Мбаппе келажаги бўйича бир қарорга келди

ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг ёзда қатор клубларга трансфер қилиниши бўйича хабарлар кўп тарқатилмоқда. Биринчи навбатда, “Реал” 22 ёшли тўпурар учун асосий даъвогарлиги айтилмоқда.

Шунга қарамай, манбаларнинг маълум қилишича, Мбаппе Парижда қолиш ҳақида ўйламоқда. Айниқса, Маурисио Почеттино шогирдлари Чемпионлар лигасида амалдаги чемпион – “Бавария”ни ортда қолдиргани ПСЖнинг келажакда нуфузли совринлар учун курашишга қодирлигини кўрсатгани Мбаппенинг қарорига таъсир ўтказган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ПСЖ хўжайинлари ҳам моҳир тўпурарни олиб қолиш учун унинг талабларини бажаришга рози. Агар Килиан янги шартнома имзоласа, унга йилига 30 миллион евро маош тўланади. Бу ҳозирги олаётганидан беш миллионга кўп.

Коронавирус пандемияси даврида бир футболчига шунча маош тўлаш ҳар қандай клуб учун ҳам оғирлик қилади.

Аслида Мбаппени ПСЖда ҳамма нарса қониқтиради. Лекин футболчи янги битимни имзоласа, Парижни тарк этиши қийинлашишидан чўчимоқда. Бунга жавобан, ПСЖ агар Мбаппе кетишни истаса, уни 2023 йилда қўйиб юборишга рози бўлишини билдирди. Бунинг учун эса, уни оладиган клуб бунинг учун катта маблағ тўлаши керак бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!