“Ланс” нега айнан Ҳусановни трансфер қилди?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг “Ланс” жамоаси футболчисига айланди.

Францияда журналистлар ҳам, мухлислар ҳам 19 ёшли ўзбек футболчисига қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирча, Франция футболида Ҳусановни ҳеч ким танимайди. Шунга қарамай, оммавий ахборот воситаларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам “Ланс”нинг бу трансфери кенг муҳокама қилинмоқда.

1689190279

Хусусан,  lensois.com сайти Абдуқодир ҳақида маълумот берди.

- Ҳусанов бутун дунё скаутлари кузатиб бораётган энг зўр ёш футболчилардан ҳисобланади. 19 ёш бўлишига қарамай, ўйин даражаси анча такомиллашган, жисмоний ва атлетик жиҳатдан яхши етилган, легионер сифатида ва турли ёшдаги терма жамоалардаги ўйини орқали Халқаро спорт тадқиқотлари маркази (CIES) экспертлари уни дунёнинг энг ёш ҳимоячиларидан иборат “Топ-20” рейтингига киритди.

Ҳусанов Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сафида Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва мусобақадаги олтита учрашувни илк дақиқалардан бошлаб, асосий ролларда бўлди. Яқинда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам тўртта беллашувни бошланғич таркибда ўтказди ва ўзини кўрсата олди.

Ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида уч маротаба майдонга тушиб, ўз салоҳиятини намойиш қилди.

Абдуқодир Ҳусанов айниқса, уч ҳимоячи билан ўйналадиган тактик схемага мос тушади. Унинг тана тузилиши унга тўп учун кураш, яккама-якка курашларда ғолиб чиқишида устунлик беради. Ҳавода ҳам яхши курашади.

Бўйининг баландлиги ҳаракатчанлиги ва тезкорлигига халақит бермайди. Рақиблар унинг тезлиги баланд эканини тан олишга мажбур. Ҳусанов кўп ҳолларда рақиб футболчисини қувиб етиб, ундан тўпни олиб қўяди.

“Бунёдкор” жамоаси тарбиялаган футболчи профессионал фаолиятини ўз юртидан узоқда бошлади. Истеъдодли ҳимоячимиз 2022 йилнинг март ойидан Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” жамоасида ўйнаб келмоқда.

Ҳусановнинг “Ланс”га кўчиб ўтиши Франция вице-чемпионига тажрибали ҳимоячи Кевин Дансога муносиб ўринбосарга эга бўлиш имконини беради, - деб ёзмоқда  lensois.com сайти.

Дарҳақиқат, “Ланс” жамоаси ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Абдуқодир Ҳусанов бу клубнинг ёзги трансферлар вақтидаги олтинчи хариди сифатида қайд этилди.  

Бунгача “Ланс” мутасаддилари жамоага Стейн Спирингс, Нил Ал-Айнауий, Морган Гилавоги, Энди Диуф ва Оскар Кортесни қўшиб олган эди. Энди улар қаторига Абдуқодир Ҳусанов қўшилиши кутилмоқда.

Абдуқодир Ҳусанов профессионал футболчи сифатида клублар миқёсида “Энергетик-БГУ” учун Беларусь олий лигасида жами 35 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўрттадан гол ва ассист ёздириб қўйган.

0ntm79lNX84

19 ёшли ҳимоячи “Ланс” сафида майдонга тушиши билан Франция чемпионатида иштирок этган биринчи ўзбек футболчиси сифатида ўз номини тарихга муҳрлаб қўяди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
25/07/2023 11:15
Ўзбек футболи "интервенция"сининг бошланиши омадли келсин! Омин!
Ishoq Ruziev
24/07/2023 20:05
Bizga Liga1 translatsiya kerak
&
Олға насаф
24/07/2023 19:32
Абдуқодиржонга омад тилаймиз. Унинг Францияга бориши чет элларда ҳам Ўзбек футболчиларига янада қизиқиш уйғотади.