"Машъал"да бош мураббий ўзгардими?
Халқимиз орасида жўжани кузда санаймиз, деган мақол бор. Ҳозир шу пайтга етиб келяпмиз. Яъни, про лигада иккита давра якунига етгач, клублар иккига ажратилганини биласиз. Дастлабки бешталик Суперлига йўлидаги курашни давом эттирса, қуйи бешталик жон сақлаб қолиш йўлида ҳаракатни давом эттиради. Яқинда юқори бешталик жамоалари учун навбатдаги учрашувлар учун қуръа ташланган. 5 та клуб яна 8 та ўйин ўтказади ва бу икки даврали тизим асосида давом этади. Иштирокчилари маълум вақт танаффусда бўлгач, яна “саҳнага” қайтишди ва 24 сентябрь куни 19-тур баҳсларига старт берилди.
Муборакда “Машъал” клуби про лига пешқадами “Андижон”ни қабул қилди. Яқинда, аниқроғи 7 сентябрь куни ушбу жамоалар “Машъал” майдонида куч синашишган бўлиб, унда андижонликларнинг қўли баланд келганди – 1:2. Умуман олганда, биринчи даврадаги учрашувда ҳам “Андижон” ўз уйида “Машъал”ни 2:1 натижаси билан мағлуб этган. Хуллас, жорий мавсум ҳисобидан бу жамоалар учинчи бор тўқнаш келишди.
Биласиз, “Андижон” про лигада якка пешқадам бўлиб тургани сабабли навбатдаги ўйинда фаворит мақомига эга эди. Чунки Виктор Кумиков жамоаси Суперлигага қайтиш учун биринчи рақамли даъвогар ва бу йўлдаги имконияти бошқаларникига қараганда баланд. Фақат ҳаммаси жамоанинг ўз қўлида. Аммо юқори бешталикдаги иштирокчилар ўртасидаги кураш янада жиддий тус олиши муқаррар. Чунки энди осон рақиблар йўқ. Ҳаммаси Суперлига иштиёқида “ёнаётган” жамоалар қолди.
Дарвоқе, “Машъал” – “Андижон” беллашувидан аввал меҳмонлар бош мураббийи Виктор Кумиков август ойининг энг яхши мураббийи номига аталган махсус статуэткани қабул қилиб олди. Чунки ўтган ойда Кумиков жамоаси билан про лигада 3 та ва Кубок доирасида 1 та учрашувда ғалаба қозонди.
Ўйин давомида яна бир жиҳат эътиборимизни тортди. Гап шундаки, “Машъал” клубида бош мураббий ўзгарди, деган хабар қулоғимизга чалингандек бўлди. Аммо бу хабар тасдиқланмаганди. Ўйинда кўрганимиз шу бўлдики, мураббийлар штабида Бобур Зуҳриддинов пайдо бўлган. Бунгача у “Машъал” U-19 жамоасида ишлаётганди. Ундан аввал эса Зуҳриддиновни “Зомин”да ҳам фаолият олиб бораётгани хусусида маълумотга эга эдик. Хуллас, Зуҳриддинов асосий жамоага ўтказилган. Амалдаги бош мураббий Дилявер Ваниев эса соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли охирги пайтларда машғулотларда иштирок эта олмагани маълум бўлди. Шундоқ ҳам “Машъал”нинг сўнгги беллашувларида ҳам матбуот анжуманида Ваниев қатнашмаётганди (гарчи ўйинда бўлса ҳам). Мисол учун ўтган сафар “Андижон” билан иккинчи давра баҳсида ёрдамчи мураббий Отабек Нарзуллаев Ваниевнниг ўрнида матбуот анжуманида қатнашган. Кечаги баҳсда мураббийлар штабида Ваниевни ҳам кўрдик, Зуҳриддиновни ҳам. Нарзуллаев эса U-19 жамоасига ўтказилганини эшитдик. Қизиғи, учрашув давомида кўпинча Ваниев эмас, балки Бобур Зуҳриддинов футболчиларга кўрсатма бериб турганига бир неча бор гувоҳ бўлдик. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам Зуҳриддинов қатнашди. Унга бош мураббий ўзгардими, дея савол бердик. “Дилявер акани озгина мазаси йўқ эди. Ўйинга 3 кун қолганида қўшилди. Унгача мен ёрдам бериб тургандим. Ҳозир биз биргаликда иш олиб боряпмиз”, - дея жавоб берди Бобур.
Аммо расмий қайдномаларда бош мураббий сифатида Ваниев номи кўрсатиляпти. Бироқ матбуот анжунида бошқаси қатнашяпти. Бизнингча, буларнинг ҳаммаси жамоанинг ички иши ҳисобланади. “Машъал” эса бу сафар “Андижон”га муносиб қаршилик кўрсатди. Жамоа ўйинида ҳам бироз ўзгариш кўзга ташланди. Айниқса, муборакликлар иккинчи бўлимда бир қатор қулай имкониятларга эга бўлди. Биринчи бўлимда эса “Андижон” бир нечта голли вазиятлардан фойдалана олмаганига гувоҳ бўлдик.
Нурсиз дурангдан кейин “Андижон” ҳамон якка пешқадамлигини сақлаб қолмоқда. “Машъал” эса Суперлига йўлида етакчидан бир очко тортиб олди, дейиш мумкин. Қолган баҳслар янада қизиқ ўтади, бу аниқ!
Фикрлар