Майдонда ундан зўри йўқ эди ёхуд Суперлиганинг 16-турини "ёндирган" футболчилар
Кеча Суперлигада 16-тур якунланди. 4 кун мобайнида 7 та жуфтлик ўз ўйинларини ўтказдилар ва уларда турли хил натижалар қайд этилди. Шу билан бирга ҳар бир учрашувнинг энг яхшилари ҳам аниқланди.
“Металлург” – “Нефтчи” – 0:0. Энг яхши футболчи: Ботирали Эргашев
Олмалиқда бўлиб ўтган “Металлург” – “Нефтчи” ўртасидаги ўйинда ҳисоб очилгани йўқ. Лекин гол бўлишига жуда оз қолганди. Бу борада “Нефтчи” дарвозабони Ботирали Эргашев маҳоратини кўрсатди. Охирги дақиқаларда “Металлург” ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Бироқ Эргашев бунга йўл қўймади.
“Олимпик” – “Сўғдиёна” – 0:1. Энг яхши футболчи: Муҳаммадюсуф Собиров
Иван Бошкович жамоаси Тошкентда “Олимпик”ни ягона гол эвазига енгиб қайтди. Шу куни мураббий дарвозага ёш иқтидорли посбон Муҳаммадюсуф Собировни қўйди. Ёшларга қўрқмасдан ишонч билдираётган Иван Бошкович яна бир иқтидор эгасини кашф қилаётгани кўринди. Собиров бир қатор вазиятларда жамоасини голлардан қутқариб қолди ва “Сўғдиёна”нинг ғалабасига ҳисса қўшди. Дарвозабон ярим жамоа иборасини у амалда кўрсата олди.
“Динамо” – ОКМК – 3:2. Энг яхши футболчи: Анвар Хожимирзаев
Самарқандда ўтган ўйин ҳам жуда қизиқарли, ҳужумкор ва томошабоп руҳда ўтди. 5 та гол киритилган учрашувда “Динамо” мағлубиятни охирги сонияларда ғалабага айлантира олди. Анвар Хожимирзаев майдонда борини берди. Ўзи ҳам маза қилиб футбол ўйнади. Ҳар бир голда иштирок этди, ҳужумларни бошлаш ва рақиб ҳужумларини блоклашда ҳам фаол ўйнади.
“Қизилқум” – “Насаф” – 0:1. Энг яхши футболчи: Ойбек Бозоров
“Насаф” ўз майдонида меҳмон мақомида ўйнайди. Чунки “Қизилқум” уй ўйинларни “Насаф” стадионида ўтказиб келаётганидан хабардорсиз. Лекин қаршиликлар кутилмаган қийинчиликка дуч келдилар. Боиси, биринчи бўлим ўрталарида “Насаф” легионери қизил карточка туфайли майдондан четлатилди. Бу эса Рўзиқул Бердиев жамоасини янада жипслаштирди. Айниқса, Ойбек Бозоров рақиб футболчиларга катта муаммолар туғдирди. Якунда суперголи билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Шу куни майдонда ундан зўри йўқ эди.
“Андижон” – “Сурхон” – 2:3. Энг яхши футболчи: Суннатилла Ҳамиджонов
“Бобур арена”даги драматик тарзда кечган ўйинда меҳмонлар жуда муҳим ғалабани қўлга киритишди. Меҳмонлар аввалига 0:2 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Кейин мезбонлар кучли босим уюштириши эвазига 0:2 ни 2:2 га айлантирдилар. Айнан ўша вазиятда “Сурхон” ҳимоячиси Суннатилла Ҳамиджонов жамоаси учун олтинга тенг голни уриб, меҳмонларнинг уч очкони қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. Ўйинни фаол ўтказган Ҳамиджонов беллашувнинг энг яхшисига айланди.
“Пахтакор” – “Локомотив” – 3:1. Энг яхши футболчи: Дониёр Абдуманнопов
“Шерлар” “Темирйўлчилар”ни ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этишди. 3:1 ҳисобида якунланган учрашувда “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Дониёр Абдуманнопов дублга эришди. Фаол ўйини ва киритган голлари эвазига у баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилди.
“Навбаҳор” – “Бунёдкор” – 2:2. Энг яхши футболчи: Жамшид Искандеров
Наманганликлар бу турда қимматли очколарини йўқотди. “Бунёдкор”га қарши ўйинда “Навбаҳор” мағлубиятга яқин эди, аммо қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида Жамшид Искандеров пенальтидан гол уриб ҳисобни тенглаштириб олди. Ушбу ўйинчи жамоа сардори сифатида майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарганига қарамасдан жамоаси барибир қимматли очколардан маҳрум бўлди. Искандеров эса энг яхши ўйинчига айланди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар