Легионеримизнинг голи муҳим ғалабани таъминлади

Беларусь олий лигасининг  10-тур учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Жорий мавсумда чемпионлик учун курашаётган БАТЭ бу турда ўз майдонида чемпионат аутсайдери “Спутник”ни қабул қилди.

Айтиш жоизки, Беларуснинг энг қудратли клубларидан бири бўлган БАТЭ лига дебютанти қаршилигини синдиришга қийналди. Ўйиннинг еттинчи дақиқасида “Спутник” футболчиси Игорь Ясинский мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди.

Мағлубиятга учраётган борисовликлар жонига ўзбек легионери Шаҳбоз Умаров оро кирди. 31-дақиқада белгиланган пенальтини аниқ бажарган ҳамюртимиз, вазиятни тенглаштирди. Орадан олти дақиқа ўтиб, БАТЭнинг хорватиялик футболчиси Яков Филипович ғалаба тўпини киритди.

Таъкидлаш жоизки, “Спутник”га қарши 70 дақиқа ўйнаган Шаҳбоз Умаров мазкур турда мавсумдаги тўртинчи голини урди. Бунгача, легионеримиз “Слуцк” дарвозасини бир марта ишғол қилган бўлса, “Гомель” билан ўйинда дубль қайд этганди.

Шу тариқа, очколари сони 23 тага етказиб олган БАТЭ мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Олий лигада кетма-кет тўққизта учрашувда зафар қучган амалдаги чемпион “Шахтёр” яккапешқадам бўлиб турибди. Шаҳзод Убайдуллаев жамоаси бугун марказий учрашувда учинчи ўринда бораётган “Динамо-Минск” билан тўқнаш келади.

Бундан ташқари, БАТЭ 23 май куни Беларусь кубоги финалида “Ислочь” билан куч синашади. Ҳал қилувчи баҳсга Гомель шаҳри мезбонлик қилади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!