"Манчестер Сити" мақсадига етолмади
Зўр ўйинчини олиш осон бўлмайди
«Манчестер Сити» ярим ҳимоячи Адам Уортон бўйича «Кристал Пэлас» клубига расмий сўров йўллади, бироқ лондонликлар дарҳол рад жавобини берди. «Кристал Пэлас» 22 ёшли англиялик футболчини камида шу ёзда сотиш нияти йўқлиги маълум қилинди, дея хабар бермоқда The Athletic нашри.
Адам Уортон «Манчестер Сити» учун ярим ҳимояни кучайтириш режасидаги асосий номзодлардан бири ҳисобланади. Клуб Родри, Бернарду Силва ва Тиджани Рейндерс кетганидан сўнг ўрта чизиқни қайта шакллантиришга мажбур бўлди. Манчестер жамоаси аллақачон «Ноттингем Форест» таркибидан Эллиотт Андерсонни ўз сафига қўшиб олди. Шунингдек, «Челси» ярим ҳимоячиси Энцо Фернандесга ҳам жиддий қизиқиш билдирилган эди.
Уортон 2024 йил қишки трансфер ойнасида «Блэкберн Роверс» клубидан «Кристал Пэлас»га ўтган. Унинг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи барча мусобақалар доирасида 53 ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 7 та голли узатма амалга оширди. «Кристал Пэлас» Премьер-лигада 15-ўринни эгаллади, шу билан бирга Конференциялар лигасида ғолибликни қўлга киритди.
Англия терма жамоаси сафида Уортон тўртта ўйин ўтказган. Шунга қарамай, у Томас Тухел бошқарувидаги терма жамоанинг 2026 йилги жаҳон чемпионати учун якуний рўйхатига киритилмади.

Изоҳлар (0)