз чўзилди. Натижада Андрей Фёдоровга яна бир имкон берилгандек тасаввур уйғонганди. Суперлигадаги ғалабалар унинг истеъфосини чўздириб келаётганди. Аммо биргина мағлубият туфайли ҳаммасига нуқта қўйилди. Самарқандда “Динамо”га имконият бой берилганидан кейин шу заҳоти клуб раҳбарлари уни истеъфога чиқаришиб, Самвел Бабаянни бош мураббийликка тайинлашди ва бу юқорида айтганимиздек, кутилган ўзгариш бўлиб чиқди. Табиийки, Фёдоровнинг кетишига сабаб сифатида “Динамо”дан учралган мағлубиятни келтириш аслида бироз эриш туюлиши мумкин. Аммо шу куни бошқа рақибга ютқазган тақдирда ҳам Андрей Витальевич кетиши аниқ эди. Чунки боя айтилганидек, ҳаммаси шунга қараб кетаётганди ва битта мағлубият туфайли ишдан бўшаши кутилаётганди. Ниҳоят, Бабаян яна катта саҳнага қайтди. У турли қийинчиликларни енгиб ўтганини ҳам айтиш жоиз. У бош мураббий этиб тайинлангач, журналистлар билан алоҳида матбуот анжумани ҳам ташкил этди. Одатда, бирор-бир жамоага янги бош мураббий тайинланса, унинг иштирокида матбуот анжуманлари уюштирилганига гувоҳ бўлмасдик. Лекин Бабаян бундан фарқли ўлароқ ишни журналистлар билан учрашиш орқали бошлади. Қолаверса, у “Локо”даги дебютини ҳам ғалаба билан бошлади.

Андрей Фёдоров

Клуб: “Навбаҳор”

Истеъфога чиқарилди: Андрей Канчельскис

Сабаб: кетма-кет тўртта ўйиндаги дуранг

Қачон келган: 2018 йил, 7 октябрь

Қачон кетган: 2019 йил, 22 июнь

Ўрнига ким келди: Деян Журжевич (Сербия)

“Навбаҳор”да кутилмаган ўзгаришлар кўп бўлиб туради. Россиялик таниқли шахс – Андрей Канчельскис “Навбаҳор” жамоасига ўтган йилнинг октябрь ойидан буён бош мураббийлик қилиб келаётганди. Бу йил эса жамоа олдига чемпионлик вазифаси қўйилганди. Лекин ҳақиқатга тик боқишни ҳам ўрганайлик, бугунги кунда қайси жамоа чемпионлик учун муносиб эканлигини кўрсатиб келяпти? Бу албатта “Пахтакор”. Бу клуб айни кунда чемпионатимиздаги ҳар томонлама биринчи рақамли жамоага айланди. Хўш, “Навбаҳор”да шундай хусусият борми? Албатта, бу жамоанинг қўрқмасдан чемпионлик учун курашишга қўшилгани мақтовга сазовор. Бироқ бир жиҳатни ҳам тан олиш керакки, чемпионлик учун курашаётган жамоада ҳамма ишлар шунга монанд равишда бўлиши лозим. Канчельскис олиб келиндими, унга охиригача имконият бериш мақсадга мувофиқ бўларди, бизнингча. Тўғри, чемпионлик учун курашаётган жамоанинг кетма-кет тўртта учрашувда дуранг ўйнагани якунда ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Лекин шуни ҳам унутмаслик лозимки, улар ютқазишгани ҳам йўқ. Шунингдек, россиялик мураббийнинг ишдан олиниши ҳам бизнингча бироз тушунарсиз бўлди. “Бухоро”га қарши учрашувга бир кун қолганида истеъфога чиқарилди. Унинг ишдан бўшаши аниқ бўлса, унда нега Олмалиқдаги дуранг қайд этилган ўйиндан кейиноқ истеъфога чиқаришмади? Очиғи, шу вазият тушунарсиз бўлди. Қолаверса, вазиятга реал қарасак, “Навбаҳор”нинг совринли ўринлардан жой олиши ҳам аслида катта гап. Хўш, янги келган Деян Журжевичдан қандай каромат кутишимиз мумкин? Уни “Пахтакор” ва миллий терма жамоамиздаги фаолияти орқали биламиз. Лекин шуниси аниқки, уни Наманганда осон бўлмайдиган иш фаолияти кутиб турибди. Қолаверса, натижа устивор вазифага айланган клубда ишлаш ҳам катта босимни келтириб чиқаради. Канчельскис мисолида кўрдикки, “Навбаҳор”да йўқотилган очколар кечирилмайди. Журжевич ҳам жамоага ўзининг ўйин услубини тўла-тўкис мослаштириши учун ҳам вақт керак ва ана шу мослашиш жараёнидаги пайтда қандайдир очколар йўқотилиши ҳам мумкин. Шундай экан, раҳбарият ва мухлислар бунга сабр қила олишармикин? Ҳаммасига вақт олий ҳакам.

