Машҳур ҳужумчини ўғри урди
Англия футболида чуқур из қолдирган Жейми Варди ўз фаолиятида илк бор легионерга айланиб, жорий мавсумда Италия чемпионатида “Кремонезе” клуби шарафини ҳимоя қиляпти.
38 ёшли ҳужумчи бу мамлакатда ўғрилик қурбони бўлди. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар тарқатди.
Манбага кўра, жиноятчилар футболчининг уйига А Сериянинг 12-туридан ўрин олган “Кремонезе” ва “Рома” (1:3) ўйини вақтида кирган. Ўғриликда камида уч киши иштирок этган.
Жиноятчилар футболчи ва унинг оиласи уйда йўқлигидан фойдаланиб, деразани бузиб кирган ва қимматбаҳо соатлар, заргарлик буюмлари, пулларни ўғрилаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўмарилган нарсаларнинг умумий қиймати € 100 минг атрофида.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий тўда футболчи, унинг рафиқаси ва фарзандларининг ҳаракатларини кузатиб борган ва уй ҳимоясиз қолишини билган.
Варди 2025 йил ёзида “Лестер”дан “Кремонезе”га ўтганидан бери жорий мавсумда саккизта ўйин ўтказиб, иккита гол урди.



Фикрлар