Левандовски бу жамоада ўйнаш учун пулдан ҳам воз кечади
“Барселона”нинг 37 ёшли ҳужумчиси Роберт Левандовскининг клуб билан амалдаги шартномаси шу мавсум охирида якунланади. Томонларда ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқи бор.
Польшалик футболчи жамоада қолиш учун ана шу имкониятни ишга солмоқчи. Левандовски янги битим олиш учун маошининг катта қисмидан воз кечишга тайёр.
Бу ҳақда Cadena Ser хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, Каталония клуби раҳбарияти жамоада энг катта маош олаётган Левандовски билан шартномани ҳозирги шартлар асосида узайтирмайди. Чунки ёши ўтиб қолаётган юлдузнинг айни пайтдаги йиллик маоши 33,3 миллион еврони ташкил қилади.
Левандовски 2022 йил ёзидан бери “Барселона” сафида тўп суриб келмоқда. Шу давр ичида у барча мусобақаларда 164 та ўйинда иштирок этиб, 109 та гол ва 22 та голли узатма муаллифи бўлди.



Фикрлар