Марко Асенсиога устозлик қилган мутахассис SPORTS.UZ мухбирига: "Чемпионатингизга жуда қизиқиб қолдим, Ўзбекистонда ишлаш учун очиқман"
Яқинда юртимизда ўтказилган U20 Осиё чемпионатида Уммон терма жамоаси ҳам иштирок этди. Лекин уларда гуруҳда қолиб кетди. Эътиборлиси, ушбу терма жамоани испаниялик тажрибали мутахассис Давид Гордо бошқариб бормоқда. 53 ёшли мутахассис айниқса ёшлар билан ишлашда катта тажрибага эга. У нафақат Уммон U20, балки U17 ва U19 терма жамоаларига ҳам ўзи бошчилик қилади.
Тўлиқ исм-фамилияси Хуан Давид Гордо Мансилья бўлган бу мураббий Испаниянинг ҳам бир қатор ёш тоифасидаги терма жамоаларини бошқарган. Яқинда Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев испаниялик мураббий билан алоқага чиқди.
- Ўзбекистон ўзи мезбонлик қилиган U20 Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Сиз терма жамоамизнинг муваффақиятини кутганмидингиз?
- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўйинларини кўрганимда ва мусобақадан олдин улар билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушганимиздан сўнг шу фикрга амин бўлгандимки, Ўзбекистон ушбу мусобақанинг фаворитларидан бири!
- Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Жаҳон чемпионатида энг кучли жамоалар иштирок этади ва Ўзбекистон гуруҳ босқичидан чиқиши учун бор имкониятини ишга солишига тўғри келади. Агар муваффақиятга эришадиган бўлса, плей-офф баҳсларида узоқроққа бориш имконияти бор. Ўзбекистон ҳар қандай жамоага қарши яхши ўйин кўрсатиши мумкин. Жамоа ҳеч қандай ҳавотирсиз ўйнаши керак ва ўз кучига ҳамда имкониятларига ишониши лозим.
- Терма жамоамиз сафида кўпроқ қайси футболчиларнинг ўйини сизга кўпроқ ёқди?
- Мен алоҳида футболчиларни ажратиб кўрсатишни ёқтирмайман. Буни самарадорликка қарши иш деб ҳисоблайман. Футбол жамоавий спорт тури ҳисобланади. Жамоалар чемпионатларни ютишади. Лекин тан олиш керакки, Ўзбекистонда бир қатор ўта иқтидорли ўйинчилар бор. Уларни келажакда ёрқин карьера кутиб турибди, деса бўлади.
- Финални кўрдингизми?
- Ҳа, финални томоша қилдим. Ўзбекистон шунчаки ғолиблигини кўрсатиб қўйди.
- Уммон терма жамоаси Осиё чемпионатида гуруҳда қолиб кетди. Вазифа қандай эди ва жамоага нима етишмади, деб ўйлайсиз?
- Уммон футболчилари учун бу биринчи катта савиядаги мусобақа эди. Бироқ Осиё чемпионатини Жанубий Кореяга қарши омадсиз ўйин билан бошладик. Ушбу мағлубиятга ўз хатоларимиз сабаб бўлди. Тожикистонга қарши учрашувда бизда бир қатор ажойиб имкониятлар бўлса-да, тўғриси, ўйинни ўз томонимизга оғдириб олишда қийналдик. Ҳал қилувчи вазиятларда хато қарорларни қабул қилдик. Қолаверса, омад етишмади. Бу каби факторлар сизни ғалаба қозониш имкониятингизни пасайтириб юборади.
- Мураббийлик фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Мен жуда бахтли инсонман. Кастильяда “Реал” Мадрид ёшлар жамоасида ишлаганман. “Леганес” ва “Алькоркон”да бош мураббийлик қилганман. Испаниянинг турли ёшдаги ёшлар терма жамоаларида 8 йил мураббийлик фаолиятини олиб бордим. Ҳозирда Уммон ёшлар терма жамоасини бошқаряпман. Айтиб ўтишим керакки, ушбу фаолиятим давомида ҳам клуб, ҳам миллий терма жамоалар миқёсида титуллар қўлга киритишга муваффақ бўлганман.
- Ҳозирда Уммон U20 термасини бошқаряпсиз. Унгача турли ёшдаги жамоаларга ҳам устозлик қилдингиз. Босқичма-босқич кўтарилаётганингизни ҳисобга олсак, эндиги навбат миллий терма жамоа бош мураббийлигими?
- Уммонда U20 терма жамоасига жавобгар мураббийман. Мени мақсадим футболчиларнинг фаолиятини янада яхшилашга ёрдам бериш, ҳар бир машғулот, ҳар бир ўйиндан кейин уларнинг ўйинини яхшироқ даражага олиб чиқиш. Келгуси иш ўрним қаер бўлиши бу фақатгина менга боғлиқ бўлган нарса эмас. Мен ўсиш ва ривожланишга хизмат қиладиган ҳар қандай лойиҳаларга очиқман. Бор амбицияларимни ишга солиб меҳнат қилишга тайёрман.
- Шунингдек, Испаниянинг турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларида ҳам мураббийлик ишини олиб боргансиз. Айтинг-чи, ҳозирги машҳур футболчиларнинг қайсиларига устозлик қилгансиз?
- Мен жуда ҳам бахтли инсонман. Чунки кўплаб ажойиб футболчилар билан ишладим. Педри, Ферран Торрес, Дани Себальос, Родри, Марко Асенсио, Нико Уильямс, Йереми Пино, Дани Ольмо, Алехандро Бальде, Вальехо, Фабиан Оярсабаль Микел Мерино каби кўплаб Испаниянинг иқтидорли футболчиларига мураббийлик қилганман. Айнан уларнинг ёшлар жамоаларидаги ўйинларида устозлик қилиб, фаолият олиб борганман.
- Ўзбек футболи ҳақида бунгача нималарни билардингиз?
- Мен ўзбек футболини бир мунча вақтдан бери ва айниқса, яқиндан кузатиб келаман. Чунки бу ерда бир қатор испаниялик мураббийлар ишлашганидан хабарим бор. Чемпионатингизга жуда ҳам қизиқиб қолганман. Биламанки, Ўзбекистон чемпионати қизиқарли. Анча-мунча савияли футболчиларни жамлаган Осиёнинг етакчи биринчиликларидан бири.
- Агар имкони туғилса, юртимизда мураббийлик фаолиятингизни олиб борган бўлармидингиз?
- Қачонки, мен ўзига хос мақсадларга тўла лойиҳани кўришим билан ва уларнинг ўсишга ҳаракат қилаётганини ҳис қилсам, бундай истиқболли режани бажариш учун албатта бораман. Ўзбекистонда ишлаш учун жуда очиқман. Осиё чемпионати мобайнида бу давлатда бўлиб, ниҳоятда меҳрим тушиб қолди. Ўзбекистон ҳар томонлама менга ёқди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар