Мбаппе пул учун ПСЖга одам жўнатди
Франциянинг энг бадавлат клуби “Пари Сен-Жермен” ва ушбу клубнинг собиқ ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўртасидаги пул билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам охиригача барҳам топгани йўқ.
Бир неча марта ўтказилган судлардан кейин ПСЖ ҳужумчига ўз вақтида тўланмаган жами 60,9 миллион евро қарздорликни ёпиши мажбурияти қўйилган эди. Парижликлар бу ишни охиригача етказмади. Хусусан, клуб 60,9 миллион евронинг 5,9 миллион евролик қисмини (фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун тўлов) ҳали ҳам тўлагани йўқ.
Адлия органлари саккиз кун ичида ушбу маблағни мажбурий тарзда ундириши (музлатиши) мумкин. Ана шу масала доирасида “Пари Сен-Жермен” қароргоҳига суд ижрочиси ташриф буюрди. У клубга Мбаппе 2024 йилнинг ёзида эркин агент сифатида клубдан кетганидан бери давом этаётган низо доирасидаги қарзни тўлаш тўғрисида расмий талабнома мутасаддиларга топширди. Гап қарийб 6 миллион евро ҳақида кетмоқда.
2025 йилнинг декабрь ойи охирида Париж меҳнат низолари бўйича суди ПСЖни собиқ ҳужумчисига жами 60,9 миллион евро тўлаши борасида ҳукм чиқарган. Бу маблағнинг:
55 миллион евроси — тўланмаган маош ва бонуслар;
5,9 миллион евроси — фойдаланилмаган меҳнат таътиллари ва кечиктирилганлик учун фоизлар эди.
Суд қарори дарҳол ижро этилиши шарт, деб белгиланган эди. Бироқ, Париж клуби фақат 55 млн еврони ўтказиб, қолган сўнгги қисмни (5,9 млн) тўлашдан бош тортган.
Фикрлар