“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси минглаб ватанпарвар ёшларни бирлаштирди

Кеча Тошкентда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва куч ишлатувчи тузилмаларининг вакиллари, ҳарбий ўқув-муассасаларининг курсантлари, ҳаваскор ва профессионал спортчилар иштирокида “Мен ғолиб” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Эрта тонгда 2000 нафарга яқин иштирокчи “Ҳумо Арена” спорт мажмуасининг ҳудудида 3 км ва 10 км масофаларга югуриш дастурларида қатнашиш учун тўпланди.

Оммавий югуриш мусобақаси Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош ҳамкори – «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов ҳам иштирок этишди. Расмийлар ўз нутқларида “Мен ғолиб” мусобақаси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, юртимиз фаровонлиги йўлида фаолият олиб бораётган хизматчилар ўртасидаги соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни янада тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Яна бир аҳамиятли томони мусобақада куч ишлатувчи тузилмаларнинг раҳбарлари ҳам оммавий югуриш мусобақасида ўз ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иштирок этишди.

“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасини ўтказишдан кўзланган энг муҳим мақсадларидан бири ҳарбий хизматчиларни фаол жисмоний ҳаракатда бўлишини таъминлаш, Қуролли кучлар ва куч ишлатувчи тузилмалар орасида дўстона алоқаларини ривожлантириш, улар орасида энг кучли жамоаларни аниқлаш ҳисобланади. Оммавий югуриш мусобақаси доирасида иштирокчилар ҳам яккалик, ҳам жамоавий оммавий югуриш мусобақасида ўз кучларини синайди.

“Мен ғолиб” кўчма кубогини қўлга киритиш учун бугун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакилларидан иборат 7 та жамоа кураш олиб борди. Шунингдек, Қуролли кучлар академияси, Жамоатчилик хавфсизлиги университети, ИИВ академияси, ФВВ вазирлиги, ДХХ академияси ва ДСҚ институти, куч ишлатувчи тузилмаларнинг ўқув юртлари курсантлардан шакллантирилган 6 та жамоа орасида ҳам беллашувлар ўтказилди.

Оммавий югуриш мусобақаси доирасида Ўзбекистон Қуролли кучлари ва куч ишлатувчи тузилмаларининг қудратини намойиш этувчи ҳарбий техника кўргазмаси ташкил этилди. Якунда 3 ва 10 кмга югуриш баҳсларида ўз йўналишларида ғолиб ва совриндор бўлган қатнашчилар тақдирланишди. Мусобақада Мудофаа вазирлиги спортчилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди.

Манба: МОҚ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!