Мақсад чемпионлик, камида кучли учлик ёхуд "Андижон"нинг таништирув маросими катта тантанага айланиб кетди
Ҳамманинг хабари бор, бу йил “Андижон” янги қиёфа, янги мақсадлар сари олдинга дадил қадам ташламоқда. Шу мақсадда таркиб тубдан кучайтирилди ва Самвел Бабаян бошчилигидаги “Бургутлар” жангга тўлиқ тайёр.
Андижон халқи, ашаддий мухлислар эса севимли жамоасини ва унинг ўйинларини соғинишган. Шу мақсадда “Мавсум-2026” олдидан янгиланган жамоанинг тақдимот маросими ўтказилди.
Муҳташам “Универсал” спорт мажмуасида ташкил этилган ушбу тадбир том маънода бу йилги чемпионат олдидан “Андижон”нинг илк ўйини арафасида рамзий очилиш маросимига ҳам айланиб кетди. Ишқибозлар суюкли жамоасини шу қадар соғинганки, спорт мажмуаси “Андижон”ни соғинган мухлислар билан тўлиб тошди.
Унда шахсан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Тадбир жуда кўтаринки, байрамона ва албатта шодиёна тарзда ўтди. Бошидан то охирига қадар мухлислар тиним билишмади - “Ультрас Бургут” “ёндирди”.
Шунингдек, маросимда меҳмонлар ҳам таклиф этилган бўлиб, таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов, қолаверса, Туркиянинг етакчи клубларидан саналган “Бешиктош” жамоаси қурултойи кенгаши аъзоси Гокҳан Сарибайир ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этдилар.
Сўзга чиққан вилоят ҳокими бу йил футбол йили бўлишини, жамоага жуда катта эътибор қаратилаётгани, барча шарт-шароитлар бекамаку-кўст яратилаётганини айтиб, бош мураббий Самвел Бабаян бошчилигидаги клубга юқори даражада ишонч билдираётганини айтди ва шу билан бирга мақсад чемпионлик, камида учинчи ўриндан пастга тушмасликни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хайрулла Ҳамидов ҳам худди вилоят ҳокими каби доимгидек, ўзининг ўткир, юракка етиб борадиган сўзларни айтиб, жамоани ҳам, мухлисларни ҳам янада руҳлантириб юборди.
Бош мураббий Самвел Бабаян ҳам ўз навбатида бундай эътибор, қўллаб-қувватлов учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирди. “Андижон” мухлисларига ҳам алоҳида тўхталар экан, уларни нафақат Ўзбекистон ёки Осиёда, балки жаҳон даражасида биринчи рақамли эканлигини айтган ҳолда жамоа ҳам шунга мос бўлишини ва бунинг учун бор куч ва имкониятлар ишга солинишини айтди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич жамоага янги келган 17 нафар ўйинчига ўз футболкаларини тантанали равишда топширди.
Дарвзбонлар:
Раҳимжон Давронов 35
Неъматуллоҳ Рустамжонов 21
Ҳимоячилар:
Игорь Голбан 4
Иброҳим Йўлдошев 3
Неманья Чаласан 15
Ислом Тўхтахўжаев 20
Одил Абдумажидов 2
Маҳмуд Махамаджонов 77
Ярим ҳимоячилар:
Имеда Ашортиа 9
Жамшид Болтабоев 8
Александр Андроникашвили 6
Хумоюнмирзо Иминов 11
Сайфиддин Содиқов 19
Азизбек Турғунбоев 17
Ҳужумчилар:
Драган Черан 10
Пўлатхўжа Холдорхонов 7
Мартин Боаке 27
Шу билан бирга “Андижон” клуби бош директори Зиёдбек Машрапов вилоят ҳокимига "Андижон"нинг либосини эсдалик совға сифатида топширди.
Футболчилар номидан саҳнага Драган Черан, Ислом Тўхтахўжаев Азизбек Турғунбоев таклиф этилдилар. Ўз навбатида улар ҳаммасини майдонда исботлашларини, жамоанинг олдига қўйилган мақсадни бажариш учун бор куч-ғайратларини ишга солиб, раҳбарият ҳамда мухлисларни қувонтиришларини айтиб ўтдилар.
Тадбир якунида фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев ўзининг қалбидаги сўзлари орқали яна барчани “уйғотди”, мотивация берди. Шуҳратбек Қўшоқбоевичга жамоани кучайтиришда бош-қош бўлгани учун алоҳида миннатдорлигини изҳор қилди. ва шунингдек, у ҳар доим фақат биринчи бўлишни исташини, иккинчи ўрин ярашмаслигини айтиб, жамоани ҳам шунга мос бўлишга ундади. Шунга монанд жамоани фақат ва фақат қўллаб-қувватлаб, биргаликда ғалабаларни нишонлашга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.
Фикрлар