"Машъал" билан "Қизилқум" энди енгил тин олмоқда, чунки...

“Пахтакор” кутилганидек муддатидан олдин яна чемпионликни расмийлаштирди. Шу тариқа, “шерлар” олдига қўйилган дастлабки вазифани уддалади. Олдинда эса уларни Кубок йўлидаги яна бир мақсад кутиб турибди. Бироқ ҳали чемпионат тугамаганлиги боис, воқеалар ривожидан олдинлаб кетмоқчи эмасмиз. Ахир ҳали Суперлигада бошқа ўринлар учун кураш кескин тус олган ва эътиборимизни шунга қаратсак адолатдан бўлади.

Турнир жадвали – бу клубларнинг юзини акс эттириб берадиган ойна кабидир. Унга қараган чоғимизда ташвишли ҳолатдаги жамоалар бисёр эканлигига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Чемпионат поёнига етишига иккита тур қолди ва бўлажак учрашувлар анча-мунча клубларнинг вазифасини қанчалик бажара олишини белгилаб беради. Масалан, иккинчи ва учинчи ўринлар учун кураш, шунингдек, Суперлигада қолиш илинжида тер тўкаётган жамоалар учун ҳам ҳаёт-мамот каби катта таъсирга эга бўлиб турибди. Шундай пайтда хаёлимизга бир фикр келди: қизиқ, жорий мавсумнинг шу ҳолатига қадар “Пахтакор”дан ташқари яна қайси клуб ўз олдига қўйилган вазифани муддатидан аввал бажариб бўлди? Тўғриси, бу саволни ўтган турда ўзимизга-ўзимиз бергандик, бироқ жавоби мавҳум эди. 24-турдан кейин эса вазият бироз ўзгарди. Гап шундаки, “Пахтакор”дан кейин “Машъал” билан “Қизилқум” клублари ҳам ўз олдига қўйилган вазифани муддатидан аввал бажарганлари маълум бўлди. Нега дейсизми? Буни албатта, батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, “Машъал” клубидан бошласак. Биласиз-а, муборакликлар ўтган йили про-лигада пешқадамликни ўзида сақлади ва бу йил илк бор Суперлигада иштирок этди. Гарчи илгари элитада кўп бор қатнашганига қарамай, олий лига номи Суперлигага ўзгартирилгач, “Машъал” биринчи марта унда қатнашди. Шу боис хоҳласак-хоҳламасак дебютант мақомини ўзида сақлаши тайин эди. Бундай клублар эса одатда кучлилар орасида жон сақлаб қолишни асосий вазифа қилиб қўяди. “Машъал” ҳам бундан мустасно эмасди. Таркибига қаранг, катта қисми маҳаллий ёшлардан ташкил топган. Фақат уларнинг қаторига бир қатор легионерларни қўшиб қўйишди. Бу эса жамоани яққол аутсайдерликдан муҳофаза қилиш учун ҳам керак эди.

машъал_6

Ўз навбатида, раҳбарият ҳамда мураббийлар штаби ҳам “Машъал”ни сақлаб қолиш асосий вазифа эканлигини таъкидлаб келдилар. Бу эса табиий ҳолат эди. Тўғри, мавсум давомида бу клуб бир бош баланд сакрашни ҳам хоҳлагандек кўринди ва мусобақа жадвалида юқори ўринларга кўтарилган пайтлари ҳам бўлди. Айниқса, сафарда жиддий рақиблар устидан қозонилган муҳим ғалабалар бошқаларни “Машъал”га ҳурмат билан ёндашишга мажбур этди. Лекин футболда барқарорлик ўта муҳим. Жамоага эса шу нарса етишмади.

Бунга клубдаги молиявий қийинчиликлар ҳам жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмади. Маблағ танқислиги эса ўз навбатида натижаларда ҳам билина бошлади. Оқибатда, муборакликлар аста-секин қуйи поғоналарга яқинлашиб қолганди. Фақатгина бунга қадар тўплаган очколари эвазига “Бухоро”, “Андижон”, “Сурхон” каби жамоалардан тепада эди. “Машъал”нинг ўзида эса хавотир йўқ эмасди. Чунки назарий жиҳатдан пастки ўриндаги клубларда муборакликлардан ўтиб кетиш имконияти сақланиб турганди. Қачонки, “Навбаҳор” устидан қозонилган ишончли ғалабадан кейингина “Машъал” ўзини эркин ҳис қила бошлади. Чунки очколари сонини 23 тага етказиб Суперлигада қолиш вазифасини муддатидан олдин бажарди. Қизиғи, “Машъал” 10-ўринда ва 9-ўриндаги “Металлург”дан 10 очкога ортда. Бу дегани ушбу мавсумда муборакликлар минг уринмасин 10-поғонадан юқорига кўтарила олмайди. “Қизилқум” ҳисобида ҳам 23 очко бор ва балки иккала клуб энди, 10-ўрин учун курашар?!

