"Менга Насруллаев ёқади, Ўрунов ҳақидаги савол мураккаб, Ўзбекистондаги гўзалликларни кўрмоқчиман" - Кержаков SPORTS.UZ сайтига яна қизиқарли мавзулар ва Қосимов ҳақида гапирди
Александр Кержаков! Бу ном қулоғимизга шунчалик сингиб кетганки, дарҳол унинг кимлиги ёдимизга тушади. Ҳа, бу ўша Россия футболининг афсоналаридан бири. Моҳир ҳужумчи ва тўпурар бўлган. Россия футболи тарихидаги энг яхши тўпурар.
Вақти келиб, Кержаков бутсаларини михга илиб, ўзини мураббийликка бағишлади. Унга энди ҳамма Александр Анатольевич деб мурожаат қилади.
Ёдингизда бўлса керак, ўтган мавсумда “Нижний Новгород” клубига устозлик қилганида ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев унинг қўли остида тўп сурди. Бир кам 40 ёшни “уриб” қўйган “Керж” илк бор Sports.uz сайти учун эксклюзив интервью беришга рози бўлди.
“Раҳбарият ҳамкорликни тўхтатишни маъқул топди”
- Александр Анатольевич, биз сизни футболчи сифатида яхши эслаймиз. Мураббий ролига ўтганингизга ҳали кўп бўлмади. Айтинг-чи, футболчи Кержаков билан мураббий Кержаков ўртасида қанчалик фарқ бор?
- Менга бу саволга жавоб қайтариш анча қийин бўлса керак. Чунки ташқаридан туриб қараган одамга бу сезилиши мумкин, аммо кишининг ўзига бир босқичдан иккинчисига ўтиш ўртасида ўзидаги фарқ сезилмаслиги тайин. Фақат шуни айтишим мумкинки, мураббий сифатида ўйинчилик давримдагидан кўра кўпроқ ҳиссиётларни туйяпман. Албатта, ғалаба қозонган пайтдаги ҳис-туйғу билан мағлубиятга учралган чоғдаги туйғу ўртасида катта фарқ бор. Бир сўз билан айтганда, ҳиссиётлар футболчилик давримдагидан кўра кучлироқ.
- “Нижний Новгород”да бинойидек ишлаб юргандингиз. Бизга айтинг-чи, истеъфога чиқарилишингиз натижалар билан боғлиқми ёки бунинг бошқа сабаблари борми?
- Клуб билан бир йилга мўлжалланган шартнома тузгандик. Менинг олдимга шундай вазифа қўйилганди: жамоани дивизиондан туширмасдан сақлаб қолиш. Биз бу вазифани аъло даражада уддаладик. Аммо менинг “Нижний Новгород” билан тузган шартномам ниҳоясига етиб қолди. Аксига олиб раҳбарият мен билан ҳамкорлик қилишни тўхтатишни маъқул топди. Улар бундай қарорлари сабабини менга айтганлари йўқ.
- Айни пайтда қандай иш билан машғулсиз?
- Ҳозирча тайинли бир иш билан шуғулланаётганим йўқ. Ўтган вақт давомида Москванинг “Динамо” ва ЦСКА каби клубларида амалиёт ўтказдим. Йокановичнинг “Динамо”да, Федотовнинг ЦСКАда олиб бораётган ишларини яқиндан кузатдим. Ҳозир асосан вақтимни Россия чемпионати баҳсларини томоша қилиш билан ўтказяпман. Шу билан бирга таклиф тушишини кутмоқдаман.
- Шу хусусида ҳам сўрамоқчи бўлиб тургандим. Айни пайтда бирор-бир жиддий таклиф йўқми?
- Ҳозирча ҳеч қандай таклиф йўқ. Кўриб турибсиз, барча лигаларда мавсум ўзининг қизғин палласига кириб улгурган. Ҳар бир жамоа таркиби тўла шаклланган. Шундай экан, бундай маҳалда таклифнинг келиб тушиши даргумон.
“Йўлдошевда яхшигина потенциал бор”
- “Нижний Новгород”да ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошевга устозлик қилдингиз. Бу ўйинчининг клубга таклиф қилиш борасидаги ташаббус кимдан чиққанлигини бизга айтиб бера оласизми?
- Таниш скаут менга ҳамюртингиз иштирокидаги ўйинлар ва машғулотлар тасвирга туширилган видеони юборди. Уни томоша қилар эканман, футболчи менга ёқиб қолди. Шунда у билан ишлаш ва ўз фалсафамга кўра майдонда фойдаланиш фикри туғилди. Чунки Иброҳимхалилдан тўғри фойдаланилса, ундан яхши самара кўриш мумкин. Бахтимга раҳбарият ҳам бу футболчини олиб келиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаган, ўшанда.
