Машҳур легионерни урган безори қўлга тушди
Туркия чемпионлигини қўлга киритган “Галатасарой” уругвайлик футболчиси Лукас Торрейра Истанбулдаги савдо маркази ташқарисида ҳужумга учради, гумонланувчи таксида қочаётганда ушланди.
Полиция маълум қилишича, Истанбулда бир эркак “Галатасарой” ярим ҳимоячиси Лукас Торрейрани Бейўғли туманидаги кафе ташқарисида урганидан сўнг қўлга олинди.
Ҳодиса Жамиикебир маҳалласидаги савдо маркази олдида жойлашган кафе қаршисида содир бўлган. Хабар асосида воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари 32 ёшли гумонланувчини воқеа жойидан қочишга уринаётган пайтида, у таксига ўтирган паллада ушлаган.
Торрейра кўрикдан ўтказилганида унинг чап қоши билан кўзи ораси қизаргани аниқланган. Футболчи гумонланувчи устидан расмий шикоят аризаси берган ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини талаб қилмоқда.
Терговчилар гумонланувчи аввал ҳам қасддан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят учун судланганини аниқлади. Шунингдек, ҳужум вақтида гумонланувчига нисбатан тақиқлов қарори ҳам амалда бўлгани маълум қилинди.
Полиция аниқлашича, Торрейранинг 39 ёшли ҳайдовчиси ҳам жанжал вақтида гумонланувчига зарба берган. Маълумотларга кўра, у икки томонни ажратиш ва вазиятни тинчлантиришга уринган. Ҳозирда ҳар икки шахс бўйича полиция бўлимида процессуал ҳаракатлар давом этмоқда.
Лукас Торрейра Лондоннинг “Арсенал” клубидан “Галатасарой” сафига қўшилган. Қатъий прессинг ва жанговор ўйин услуби билан танилган Торрейра Истанбул клубига келганидан бери Туркия Суперлигасининг муҳим футболчиларидан бирига айланган.

Фикрлар