“Қизилқум” клуби мавсумни ёмон бошлади. Кетма-кет очко йўқотишлар ва мағлубиятлар туфайли навоийликлар охирги ўринларга тушиб қолганди. Бош мураббийликка Тачмурод Агамуродов олиб келинган бўлса ҳам вазият ўзгармади, қайтанга мағлубиятлар кўпайди. Ўйин сифати эса салбий кўринишда эди.

Хўш, “Қизилқум” қандай қилиб қийин вазиятдан чиқиб кета олди? Ёзги трансфер ойнаси 1 августдан очилганди. Бироқ карантин сабабли чемпионатимизда узилишлар рўй берди. Оқибатда биринчи давра баҳслари ҳали якунига етмаган бўлса ҳам олдиндан айтилганидек трансфер ойнаси ўз вақтида – 1 августдан очилди. Бундан эса “Қизилқум” анча илғор даражада фойдалана олди. Ҳамиджон Актамов яна бошқарувни қўлига олди ва таркибга Игнатий Нестеров, Ойбек Қиличев, Эркин Бойдуллаев, Жасур Азимов, Владислав Касминин, Иброҳим Томива каби футболчилар олиб келинди. Бу эса жамоа ўйинига ижобий ўзгариш бағишлади.

қизилқум

18 август куни чемпионатнинг 10-турида “Бухоро”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган “Қизилқум”нинг бу жорий мавсумдаги биринчи ғалабасига айланди. Шундан кейин клуб гўёки қисқа фурсат ичида керакли очколарни тўплай бошлади. Буларнинг барчаси жамоадаги ўзгаришлар билан боғлиқ эди. Аммо иккинчи даврада жамоа бир қатор учрашувларда имкониятни бой берди. Буни эса қийин вазиятдан сўнг, бироз ўзига келиб, кейин яна бўшашгани билан изоҳлаш мумкин. Ўша мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган пайтда “Қизилқум” қандай бўлмасин Суперлигада қолиш асосий вазифага айланганини улар яхши биларди. Натижада 24-турда Навоийда “Металлург” 1:0 ҳисобида таслим этилгачгина клубнинг расман Суперлигадан тушиб кетмаслиги аниқ бўлди. Аслида “Қизилқум”нинг лигада қолиши деярли аниқ ҳам эди. Бироқ воқеалар ривожи турли йўсинга ўзгариб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Назарий жиҳатдан ўзини эркин ҳис қилмаётгани учун уларга албатта ғалаба зарур эди. Буни эса ўтган турда уддалашди. Тўғри, “Қизилқум”дагилар мавсум ўрталарига келиб бироз “жонлангач”, балки вазифалари ўзгаргандир. Ахир иштаҳа овқат пайтида келади, деган гап бор-ку. Лекин юқорида тўхталганимиздек, “Қизилқум” барқарор ўйинларини сақлаб қолиши қийин бўлди. Шунинг учун бироз пастки ўринлардаги жамоаларга яқинлашиб қолгандек эди. Мана, энди улар ҳам ўзларини “Машъал” сингари эркин ҳис қилмоқда. Аммо кўпи билан 10-ўринни банд этиши мумкин. Негаки, муборакликлар билан очкоси тенг ва иккита ўйинни ютган тақдирда ҳам 9-поғонага чиқа олмайди. Боя айтдик, ўртада 10 очколик тафовут бор!

Шундай қилиб, “Пахтакор”, “Машъал” ва “Қизилқум” клубларини бошқалардан ажратиб турган жиҳати маълум. Қолган иштирокчилар учун қолган иккита тур муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, совринли ўринлар учун курашаётган “Насаф” билан АГМК ҳамда лигада қолиш мақсадида жон куйдираётган пастки қатордаги учта клубга ниҳоятда таъсири катта.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!