Лаутаро Мартинес "Интер" тарихига "ёриб" кирди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

«Интер» Милан драматик ўйинда «Наполи» устидан муҳим ғалабага эришди. Бу баҳсда клуб етакчи ҳужумчиси Лаутаро Мартинес икки бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, натижага бевосита таъсир кўрсатди.

Ушбу дубль Лаутаро учун тарихий аҳамият касб этди. Унинг голлари туфайли аргентиналик ҳужумчи «Интер» таркибида Италия чемпионати – А Серияда энг кўп гол урган футболчилар умумий рўйхатида учинчи ўринга кўтарилди. Энди Мартинеснинг ҳисобида лигадaги 134 та гол бор.

Шу тариқа у узоқ йиллар давомида ушбу поғонада турган венгр ҳужумчиси Иштван Ньершни ортда қолдирди. Ньерш «Интер» сафида А Серияда 133 та гол урган эди.

Клуб тарихида Лаутародан кўпроқ гол урган фақат икки футболчи қолди. Биринчиси – афсонавий ҳужумчи Жузеппе Меацца, унинг ҳисобида 197 та гол бор. Иккинчиси эса Бенито Лоренци бўлиб, у «Интер» таркибида 138 марта рақиб дарвозабонларини мағлуб этган.

Эслатиб ўтамиз, Лаутаро Мартинес 2018 йилдан буён «Интер» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда ва шу қисқа муддат ичида клуб тарихидаги энг самарали ҳужумчилардан бирига айланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!