Майдонда Равшан Эрматов, Валижон Шамсиев, Сервер Жепаров, Хасанбой Дўсматов ёхуд Андижондаги футбол шоуси қандай ўтди?

Кутилганидек, “Андижон” клубининг 60 йиллик юбилейи учун футбол шоуси жуда кўтаринки ҳамда қизиқарли руҳда ўтказилди. Куз фаслининг ёмғири эса ўзгача файз бағишлади. Турли йилларда “Андижон” шарафини ҳимоя қилган собиқ футболчилар шу куни “Бобур арена”да жам бўлдилар. Лекин уларни барчаси ҳам кела олганлари йўқ. Масалан, Тоҳир Мўминов, Қаҳрамон Абдуқодиров, Андрей Шипилов каби собиқ футболчилар турли сабабларга кўра етиб кела олмадилар ва бунинг учун узр сўрадилар.

Футбол шоусига табиийки, “Андижон”нинг ҳозирги авлод вакиллари ҳам ташриф буюрдилар. Айнан баҳс аввалида ҳозирги “Андижон” жамоаси кийиниш хонасида “Андижон” фахрийлари билан учрашди ва омад тиладилар. Ўз навбатида фахрий жамоа номидан Рустам Абдиев клубни Кубок билан табриклаб, мотивацияга бой сўзларни айтиб, ҳозирги авлод жамоага эзгу тилакларини билдирди.

Ўзбекистон фахрийлар терма жамоасининг кийиниш хонасидаги муҳит чиндан ретро кўринишда эди. Биродар Абдураимов мураббий сифатида гарчи бу футбол шоуси бўлса-да, фахрий футболчиларни ўйинга тайёрлаб, уларга тегишли кўрсатмалар бераётганига гувоҳ бўлдик.

“Андижон”нинг ҳозирги авлоди Ўзбекистон Кубоги билан яна бир бор мухлислар олдида кўриниш бердилар. Жамоанинг 60 йиллик юбилейидаги футбол шоусини бошланишиёқ кўтаринкилик бағишлади. “Андижон” фахрийлари сафида шунингдек, сўз усталари Валижон Шамсиев, Ғайрат Аҳмедов, икки карра Олимпиада чемпиони Хасанбой Дўсматов ва яна бошқаларни кўриш мумкин.

Ўйин собиқ футбол ҳаками, вилоят футбол фахрийиси Муҳаммадқосим Тўхтасиновнинг хуштаги билан бошланди. Кейинчалик ундан кейинги ҳакамлар зинапояси сифатида Александр Попов, Темур Тўхтасинов ва ҳозирги авлод вакили тариқасида Хушнуд Суюнбоев футбол шоусидаги ўйинга ҳакамлик қилдилар.

Ўзбекистон фахрийлар терма жамоаси сафида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг тўлиқ майдонда тўп сургани эътиборга молик. Футбол шоусида “Андижон” фахрийси Асқар Жадигеров ҳисобни очганди ва унинг ўзи учрашувдаги охирги голни ҳам урди. Якуда жанговар 5:5 ҳисоби қайд этилди. Стадионга келган минглаб мухлислар ўзбек футболи ва “Андижон” клуби афсоналарининг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлдилар ҳамда яқин ўтмишни хотирлаган бўлсалар ажаб эмас.

Шунингдек, танаффус чоғида иштирокчиларга, меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди. Ўйин давомида таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бевосита стадионни ўзида футбол шоусида қизиқарли тарзда шарҳлаб борди. Ўйин якунида мушакбозлик футбол шоусининг безагига айланди.

“Андижон” фахрийлар жамоасининг бошланғич таркиби: Қобил Олимжонов, Ориф Маматказин, Рустам Абдиев, Иброҳим Отахонов, Бекзод Каримов, Шавкат Муллажонов, Баҳодир Раҳмонов, Захриддин Акбаров, Асқар Жадигеров, Шухрат Мирхолдиршаев, Бахтиёр Ҳамидуллаев.

Ўзбекистон фахрийлар терма жамоасининг бошланғич: Анвар Жабборов, Фарҳод Магомедов, Бахтиёр Ашурматов, Геннадий Денисов, Ғулом Ҳалимтоев, Леонид Кошелев, Сервер Жепаров, Равшан Эрматов, Азамат Абдураимов, Рустам Дўрмонов, Павел Соломин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!