"Машъал" футболчилари олти ойдан бери маош олмаяпти, клубнинг "Андижон"га қарши ўйини ҳам даргумон
Муборакнинг “Машъал” клубидаги вазиятга кўпчилик бефарқ бўлмаса керак. Яқинда сайтимиз орқали ушбу жамоадаги ҳолат жиддий эканлиги ва қарздорлик ҳали ҳам бартараф этилмагани хусусида хабар бериб ўтгандик.
Айни пайтга келиб ҳам “Машъал”да ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаётгани маълум бўлди. Клуб раҳбариятининг sports.uzга хабар беришича, футболчилар олти ойдан бери маош олмаган. Натижада ўйинчилар “Машъал”ни тарк этишни бошлаган. Кеча маълумот берганимиздек, жамоа ярим ҳимоячиси Сирожиддин Раҳматуллаев ҳам аслида юқоридаги сабаб туфайли кетган. Бундан ташқари, клубнинг яна бошқа аъзоларига ҳам таклифлар бор.
Клубдаги молиявий муаммо сабабли футболчилар ҳалигача тўпланмаган ҳамда жамоавий машғулотлар бошлангани йўқ. Агар вазият ўзгармаса “Машъал”нинг Coca-Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган сафарда “Андижон”га қарши учрашуви ҳам сўроқ остида қолмоқда. Клуб раҳбариятининг айтишича, 19 ноябрь куни ўтадиган ушбу ўйин учун Андижонга сафар уюштириши даргумон бўлиб қолмоқда. Қолаверса, “Машъал”нинг футболчилардан ташқари яна бошқа қарздорликлари ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, "Машъал" 22-турдан кейин турнир жадвалида 20 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди.
Фикрлар