Мареска “Сити”га собиқ шогирдини чақиряпти
“Манчестер Сити” бош мураббийи Энцо Мареска собиқ жамоаси “Челси” ҳужумкор футболчиси Педру Нетуни ёзги трансфер ойнаси учун асосий номзодлар рўйхатига қўшди.
Айни пайтда “шаҳарликлар” бразилиялик легионер Савиони “Тоттенхэм”га сотиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу эса жамоани янги вингер харид қилишга ундамоқда.
Бундан аввал “Сити” «ПСЖ» футболчиси Ибраим Мбайе ҳамда “РБ Лейпциг” аъзоси Ян Диомандега қизиқиш билдирган эди. Daily Mail маълумотига кўра, энди Педру Нету ҳам клубнинг эҳтимолий трансфер мақсадларидан бирига айланган.
“Манчестер Сити”нинг янги бош мураббийи Энцо Мареска Нетуни “Челси”даги фаолияти давридан яхши танийди. Ўша вақтда улар ўртасида ишончли муносабатлар шаклланган. Шунингдек, Педру “Вулверхэмптон”дан икки йил аввал 54 миллион фунт стерлинг эвазига “Челси”га ўтишидан олдин ҳам “шаҳарликлар” уни кузатиб борган.
“Челси” таркибида вингерлар етарлича. Бундан ташқари, Лондон клуби “Байер” футболчиси Керим Алайбеговични ҳам кузатмоқда. Шу боис 26 ёшли португалиялик футболчи муносиб таклиф тушса, трансферга қўйилиши мумкин.

Фикрлар