"Мексика-2011" қаҳрамонлари бугун қаерда?

2011 йили 17 ёшли футболчилар ўртасида Мексикада ташкил этилган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз чорак финалгача етиб келиб, футболимиз тарихидаги энг яхши натижалардан бирини қўлга киритганди. Ўша авлодга футболимизнинг келажаги сифатида қаралганди. Афсуски, кейин ҳаммаси аксинча тус олди ва аксарият ўйинчилар фаолиятларини ҳатто тугатишга ҳам мажбур бўлишди. Натижада жаҳон чемпионатидаги қаҳрамонларимизнинг кўпчилиги футболдан узоқлашиб кетишди. Албатта, бунинг сабаблари бор. Ўша пайтда бош мураббий бўлган Алексей Евстафеев ҳам ҳозирда Россияга кўчиб кетган ва Калининградда болалар мураббийи сифатида ишлаб келмоқда. Биз эса «Мексика-2011» қаҳрамонларининг бугунги ҳолати ҳақида сўз юритамиз.

Исм-фамилияси: Ғанишер Холмуродов

Амплуаси: дарвозабон

Туғилган санаси: 29.11.94

Қаердан таклиф қилинган: «Машъал»

Ҳозир қаерда: ДХХ ходими

Қаршилик Ғанишер Холмуродов ўша пайтда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг биринчи рақамли дарвозабони эди. Мундиалдаги барча – 5 та ўйинда терма жамоамиз дарвозасини 100 фоиз Ғанишер Холмуродов қўриқлаганди. Мазкур ўйинларда эса ўз дарвозасидан 8 та тўп олиб чиққан. Нимчорак финалда Австралияга қарши беллашувда эса у дарвозасининг дахлсизлигини сақлай олганди ҳам. Ўша пайтда иқтидори юқори баҳоланган посбон кейинчалик футболда кўринмай кетди. Аниғи шуки, Ғанишер футболдаги фаолиятини тугатган. Институтда ўқишни истаган собиқ дарвозабоннинг бугунги кунда Қаршида давлат хавфсизлик хизматида ишлаётгани ҳақида эшитдик.

Исм-фамилияси: Абдумавлон Абдужалилов

Амплуаси: дарвозабон

Туғилган санаси: 22.12.94

Қаердан таклиф қилинган: «Пахтакор»

Ҳозир қаерда: «Бунёдкор»

Бўйдор дарвозабон саналган Абдумавлоннинг мундиалдан кейинги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, у турли синов ва машаққатларни босиб ўтди. Бир неча йил давомида «Нефтчи» жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Ўринбосарлар сафида ўйнаганида ёки захирада қолиб кетган пайтларида ҳам у сабр билан ўз вақти келишини кутди. Натижада «Нефтчи»да вақти келганда асосий таркиб аъзосига ҳам айлана олди. Ҳозирги кунда эса у «Бунёдкор»да фаолият олиб боряпти. Вадим Абрамов ушбу посбонга ҳам ишонч билдирмоқда.

абдужалилов

Исм-фамилияси: Сергей Смородин

Амплуаси: дарвозабон

Туғилган санаси: 15.02.94

Қаердан таклиф қилинган: «Пахтакор»

Ҳозир қаерда: Мальдив оролларида

Смородинга ҳам Абдужалилов сингари Мексикадаги жаҳон чемпионатида майдонга тушиш насиб қилмаган. Аммо улар таркибдаги рақобатни «ушлаб» туришган. Бунинг устига Сергей ҳам «Пахтакор» академиясидан чиққанди. Ҳозирча унинг фаолиятида катта ўсиш бўлди деб айта олмасак-да, ҳар ҳолда бошқалар каби футболни ташлаб юборгани йўқ. У «Пахтакор-2», «Андижон», «Нефтчи» каби жамоаларда тўп сурди. Кейин эса Украинанинг «Черноморец» жамоаси машғулотларида иштирок этган ҳолда ушбу клубнинг аъзосига айланганди. Охирги олинган маълумотларга кўра Смородин бугунги кунда Мальдив ороллари чемпионатида «Грин Стритс» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

Исм-фамилияси: Сардор Раҳмонов

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 09.07.94

Қаердан таклиф қилинган: «Машъал»

Ҳозир қаерда: ОКМК

Катта футболга «Машъал» клуби орқали кириб келган ҳимоячи учун ҳам Мексикадаги мундиал фаолиятида катта ўрин тутади. Ўшанда дастлабки турда терма жамоамиз Янги Зеландияга йирик ҳисобда ютқазиб қўйганди. Раҳмонов эса захирада қолганди. Ўша беллашувдан сўнг мураббийлар Сардорни асосий таркибга киритишди ва шундан кейин футболчи ўз ўрнига эга бўлганди. У 2013 йили Туркияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилганди. Айни пайтда эса Сардор ОКМК таркибида Миржалол Қосимов қўли остида тўп суриб келмоқда. Гарчи легионерга айланмаган бўлса-да, 2011 йилги жаҳон чемпионатига борган ўйинчилар орасида чемпионатимизда бир текисда ўйин кўрсатиб келаётган кам сонли ўйинчилардан бири.

раҳмонов

Исм-фамилияси: Жавлон Мирабдуллаев

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 19.03.94

Қаердан таклиф қилинган: «Бунёдкор»

Ҳозир қаерда: клубсиз.

Жавлон Мирабдуллаев терма жамоамиз сафидаги энг иқтидорли, келажаги порлоқ ўйинчиларимиздан бири сифатида эътироф этилаётганди. Шунинг учун у асосий футболчиларимиздан бири эди. Аммо кейинчалик унинг фаолияти янада ривожланиб кетгани йўқ. Чунки унга жароҳатлар ҳам тўсқинлик қилди. Масалан, «Бунёдкор»да энди ўз ўрнига эга бўлиб бораётганида жароҳат олиб сафдан чиққанди. Шунингдек, у «Металлург», «Андижон» каби жамоаларда ижарада тўп сурди. Охирги пайтларда эса бирор-бир клубда кўриниш бергани йўқ. Маълум бўлишича, Мирабдуллаевнинг юраги билан боғлиқ муаммо туфайли даволанмоқда.

Исм-фамилияси: Муҳсин Убайдуллаев

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 15.07.94

Қаердан таклиф қилинган: БЎСМ (Қўқон)

Ҳозир қаерда: «Қизилқум»

Ўша пайтда Убайдуллаев Қўқондаги болалар ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси эди. Ўша жаҳон чемпионатидан кейин эса Муҳсин ўз устида ишлашда давом этаверди. Натижада олий лиганинг бир қатор клубларида тўп сурди ва бугунги кунда «Қизилқум» шарафини икки йилдан бери ҳимоя қилиб келмоқда.

Исм-фамилияси: Мирзамурод Жўрабоев

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 31.05.94

Қаердан таклиф қилинган: «Насаф»

Ҳозир қаерда: номаълум

Қаршилик футболчи жаҳон чемпионатида терма жамоамиз сафида бир қатор ўйинларда иштирок этганини биламиз. Афсуски, вақт ўтган сари Жўрабоев ҳам футболдан узоқлашиб бораверди. Шунинг учун у бирор-бир клубда тузук-қуруқ ўйнаганини эслай олмаймиз. Айни пайтда эса қаердалиги номаълум. Аниғи шуки, у футболни тугатган.

Исм-фамилияси: Равшан Ҳайдаров

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 01.06.94

Қаердан таклиф қилинган: РОЗК (Тошкент)

Ҳозир қаерда: мураббий

Мураббий Равшан Ҳайдаров билан бир хил исмдош бўлган қўқонлик футболчи Равшан Ҳайдаров учун ўша жаҳон чемпионати янги чақирув бўлганди. Лекин мундиалдан сўнг ҳимоячининг фаолиятида пасайиш кузатилди. Натижада уни бирор-бир клубда мунтазам равишда тўп сурганини кўрмадик. Маълумотларга қараганда, ҳозирда у Қўқонда ёшларга мураббийлик қилиб келмоқда.

Исм-фамилияси: Асилжон Мансуров

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 04.08.94

Қаердан таклиф қилинган: ФМИ (Янгиер)

Ҳозир қаерда: футболчи

Гулистонлик Мансуровнинг фаолияти ҳам ёрқин кўриниш олмади. Бир қатор клубларда тўп сурди-ю, аммо ярқ этиб кўзга ташланмади. Биринчи лига жамоаларида ҳам ўйнаб юрди. Маълум бўлишича, у ҳозирда Тожикистон чемпионатида фаолият олиб бормоқда.

