Левандовски Месси ва Роналдунинг ортидан кетяпти
Европа Чемпионлар лигаси умумий босқич тўртинчи турида Роберт Левандовски “Барселона”нинг Сербиядаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Польшалик 36 ёшли ҳужумчи “Црвена Звезда” дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, жамоасининг 5:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бу икки аниқ зарба Левандовски учун Чемпионлар лигасидаги 98 ва 99-голлар сифатида қайд этилди ва тажрибали футболчи мусобақа тўпурарларининг умумий рўйхатида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Левандовскига бу кўрсаткичга эришиш учун 124 та учрашув керак бўлди.
Роберт Криштиану Роналду ва Лионель Мессидан кейин қитъанинг энг нуфузли мусобақасида гол уриш бўйича юзлик довондан ўтишга яқин турибди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Европадан узоқда тўп тераётган Криштиану Роналду Чемпионлар лигасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади ва у 187 та беллашувда ўз ҳисобига 141 та гол ёздириб қўйган. Лионель Месси эса, бу мусобақада 163 маротаба майдонга тушиб, 129 та тўп киритган.
Фикрлар