“Машъал” клуби қаторасига олтита ўйинда мағлубиятга учради. Кеча ўз майдонида “Қўқон-1912”га ютқазиб қўйганидан кейин муборакликлар устози Дилявер Ваниев истеъфога чиқишга тайёрлиги ҳақида айтди.

Шундан кейин “Машъал”га бошқа мутахассис келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Аммо клуб ҳали Ваниевнинг истеъфога чиққанини тасдиқлагани йўқ. Клуб раҳбари Илҳом Қурбонов эса sports.uz учун мазкур масала бўйича ўз муносабатини билдириб, вазиятга ойдинлик киритди.

Ваниев масаласи ҳақида

-  Дилявер Ваниевга икки кунга дам бердик. Шундан сўнг, у билан яна бир бор ҳаммасини бафуржа гаплашиб оламиз ва ишини давом эттираверади. Биз мураббийга яна имконият берамиз. Балки янги мураббий келгунга қадар ўз вазифасида ишлаб тураверади. Ҳозирча вазият шундай.

курбонов2

Янги мураббий келиши мумкинми?

-  Янги мураббий қачон келади? Буни кўрамиз, ким келади, қачон келади, ҳаммасини вақт кўрсатади. Шунчаки, жамоамиз бироз тушкунликка тушиб қолган. Ўйин бўйича ҳали ҳеч кимга ютқазганимиз йўқ. Мураббийнинг иши қандай баҳоланади? Агар ўйин бўйича ютқазса, бунинг ичида ҳужум бўлмаса, имкониятлар яратилмаса ва яхши ўйин бўлмаса, бу мураббийнинг айби бўлади. Лекин вазиятлар яратилаётган ва жамоанинг ўйин суръати бўлса, бу бошқа гап. Фақат жамоаларда омадсизлик пайтлар бўлиб туради. Бу нормаль ҳолат. Шунинг учун айтмоқчиманки, мураббийлар штабини ёмон ишлаяпти деб ўйламайман. Шунчаки, қаердадир омадимиз келмаяпти. Лекин ўша омадни топишга, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Қани, Ваниев икки кун дам олиб келсин-чи, кейин ўзи билан гаплашиб, яна ишни бошлаймиз.

машъал_4

“Машъал”да қандай муаммолар бор?

-  Муаммолар ҳамма клубда бор. Буни баҳона қилиб бўлмайди. Биз ҳамиша ишлаяпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Балки қаердадир кичик муаммолар салбий таъсир ўтказаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин ҳозир айтганимдек, булар ҳеч қанақа баҳона ўрнида ўтмайди. Ҳамма шундай ҳолатда. Биз ҳеч нимага қарамасдан танлаган йўлимизда ишлашда давом этаверамиз.

Ваниевга билдирилаётган ишонч тўғрисида

-  Рости, биз ҳали ҳеч ким билан музокара олиб борганимиз йўқ. Ваниев ишини давом эттиради. Ўзбек футболида ўз ўрнига эга, ҳар бир клубда ҳам пасайишлар бўлиб туради. Унинг ўрнига бошқасини қидираётганимиз йўқ. Фақат бу йил янги таркиб тузилди. Ўтган йилги таркибдан 3-4 футболчи қолган. Бирданига янги ўйинчиларнинг майдонга тушиб натижа кўрсатиши қийин. Агар асосан тажрибали ўйинчиларни олиб келганимизда, тўғри унда қандайдир натижа кутсак бўларди. Бу йилги таркибимиздаги 80 фоиз ўйинчиларимиз эса Суперлигада биринчи марта ўйнашяпти. Уларга ҳам озгина вақт керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, дейлик жамоа нотўғри ишлаётган бўлса, бирорта ўйинчи ўзбек футболига керак бўлмаслиги лозим. Лекин бизнинг ўйинчиларимизга талаб бор-ку, демак, тўғри йўлда ишлаяпмиз. Агар биз рози бўладиган бўлсак, эртагаёқ жамоамиздаги ярмидан кўп ўйинчиларни олиб кетишга тайёр, бошқа жамоалар. Гарчи Суперлигада ўйнашмаган бўлса ҳам таклифлар бор. Футболчиларимизнинг савияси ўсиб боряпти, улар керак.

ваниев_1

Ҳеч бўлмаганда мураббийлар штабига янги мутахассис олиб келинадими?

-  Бундай истагимиз бор, йўқ эмас. Тан оламан, бу ниятимиз бор. Ҳозир шу масала бўйича ўйлаяпмиз. Ёрдамчи ёки маслаҳатчи мураббий лавозими учун музокаралар энди бошланяпти. Номзодлар билан бир-икки марта телефонлашдик. Фақат уларнинг кимлиги ҳозирча сир. Номзодлар ўзимиздан ҳам, хориждан ҳам бор. Жамоага янгилик олиб кира оладиган мураббий хоҳлаяпмиз. Лекин ҳоирча бу лойиҳамиз энди бошланяпти. Бунга бироз вақт керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)