Исм-фамилияси: Ҳасан Асқаров

Амплуаси: ҳимоячи

Туғилган санаси: 17.04.94

Қаердан таклиф қилинган: «Бунёдкор»

Ҳозир қаерда: номаълум

«Бунёдкор» академиясидан чиққан ҳимоячи гарчи жаҳон чемпионатига борган бўлса-да, терма жамоамиз сафида майдонга тушиш унга насиб қилмаган. Шунингдек, Асқаров айрим жамоадошлари каби ўз ўйини билан кўзга ташлана олмади. Уни олий лигада «Навбаҳор» ва «Динамо» жамоаларида тўп сурганини кўрдик. Аммо охирги пайтларда ҳеч бир клубда кўриниш бергани йўқ.

Исм-фамилияси: Аббос Махсталиев

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 12.01.94

Қаердан таклиф қилинган: РОЗК (Тошкент)

Ҳозир қаерда: «Сурхон»

Ўша пайтдаги терма жамоасиз сардори ва етакчиси Аббос Махсталиев барча ўйинларда иштирок этиб, учта гол ҳам урганди. Кейин у Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Туркиядаги мундиалда ҳам қатнашиб нимчорак финалгача етиб келганди. Аббосга ҳамма юқори баҳо берганди ва уни футболимизнинг келажаги сифатида ҳам эътироф этишганди. Унга Франциянинг «Монако» жамоаси ҳам қизиқиш билдирганди. Легионерга айланиши кутилган бир пайтда футболчи ўзимизнинг чемпионатда ўйнашда давом этди. Лекин «Пахтакор»да ўз ўрнини топа олмади. Кейин эса бир қатор клубларда ижарада тўп сурди. Афсуски, кўп нарса кутилган футболчимиз шунчаки ўзимизнинг чемпионатда қолиб кетди ва миллий терма жамоа даражасигача ҳам ета олмагани ачинарли.

махсталеив2

Исм-фамилияси: Сардор Собирхўжаев

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 06.11.94

Қаердан таклиф қилинган: «Пахтакор»

Ҳозир қаерда: «Пахтакор»

Собирхўжаев «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси сифатида жаҳон чемпионатида иштирок этди. Кейин эса у «Бунёдкор»га кетди. Лекин унинг фаолиятида шундай пайтлар бўлдики, сал қолса футболни тугатиб ҳам юборадигандек туюлганди, бизга. Чунки унга «Бунёдкор»да у қадар ишонч билдирилмади. Кейин бошқа жамоаларда ижара ўйнаб юрди. Ўша пайтларда Собирхўжаев кўпчиликнинг ёдидан ҳам чиқиб қолганди. Қачонки, Миржалол Қосимов уни «Бунёдкор»га қайтариб, ўзи шуғуллантирганидан кейин Сардор олдингидан кўра янада кучли футболчига айлана бошлади. Натижада Шота Арвеладзега футболчининг ўйини ёқиб қолиб, уни «Пахтакор»га қайтарди. Эндиликда эса кучли рақобатга эга бўлган «Пахтакор»нинг асосий таркибида доимий равишда ўйнаб, тажрибасини оширишда давом этяпти.

Исм-фамилияси: Давлатбек Ёрбеков

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 27.09.94

Қаердан таклиф қилинган: БЎСМ (Фарғона)

Ҳозир қаерда: клубсиз

Жаҳон чемпионатида Алексей Евстафеевнинг «сеҳрли таёқчаси» дея ном қозонган Давлатбек Ёрбеков ўз ўйинлари билан барчанинг эътиборини қозонганди. У асосан захирадан майдонга тушиб терма жамоамиз ўйинини кучайтириш орқали барчада илиқ таасурот қолдирганди. Кўпчилик қатори Ёрбековнинг ҳам келажаги порлоқ эканлиги ҳақида кўп гапирилганди. Ўша пайтда у Фарғонадаги болалар ўсмирлар спорт мактабида таҳсил олгач, кейин «Пахтакор» академиясига қабул қилинганди. Бироқ Ёрбековнинг фаолияти мундиалдан кейин негадир орқага кета бошлади. У ҳам бошқалар қатори клубларда ижарама-ижара юриб, сарсон бўлди. Охирги клуби эса Фарғоннинг «Истиқлол» клуби бўлди. Ҳозирда эса жароҳатини даволатиб юрибди.

