Ла Лига янги мавсумининг трансляция ҳуқуқини Ўзбекистондаги телеканал сотиб олди. Ўйинлар интернетда ҳам намойиш этилади
"УЗРЕПОРТ" Испания чемпионати янги мавсумининг эксклюзив трансляция ҳуқуқини харид қилди. Бу ҳақда телеканал расмий сайти хабар берди.
- Испания чемпионатидан ўрин олган футбол учрашувлари бутун дунёдаги футбол мухлислари қаторида юртимиздаги миллионлаб футбол ишқибозларининг ҳам доимо диққат-марказида туради. Дунёдаги энг кўп мухлисларга эга бўлган “Барселона” ва “Реал” каби клублар ҳам айнан Испания чемпионати — Ла Лигада иштирок этади.
Миллионлаб ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, "УЗРЕПОРТ" Испания чемпионатининг янги мавсумини ҳам Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб эксклюзив трансляция қилиш ҳуқуқини харид қилди. Мазкур эксклюзив ҳуқуқлар телевизион трансляциялардан ташқари, интернет орқали трансляция ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади.
Ла Лигада 1-тур учрашувлари 12 сентябрь куни "Эйбар" ва "Сельта" жамоалари ўртасидаги ўйин билан бошланади. Демак, 2 кундан кейин футбол мухлислари "УЗРЕПОРТ ТВ" ва "ФУТБОЛ ТВ" телеканаллари орқали Испания чемпионати ўйинларини жонли эфирда томоша қилиб, шиддатли ўйинлардан баҳра олишлари мумкин бўлади, - дейилади телеканал расмий сайтида.
Фикрлар