"Ливерпуль" Виржил ван Дейкдан воз кечишга тайёр
Англиянинг машҳур клуби «Ливерпуль» жамоа сардори Виржил ван Дейкнинг эҳтимолий кетишига тайёргарлик кўра бошлагани хабар қилинмоқда, дея ёзади TeamTalk нашри.
Нидерландия терма жамоасининг 35 ёшли марказий ҳимоячисининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Клуб раҳбарияти ҳозирча унинг кейинги тақдири бўйича якуний қарор қабул қилмаган. Ван Дейкнинг келажаги 2026/27 йилги мавсумдаги ўйинлари ва жисмоний ҳолатига қараб баҳоланиши айтилмоқда. Янги шартнома масаласи эса кампания якунига яқин кўриб чиқилиши мумкин.
Матбуотдаги маълумотларга кўра, ван Дейкнинг эҳтимолий ўрнини босиши мумкин бўлган номзодлар сифатида ёш марказий ҳимоячилар Жереми Жаке ва Жованни Леони тилга олинмоқда. Жаке клуб томонидан узоқ муддатли лойиҳа сифатида олингани, Леони эса келажакда асосий таркиб футболчисига айланиши кутилаётgani таъкидланади.
«Виржил ван Дейкнинг узоқ муддатли келажаги бўйича ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Бироқ «Ливерпуль» сўнгги бир неча мавсумда имзо чеккан ёш футболчилар орқали ундан кейинги ҳаётга тайёргарлик кўрмоқда. Клубга Жереми Жаке ва Леони келди — «Ливерпуль» жамоа ичида ривожланиши мумкин бўлган футболчилар билан келажакни қуришга уриняпти», — дея таъкидлаган журналист Пит О’Рурк.
Шу билан бирга, манбага кўра, мерсисайдликлар сардор билан тезда хайрлашиш ниятида эмас: «Ван Дейк майдонда фойда келтираётган экан, у жамоанинг ўта муҳим қисми бўлиб қолаверади. У клуб сардори, шу боис ҳеч ким унга шошма-шошарлик билан чиқиш эшигини кўрсатмайди. Бироқ унсиз келажакка оид режа аллақачон мавжуд ва энди бу ёш футболчилар олдинга қадам қўйишига тўғри келади», — дейилади хабарда.
Ван Дейк 2018 йил январидан бери «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У жамоа билан бирга Англия чемпиони бўлган, шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган.

Фикрлар