мексика-20113

Исм-фамилияси: Бобур Давлатов

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 01.03.94

Қаердан таклиф қилинган: «Машъал»

Ҳозир қаерда: «Нефтехимик» (Россия)

«Машъал»нинг яна бир тарбияланувчиси Бобур Давлатов ҳам ўша пайтда терма жамоамизнинг  етакчилари қаторида эътироф этиларди ва шунга яраша у барча ўйинларда тўлиқ иштирок этган. Бошқа жамоадошларидан фарқли ўлароқ Давлатов кейинчалик легионер мақоми остида Россияга кетди ва у ерда «Рубин»нинг ёшлар жамоасида тўп сурди. Сўнг Қозоғистоннинг «Жетису» ва «Актобе» клубларида фаолият олиб борди. Ўзимизда эса «Насаф» билан «Локомотив»да ҳам ўйнади. Ҳозирда эса Россия биринчи дивизионида «Нефтехимик» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

давлатов_3

Исм-фамилияси: Азиз Муротов

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 21.01.94

Қаердан таклиф қилинган: «Бухоро»

Ҳозир қаерда: Россияда

Бухоролик Азиз Муротовни балки мухлислар унутиб ҳам юборишган бўлиши мумкин. Аммо ўша пайтда у терма жамоамизнинг муҳим фигураларидан бирига айлана олганди. Лекин у ҳам бошқалар қатори мундиалдан сўнг «йўқолиб» қолди. «Бухоро»да ҳам ўз ўрнини топа олмади. Натижада биринчи лигада ўйнаб юрди. Охирги маълумотларга қараганда, Муротов футболни тугатган ва тирикчилик илинжида Россияга ишлаш учун кетган.

Исм-фамилияси: Холмурод Холмуродов

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 29.06.94

Қаердан таклиф қилинган: «Машъал»

Ҳозир қаерда: «Шўртан»

«Машъал»да футболчи сифатида улғайган Холмурод Холмуродов ҳаминқадар фаолиятини эплаб келяпти ва ҳозирда про-лигада Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Лекин унинг ҳам фаолияти ёрқин кечмади.

Исм-фамилияси: Диёр Усмонхўжаев

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси: 07.02.94

Қаердан таклиф қилинган: РОЗК (Тошкент)

Ҳозир қаерда: мураббий

Яқин ўтмишдаги таниқли футболчилардан бири бўлган Ойбек Усмонхўжаевнинг ўғли Диёр Усмонхўжаев ҳам ўсмирлар терма жамоамиз билан бирга Мексикадаги жаҳон чемпионатига бориб келганди. Ўша мундиалдан кейин Диёр институтга ўқишга кирди. Кичик Усмонхўжаевнинг хизматларига клублар томонидан етарлича қизиқиш бўлмаганидан сўнг футболдаги фаолиятини барвақт тугатиб қўя қолди. Икки йилдан буён эса у «Бунёдкор» академиясида мураббий бўлиб ишлаб келмоқда.

Исм-фамилияси: Тимур Ҳакимов

Амплуаси: ҳужумчи

Туғилган санаси: 23.08.94

Қаердан таклиф қилинган: «Пахтакор»

Ҳозир қаерда: «Қўқон-1912»

Юлдузлик касалига дучор бўлган Тимур Ҳакимов кўплаб танқидлар остида қолиб кетди. Фаолиятини барқарор давом этмаслигига унинг ўзи сабабчи. «Пахтакор»да ўйнай олмади, кейин бошқа клубларда ижара асосида тўп суриб юрди. Лекин Ҳакимов яққол ажралиб тургани йўқ. Кейинчалик жароҳатлар ва бошқа сабаблар туфайли маълум вақт футболдан  четда юрганди. Бу йилдан эса унга «Қўқон-1912»да яна имконият берилмоқда.

Исм-фамилияси: Жасур Ҳакимов

Амплуаси: ҳужумчи

Туғилган санаси: 24.05.94

Қаердан таклиф қилинган: РОЗК (Тошкент)

Ҳозир қаерда: ОКМК

Терма жамоамиз сафида захирадан ўйинни кучайтириш учун фойдаланилган Жасур Ҳакимов ҳам фаолиятини бир маромда олиб боришга ҳаракат қилаётган футболчиларимиздан бири. Ҳар ҳолда у бошқа собиқ жамоадошлари каби фаолиятини тугатгани йўқ. У ўтган йиллар давомида олий лиганинг бир қатор клубларида тўп сурди. Ҳозирда Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК жамоасида ўйнаяпти.