- Йўлдошевнинг потенциалини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Унда яхшигина потенциал бор. Лекин Йўлдошев ўз устида ҳали кўп ишлаши керак. Шунда ундан янада зўр ижрочи чиқиши мумкин. Иброҳимхалил тактик ва жисмоний томондан ўз устида кўп меҳнат қилиши даркор. Юқорида айтганимдек, мана шундай руҳда ишласа, ҳамюртингиздан зўр ижрочи етишиб чиқиши тайин.
“Шерзод Насруллаевни жамоамга таклиф қилган бўлардим”
- Александр Анатольевич, ўзбек футболи билан қизиқасизми ва у ҳақда нималарни биласиз?
- Ростини айтаман, қизиқмайман. Лекин 2010 йили “Зенит” билан мавсумолди йиғинида ўзбек футболи вакили билан тўқнаш келгандим. Ўша жамоа “Бунёдкор” эди. Шунингдек, “Том” клубида қўл остимда ўйнаган Виталий Денисовнинг ҳозирги кунга келиб Ўзбекистонга қайтганидан хабарим бор. Бундан ташқари, ўз вақтида Олег Пашишин билан Владимир Маминовнинг Ўзбекистон терма жамоаси учун майдонга тушганларини яхши эслайман. Шу билан бирга Йўлдошев, Шомуродов ва Насруллаев каби футболчиларингизни биламан. Агар “Нижний Новгород”да қолганимдами, Насруллаевни албатта клубга таклиф қилган бўлардим.
- Сиз “Насаф”даги Шерзод Насруллаевни назарда тутяпсизми?
- Ҳа, айнан уни.
- У ҳолда Насруллаевни “Нижний Новгород”га трансфер қилиш масаласида қандай муаммолар чиққан?
- Асосий муаммо бу пайтга келиб мен клубдан кетишга улгургандим. Шу боис ҳам бу ўтиш амалга ошмай қолган.
- Демак, уни олдин кузатган экансиз-да?
- Ҳа, Насруллаевни кузатиб келардим. У менга футболчи сифатида ёқади.
- Жуда яхши. Шунингдек, ўзбек футболининг афсонаси Миржалол Қосимовни ҳам яхши билсангиз керак-а? У ҳозир АГМК бош мураббийи!
- Ҳа. Мен уни техник салоҳияти ўта юқори бўлган футболчи сифатида жуда яхши эслайман. Айниқса, Қосимов стандарт вазиятлардан жуда усталик билан фойдаланарди. Менимча, уни нафақат мен, балки юртимиздаги барча ишқибозлар “Спартак-Алания”да намойиш этган қойилмақом ўйинлари орқали яхши эслашади. “Крилья Советов”дан фарқли равишда Қосимов “Алания”да ёрқин ўйинлар намойиш этган.
“Шомуродовнинг даражасини “Рома”даги бошқа футболчиларникидан кам санамайман”
- Элдор Шомуродовнинг Россия премьер-лигасида анча таниқли футболчи бўлганини гапиришади. У ҳақда нима деган бўлардингиз?
- “Ростов”да у кўплаб голлар киритган ҳолда бир мавсумни аъло даражада ўтказди. Шунинг ҳисобига лигада анча танилиб қолганди. Кейинги мавсумда эса ростовликлар “Женоа”дан келиб тушган фойдали таклифни рад эта олмай, Шомуродовни сотиб юборишни маъқул кўришди. “Женоа”да ҳам футболчингиз ўзини кўрсата олди ва А серияда йўқолиб қолгани йўқ. Шунинг ҳисобига бўлса керак, Шомуродовни лигадаги таниқли клублардан бири “Рома”га пуллаб юборишди. Аммо “Рома”да унга осон бўлаётгани йўқ. Биласизми, Италия чемпионатида машҳур клубларнинг бошланғич таркибидан жой олиш ҳар бир футболчи учун жуда қийин. Чунки бундай жамоаларда талаб юқори даражада бўлади. Ўтган мавсумда “Рома” иштирокидаги баъзи ўйинларни томоша қилдим. Элдор Шомуродов асосан захирадан майдонга туширилди. Шундай бўлса-да, у жамоа ўйинига киришиб кета олишини исботлади. Мен унинг даражасини “Рома”даги бошқа футболчиларникидан кам санамайман. Қисқаси, Шомуродов – жуда кучли футболчи. У ўзбек футболи довруғини топ-лигалардан бири ҳисобланадиган А серияда намойиш этмоқда, дейишим мумкин.
- Шунингдек, россиялик мухлислар орасида Россия терма жамоасига айнан Шомуродовга ўхшаган ҳужумчи етишмаяпти, деган гап-сўзлар ҳам юради...Бу борадаги фикрингиз?