Андрей Канчельскис

Клуб: “Сурхон”

Истеъфога чиқарилди: Андрей Микляев

Сабаб: номаълум

Қачон келган: 2019 йил, 15 февраль

Қачон кетган: 2019 йил, 26 июнь

Унинг ўрнига ким келди: Бахтиёр Ашурматов

Яқинда “Бухоро”дан кетган мураббий қисқа фурсат ичида ўзига янги жамоа топа олди. Тўғри, Ашурматов талабчан мураббий. Лекин бизни ўйлантираётган жиҳати шундаки, “Сурхон” ўз майдонида “Бунёдкор”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганидан кейин бош мураббий Андрей Микляев истеъфога чиқди. Бунинг устига термизликлар турнир жадвалида 3-ўринда эдилар. Хўш, ўзингиз бу вазиятда нимани ўйлаяпсиз? Шубҳа йўқки, Микляевнинг кетиши учун бирор-бир арзирли сабаб бўлса керак. Акс ҳолда ҳамма ишлар яхши кетаётган бир пайтда мураббийини ишдан бўшатиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Бунинг устига “Сурхон” клуби ҳам мураббий ўзгариши борасида Микляевнинг нима учун истеъфога чиқарилганлигининг аниқ сабаблари келтириб ўтилмаган. Фақат уни бошқа лавозимга ўтиши борасида хабарлар йўқ эмас. Ашурматовда эса бошқарадиган клублари сони яна биттага кўпайди. У олдинги хато ва камчиликларидан тўғри хулосалар чиқарган деб умид қиламиз. Энди 3-ўриндаги “Сурхон”ни қабул қилиб олиб, жамоадаги барқарорликни сақлаб қолар олармикин? Аксига олиб, унинг дебюти омадсиз чиқиб, Қаршида “Насаф”га ютқазишди.

Андрей Микляев_1

«Пахтакор», «Насаф», «Бунёдкор», «Динамо», «Қизилқум», «Металлург» ва ОКМК клубларида мураббийлар ўзгаргани йўқ. Аммо уларнинг орасида курсиси қимирлаб қолган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Мисол учун Миржалол Қосимовнинг ОКМКдаги ишлари яхши эмас. Яқинда ўзи ҳам истеъфога чиқишга тайёрлиги ҳақида айтганди. Лекин охирги учта учрашувда унинг жамоаси икки дуранг ва бир ғалаба қозониб, мағлубиятга учрамай келмоқда. Умуман олганда, Суперлигада ишлаётган мураббийлар орасида Рўзиқул Бердиев алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, “Насаф” бош мураббийи бир жамоада узоқ вақт ишлаб келаётган мураббий бўлиб турибди. Лекин бошқа жамоалардаги вазият бошқача. Мураббийлар қўлқопдек алмаштириляптики, бу борада клублар худди ким ўзарга ўйнашаётгандек тасаввур уйғонади...  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Dima Muratov
03/07/2019 21:12
Ruzi akani xech qayirga quyib yubormaymiz.
&
Nurilloh
03/07/2019 21:12
Качон карасангмураббий айбдор олдин фундамендни яхшилап куйиш керак яни болалар футболини кутариш керак шунда мураббий ни ищи куринади акс холда суперлигада факат пулни уйлидиган уйинчила б. Н хеч нарса килип булмайди
&
Surxon turon
03/07/2019 20:44
Сурхон ашурматди обкеб хато қилди унда мураббийлик қобилят йӯқ деб ӯйлаяпман