Легионеримиз: "Қозоғистон финалида ҳали бунақаси бўлмаган, мотивацияни ота-онамдан оламан". Кубок финалида "Ордабаси" сафидаги футболчимиз нега ўйнамаганини биласизми?

Қозоғистон чемпионати ҳам якунланди. 12 ноябрь куни мамлакат Кубоги финали бўлиб ўтди. “Акжайик” ҳамда “Ордабаси” клублари иштирокидаги учрашувда дарвозаларга нақд 9 та гол урилди. Бундай финал камдан-кам бўлади. Аввалига “Акжайик” 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Кейин “Ордабаси” ҳисобни тенглаштирди. Гол уриш навбати яна “Акжайик” клубига келди ва икки марта тўп киритди. Ҳисоб – 4:2. Аммо “Ордабаси” “синмади”.  Учрашувнинг 90+7-дақиқасида ҳисобни тенглаштирди – 4:4. Қўшимча бўлимнинг 119-дақиқасида эса “Орбадаси” футболчиси Эльхан Астанов пенальтидан гол урди ва жамоаси Кубок соҳибига айланди.

“Ордабаси”да икки нафар ҳамюртимиз – Одил Абдумажидов билан Шаҳбоз Умаров тўп суришини билсангиз керак. Шу боис легионерларимизга ҳам Кубокни қўлга киритиш насиб қилди. Аммо финалда фақат Шаҳбоз Умаров майдонга тушди. Абдумажидов эса қайдномада ҳам йўқ эди. Шу боис Sports.uz мухбири бунинг сабабини билиш учун Одилжон билан боғланди.

Финалдаги “триллер” ҳақида

- Худога шукр, Кубок соҳиби бўлиш насиб қилди, - дея гап бошлади, Абдумажидов. - Чемпионатда ҳам ёмон иштирок этмадик, мавсумни 5-ўрин билан якунладик. Кубок финалида ўйнамаганимга келадиган бўлсак, “Ордабаси”га ижара эвазига келгандим ва шартномам 10 ноябргача мўлжалланганди. Кубок финали эса 12 ноябрга тўғри келиб қолди. Бундан олдин жамоамизга янги ўйинчиларни трансфер қилиш таъқиқлаб қўйилганди. Бизда аввал ўйнаган бир-иккта футболчилардан қарздорлик мавжуд экан. Шунинг эвазига УЕФА майдонга тушишимга рухсат бермади. Биз ҳам вазият бундайлигини билмагандик. Учрашувдан икки кун олдин Астанага борганимизда билдик. Гарчи менга финалда ўйнаш насиб қилмаган бўлса-да, жамоамга ғалаба қозониш насиб қилди.

абдумажидов4

Абдумажидов ҳам стадиондамиди?

- Мен жамоам билан бирга бўлганман, учрашувни стадиондан кузатдим. Қозоғистон тарихида бунақа финал бўлмаган, шекилли. Ўйин яхши бошланди. Икки марта ҳужумга ўтганимизда, рақиб қарши ҳужумда икки марта гол уриб кетди. Биринчи тайм тугагунча битта гол уриб олдик. Иккинчи бўлим бошлангач, ҳисобни тенглаштирдик. Ҳужумкор ва очиқ футбол бўлди. Томошабоп беллашувга айланиб кетди.

абдумажидов1

Қозоғистонда ўтказган мавсум ёқдими?

- Худога шукрки, Қозоғистондаги фаолиятимни ижобий дея оламан. Яхши чемпионатни ўтказдик. У ерга борганимга афсусланганим йўқ. Ҳаммаси яхши, ажойиб ўтди, худди кўнглимдагидек кечди. Бунинг учун биринчи навбатда мени қўллаб-қувватлаб турган ота-онамга, яқинларимга раҳмат айтаман. Шунингдек, клубдаги мураббийларим ва жамоадошларимдан ҳам миннатдорман.

Футболчимизнинг кейинги тақдири нима бўлади?

- Кейинги тақдирим бўйича ҳали бир нима дея олмайман. “Ордабаси”ни ўзидан ҳам янги таклиф бўляпти. Бу менинг қўлимда эмас. Шартномам “Металлург” клуби билан тузилган. Ҳозир уйда таътилдаман. Ҳамма ишни дадамнинг маслаҳати билан қиламан. Дадам қанақа маслаҳат берган бўлса, ҳали ёмон бўлиб чиққани йўқ. Бундан кейин ҳам дадам нима деса шу бўлади. Аллоҳ насиб қилса, пешонага ёзганини кўрамиз.

абдумажидов2

Таклифлар тўғрисида

- Бу ҳақида бир нима дейишим қийин. Боя айтганимдек, амалда шартномам бор. Яна қайтараман: барчаси дадамга бориб тақалади. Ким нимани хоҳласа, ўшалар фақат дадам орқали ҳал қилишади. Мен аниқ гап айта олмайман, чунки ўзимга бирор нима айтилмайди. Чунки боя айтганимдек, ота-онам нима деса шу бўлади. Уларга доим миннатдорчилик билдираман. Ҳамма вақт мени қўллаб-қувватлаб келадилар. Худо хоҳласа, уларнинг ишончи орқали Европа майдонларида тўп суришга ваъда бераман. Ҳаётда фақат ота-онамдан мотивация оламан.

Ўзбекистон-Қозоғистон терма жамоалари иштирокидаги ўйин олдидан

- Бемалол айта оламанки, қизиқарли ўйин бўлади. Қозоғистондаги футболчиларни кўрдим, уларнинг савиялари ҳам яхши. Ўзимизникилардан қолишмайди. Терма жамоамиздагиларни ортиқча айтишни ҳожати йўқ, барчаси юқори савияли. Кимни тайёргарлиги қандай, ким қанақа формада, шунга қараб аниқ бўлади. Иккала терма жамоада ҳам кучли футболчилар бор.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!