Мбаппе “юлдузлик касали”га учради

“Реал” етакчиси Килиан Мбаппе ўз ватани Францияда кескин танқидларга дуч келмоқда. Килиан жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири мақомида эканига қарамай, мухлислар орасида уни такаббурликда айблаётганлар бор.

Сўнгги йилларда франциялик футбол ишқибозлари Мбаппенинг нафақат ўйинини, балки майдон ташқарисидаги хулқ-атворини ҳам кўпроқ муҳокама қилмоқда. Айрим мухлислар футболчи ортиқча ўзига ишониб кетгани ва “юлдузлик касалиги”га чалинганини таъкидламоқда.

Бироқ Килианнинг яқин дўсти, ПСЖ гандбол жамоаси ўйинчиси Элоим Пранди Le10Sport нашри журналистлари  билан суҳбатда футболчини ҳимоя қилди.

- Мен учун Килиан оддий, жуда камтар инсон, у оёғини ерга маҳкам босиб туради. Унда шундай ишонч борки, шу сабаб айримларга у кибрлангандай туюлади. Аммо бу тўғри эмас, у жуда юқори мақсадларни қўяди ва уларга эришиш учун ҳамма ишни қилди. Бу даражага чиқиш учун у кўп меҳнат қилди, - дейди Пранди.

Элоим форварднинг инсоний фазилатларини ҳам алоҳида тилга олди.

- Килианнинг одамгарчилиги яхши ва доим мулоқотга очиқ. Лекин у мунтазам босим остида қолади – мухлислар, ОАВ, мажбуриятлар... Буларнинг барчасига чидаш, ҳаммани рози қилиш осон эмас, - дейди гандболчи.

Элоим Прандининг қўшимча қилишича,  у жароҳатга учраган пайтда Килиан Мбаппе  катта ёрдам кўрсатган, бу эса шон-шуҳратга қарамай, у ўзгармаганини исботлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!