Мбаппе Ҳусанов жамоаси билан бўладиган ўйиндан кейин муҳим янгилик айтади
ПСЖ ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг келажагига ҳали ҳам ойдинлик киритилгани йўқ.
24 ёшли форвард ўйинларда иштирок эта бошлаганига қарамай, ҳали парижликлар билан янги шартнома тузмади. Клуб уни ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар 250 миллион еврога сотишга тайёрлигини маълум қилди.
Таниқли журналист Бруно Саломоннинг таъкидлашича, Килиан Мбаппе Франция чемпионатининг учинчи турида “Ланс”га қарши ўтказиладиган учрашувдан кейин келажаги борасида якуний қарорини айтишга тайёргарлик кўрмоқда.
ПСЖ ва “Ланс” ўртасидаги учрашув 26 август куни бўлади. Таъкидлаш жоизки, ҳар икки жамоа ҳам дастлабки икки учрашувда очко йўқотди. Парижликлар икки марта дуранг ўйнаган бўлса, лансликлар биттадан дуранг ва мағлубият қайд этди.
“Ланс” ёзги трансферлар вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олганди. 19 ёшли футболчимиз ҳали Франция чемпионатидаги дебютини нишонлагани йўқ.
Фикрлар