Легионеримизнинг голи энг зўри бўлди!

Беларусь миллий чемпионати олий лигасини кузатиб бораётган мухлислар овоз бериш йўли билан 11-турнинг энг чиройли голини танлади.

Мухлисларнинг аксарияти ўзбек легионери Шаҳбоз Умаровнинг “Славия” дарвозасига урган суперголига овоз берди.

БАТЭ 11-тур учрашувини ўз майдонида “Славия”га қарши ўтказиб, 3:0 ҳисобида зафар қучганди. Беллашувнинг 42-дақиқасида Шаҳбоз ўзига нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган жарима зарбасини ижро этди. Ҳамюртимиз узоқ масофадан дарвоза тўрини аниқ нишонга олиб супергол муаллифи бўлди.

Умуман олганда, Шаҳбоз Умаров чиройли гол уриш бўйича етакчи ҳисобланади. Аввалги турларда ҳам ижро нуқтаи назаридан мукаммал зарбалар билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйганди.

22 ёшли футболчимиз шу пайтга қадар БАТЭ сафида бешта гол ва учта голли пас муаллифи бўлди. Борисовликлар 11-турдан сўнг, 26 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. БАТЭ навбатдаги учрашувини 11 июнь куни ўз майдонида “Неман”га қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!