"Локомотив"га қарши жанговар ўйин кўрсатамиз" - "Турон" Суперлигага чиқа олмаса, Бахтиёр Ашурматов кетадими? Мураббий қандай жавоб берди?
“Турон” клуби про лиганинг охирги турида Суперлига чиқиб улгурган “Андижон”ни қабул қилиб йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо “Турон” плей-оффга қолиб кетди. Чунки “Бухоро” Урганчда “Хоразм” билан дуранг ўйнагани учун 2-ўринни қўлга киритди. “Турон” энди 25 ноябрь куни ўз майдонида плей-офф доирасида Суперлига вакили “Локомотив” билан ўйнади. “Турон” устози Бахтиёр Ашурматов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Аввало, “Андижон” билан “Бухоро” жамоасини тўғридан-тўғри Суперлига йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклайман. Афсуски, биз тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга кирита олмадик. Лекин Худодан “Андижон” билан “Бухоро”нинг йўлини бизга ҳам беришини сўраб қоламиз. Бунинг учун охиригача курашамиз. 25 ноябрь куни бизни финал ўйини кутиб турибди, десак бўлади. Рақиб жиддий. Аммо йигитларимиз охирги учрашувларда жанговарлик ва жисмоний томондан яхши ҳолатда, кўз тегмасин. Қизиқарли учрашув бўлади ва унда ғалаба қозониш учун бор кучимиз билан ўйнаймиз. Бугунги учрашувга тўхталсак, “Андижон” ўз олдига қўйилган мақсадига эришиб бўлганди. Таркибида айрим ўйинчилари йўқ эди. Шунга қарамасдан жамоамиз катта ҳажмдаги ишни бажарди. Ҳаққоний ғалабани қўлга киритдик. Тўғри, бу ғалаба “Бухоро”нинг “Хоразм” билан дуранг ўйнагани учун бизга бироз татимай турган бўлиши мумкин. Лекин шунақанги ҳаракат қилсак, футболчилардан умидимиз ва ишончимиз бор. Охирги пайтларда улар йўқотилган ишончни ўзларига қайтаришди. Мухлисларнинг ҳам ишончи ортди. Мавсумнинг охирги ўйинида ҳам ишқибозларимиз бизни қўллаб-қувватлаб туришади. Уларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз. Учрашувдаги устунлик асосан биз томонда бўлди. “Андижон” ҳимоявий ўйин намойиш қилди. Рақиб сафидаги бўйдор футболчилари – Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Горон Милочко, Шаҳбоз Эркинов каби ўйинчилари бўлмаганлиги сабабли ўзларининг устун томонларидан маҳрум бўлишди. “Андижон” асосан стандартларга, кучга таянган футбол намойиш қилади. Шунинг учун бугун нисбатан бошқачароқ футбол намойиш қилишга мажбур бўлишди. Бу эса бизга устунлик берди.
- Ўтиш ўйинидаги рақиб – “Локомотив”нинг ўйинини ўрганиб боряпсизми? Жамоанинг шундай тактикада ўйнашига имконияти етадими?
- Қизиқ савол. “Локомотив” таркибида яхши савиядаги футболчилар бор. Юқори прессинга асосланган футбол ўйнасак ва рақибни дарвозамиздан узоқроқда тўхтатишга ҳаракат қилсак, улар индивидуал кучли футболчилари ҳисобига бундай таъқибдан чиқиб кетишлари ва дарвозамиз олдида хавфли вазиятлар яратилиши мумкин. Ҳали бу ўйинга яна бироз вақтимиз бор, яна ўйлаб кўрамиз. “Локомотив”нинг ўйинларини кўрганман. Барибир чемпионатимиздаги охирги учрашувга умид қилиб тургандик. Мана, энди “Локомотив” билан баҳсга тайёргарлик кўрамиз. Ҳужумкор ёки ҳимоявий футбол кўрсатишимизни ўйинга яқин ҳал қиламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам битта нарсани аниқ айтишим мумкинки, жанговор футбол кўрсатамиз.
- Ўйиндан олднин “Андижон” таркибида жиддий йўқотишлар бор эди. Деярли асосий таркибнинг ярмидан кўпи ўйнай олмади. Ҳужумчи Богдан Милич эса ҳимояда ўйнади. Рақиб сафидаги бундай ўзгаришлар сиз учун сюрприз бўлмадими?
- Йўқ, сюрприз бўлмади. Бубанья уйга кетганини, Маматказинда 4 та сариқ карточка борлигини билардик. Ғуломов учрашувдан олдин нима сабабдан асосий таркибдан четга чиқиб қолганини билмадим. Эркиновда жароҳат бор эди. Хуллас, рақиб ҳақидаги ахборотлар бизда бор эди. Рақибнинг ўйини сюрприз бўлгани йўқ. Ўйлайманки, Виктор Балютович ҳимоядаги муаммолар сабабли Милични ҳимояга қўйди. Бу қайсидир маънода бизга янгилик бўлган бўлиши мумкин. Лекин Милични ҳимояда ўйнагани бизни ҳимоячиларга нисбатан осонроқ бўлди. Чунки у ҳужумда ўйнаса Зафар Полвонов билан ҳаводаги якка курашларда кўп устунликка эга бўлиши мумкин эди. Натижада ҳимоячиларимизга муаммо туғдирарди. Бугунги учрашувда барибир Богданнинг ҳимоячи эмаслиги қайсидир вазиятларда билиниб турди. Биз нима бўлганда ҳам “Бухоро” қандай ўйнашидан қатъий назар ўз ўйинимизда ютишимиз керак эди. Жамоамизга тўғридан-тўғри Суперлигага чиқиш насиб қилмаган экан. Ҳали умидни йўқотмаймиз. Барибир плей-офф орқали бўлса ҳам Суперлигага чиқиш вазифасини бажарамиз, деб умид қиламан.
- “Турон”даги кейинги тақдирингиз жамоани Суперлигага чиқиш-чиқмаслигига боғлиқми? Ёки қандай натижа бўлмасин келаси йили ҳам клубда ишлайсизми?
- Буни мавсум тугаганидан кейин раҳбарлар билан гаплашиб, бир тўхтамга келамиз. Ҳозир аниқ фикр билдира олмайман. Фирку-ҳаёлимиз Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш. Барибир бу футболчиларни кўпини ва жамоани ҳам яхши билардим. Йигитларни яқиндан ўрганиб чиқсангиз аста-секин ўзгариш бўлади. Футболчиларни имкониятларини ўрганиб чиққунимизга ҳам маълум вақт кетиб қолди. Энди ўйинчиларимизнинг имкониятларини яхшилаб билиб олдик. Ўйлайманки, охирги учрашувларда бу ўз самарасини беряпти. Ўз ишимизни муносиб бажаришимиз керак. Мухлисларимиз ва раҳбарларнинг ишончини оқлаш учун виждонан ишлашимиз керак. Қолганини раҳбарлар ҳал қилишади. Айни пайтдаги эътиборимиз “Локомотив” билан ўйинга қаратилган.
Фикрлар