мексика-2011 5

Исм-фамилияси: Нодирхон Камолов

Амплуаси: ҳужумчи

Туғилган санаси: 22.10.94

Қаердан таклиф қилинган: РОЗК (Тошкент)

Ҳозир қаерда: дисквалификация қилинган («Қизилқум)

Фарғоналик Нодирхон Камолов яқинда ЎФА томонидан келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши курашиш бўйича олиб борилган суриштирувларга кўра ана шундай ўйинларда иштирок этгани аниқланиб, олти ойга футболдан дисквалификация қилинди. Ўзи эса яқинда «Қизилқум»га қайтиб келганди. Лекин Камоловнинг ўша мундиалдан кейинги фаолияти бир текисда кетаётгани йўқ. Гоҳ биринчи лигада, гоҳ Суперлигада пайдо бўлиб қолмоқда. Энди эса у ярим мавсум мажбурий равишда футболдан четда юради.

Исм-фамилияси: Забиҳилло Ўринбоев

Амплуаси: ҳужумчи

Туғилган санаси: 30.03.95

Қаердан таклиф қилинган: «Бунёдкор»

Ҳозир қаерда: «Токусима Вортис» (Япония)

Ўша пайтда таркибдаги энг ёш ўйинчи бўлган Ўринбоев жамоанинг асосий ҳужумчиси эмасди. Чунки Тимур Ҳакимов биринчи рақамли ҳужумчи эди. Забиҳилло эса асосан захирадан майдонга тушарди. Аммо у шундан сўнг яна ўсишда давом этди ва турли ёшдаги терма жамоаларимиз сафида яна Осиё ва жаҳон чемпионатларида тўп сурди. Лекин унинг фаолияти асосан терма жамоаларда ёрқинроқ кечганини кўриш мумкин. Бироқ клублар миқёсига келганда негадир ўзи истаганчалик кечмаяпти. Айниқса, миллий терма жамоагача бўлган барча босқични босиб ўтди-ю, аммо бош жамоамиз сафидан жой олиш унга насиб қилмаяпти. Ҳозирда эса у Япониянинг иккинчи дивизионида фаолият олиб боряпти.

ўринбоев

Кўриб турганингиздек, озчилик футболчиларимиз фаолиятларини мунтазам равишда давом эттириб келишмоқда. Кўпчилиги эса фаолиятларини тугатишган ёки бошқа иш билан шуғулланишяпти. Ўша пайтдаги терма жамоамиз мураббийлар штабида ҳам ажойиб мутахассислар иш олиб боришганди. Бош мураббий Алексей Евстафеевга Аҳмаджон Мусаев билан Мурод Исмоилов яқиндан ёрдам беришган. Юқорида Евстафеевнинг Россияга кетгани ҳақида айтдик, аммо Мусаев ҳам анчадан бери футболдан кўринмай қолди. Исмоилов эса мураббийлик фаолиятини клубларимизда давом эттириб келмоқда. Ҳозирда «Металлург»да ишлаётган ушбу мутахассис ўша мундиалдан кейин футболчиларимизнинг нега кўзга ташланмагани ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Ўйлашимча, ўша пайтда йигитлар юқорироқ лигаларга кетмагани, шунингдек, жаҳон чемпионатидан кейин футболчилар ўз клубларининг асосий таркибларида ўйнаб кета олишмагани ҳам сабаб бўлган. Бунда эса клубдаги мураббийларни ҳам айбдор қилиб кўрсатиш у қадар тўғри эмас. Негаки, мураббийлардан биринчи навбатда барибир натижа сўралади. Шу билан бирга футболчиларнинг ўзларида ҳам айб бор. Айримларида ўша мундиалдан сўнш юлдузлик касали пайдо бўлган. Бунга Тимур Ҳакимовни мисол келтиришимиз мумкин. Ўйинчилар ўз  устида ишламай қўйишди. Ҳаммамиз биргаликда ўша йигитларни роса мақтадик. Кейин эса улар ўсишдан тўхтаб қолишди. Қолаверса, мураббийларга ўша футболчиларни майдонга туширишга журьати етишмади. Барибир натижа ҳам мураббийлар учун устивор вазифага айланганди. Ўша пайтда таркибдаги энг кучли ўйинчиларимиздан бири бўлган Аббос Махсталиев мундиалдан кейин «Монако»га бориб келди. Лекин футболчимиз кўрикдан ўта олмади. Уларнинг айтишича бўйича бундай ўйинчилар ўзимизда ҳам бор дейишган экан. Тимур Ҳакимовни «Рубин» чақирган ва олиб қоламиз дейишганида у қайтиб келган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!