- Унинг потенциалини мураббийлар баҳолашади. Охирги кезларда Шомуродов Моуриньонинг қўл остида тўп сурмоқда. Ташқаридан кузатар эканман, унда ҳужумчи учун керакли бўлган барча сифатларни кўраман. Элдор бош билан яхши ўйнайди, тўпга иккала оёғида зарба бера олади. Энг асосийси, унда жисмоний ҳолат жойида. Техникаси ҳам чакки эмас. Ишқибозларнинг гапларида жон бор. Россия терма жамоаси учун бундай сифатларга эга бўлган ҳужумчи ортиқчалик қилмасди.
- Яқинда Росссия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин билан гаплашиб, ундан интервью олгандим. Суҳбат давомида Карпинг менга Шомуродовнинг Италия А сериясидан кўра Испания Ла лигасига кўпроқ мос тушишини гапириб берди. Масалан, “Севиляь”га тўғри келишини айтди. Сиз эса илгари ушбу клуб шарафини ҳимоя қилгансиз. Бу фикрга қўшиласизми?
- “Севилья” – бу “Барселона”, “Реал” ёки “Атлетико” эмас. Бу клублар доим чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун курашишади. “Севилья” эса уларнинг даражасида эмас. Шомуродов Испания Ли Лигасининг 4- ва 8-ўринларида борадиган клублар ўйинига мос тушса керак. Чунки унинг ўйинчилик потенциали мана шунга жавоб беради. Эҳтимол, Валерий Георгиевич Шомуродовни мендан кўра яхшироқ билгани учун ҳам “Севилья” клубига мос тушишини айтган бўлиши мумкин.
“Ўруновни жамоавий эмас, балки индивидуал даражадаги футболчи деб ҳисоблайман”
- Агар имконият бўлса, Россия чемпионатидаги ҳаюртимиз - Остон Ўруновни бошқарувингиздаги клубга таклиф қилармидингиз?
- Ўруновни айтяпсизми?
- Ҳа, уни...
- Мураккаб савол. Қолаверса, Ўрунов майдонда мен амал қиладиган ўйин фалсафасидан сал бошқачароқ ҳаракатланади. Шу боис у билан ишлаш менга бироз қийин туюлиши аниқ. Устига-устак охирги икки мавсум Ўрунов учун ўта мураккаб кечди. Тўғри, дебют мавсум ёмон чиқмаганди. Боз устига Остоннинг ўйинчилик салоҳияти ҳам жойида. Лекин баъзида Остон Ўрунов майдонда индивидуал ҳаракатларига махлиё бўлиб қолади. Аксинча, футболчи бундай кезларда ўзини кўзлаши эмас, балки жамоа учун ўйнамоғи шарт. Агар шундай йўл тутса, ватандошингизда имконият юқори бўлиши тайин. Мен Ўруновни жамоавий эмас, балки индивидуал даражадаги футболчи деб ҳисоблайман.
“Ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрман”
- Кўпчиликни қизиқтираётган савол: агар сизга Ўзбекистонда ишлашни таклиф қилишса, бундай чорловни қабул қилармидингиз?
- Мен мана шундай таклифни икир-чикирига қадар обдон ўрганиб чиққан бўлардим. Шу боис таклифни қабул қилардим, дея тўлиқ ишонч билан айта олмайман. Аммо рад этишга ҳам шошилмаган бўлардим. Чунки мураббийларнинг ўзига хос иш услуби бўлади. Улар ҳаммасини атрофлича ўрганиб чиққанларидан кейин бир тўхтамга келишади. Мен ҳам бундай истакдан мустасно эмасман. Аввало, хизматимга қайси клуб қизиқаётганини ўрганишим керак бўлади.
- Масалан, ўзбек Суперлигасида номи чиққан бирор клуб ёки терма жамоада ишлашни таклиф қилишса-чи, қандай йўл тутардингиз? Бу сиз учун қизиқми?
- Ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрман.
- Мураббий сифатда орзуингиз қандай?
- Яқин 5-10 йилни олдиндан тасаввур қилишга одатланмаганман. Бироқ шуниси аниқки, мураббий сифатидаги фаолиятимни бундан кейин ҳам давом эттиришни хоҳлайман. Ишлаш орқали ҳар қандай мутахассис малакасини ошириб боради ва шунинг эвазига келажакда катта натижаларга эришиши мумкин бўлади. Менда ҳам бу истак юқори. Ўз соҳамнинг кўзга кўринган мутахассисларидан бирига айланишни истайман.
“Тилларда достон гўзалликларни ўз кўзим билан кўрмоқчиман”
- Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келишни истайсизми? Бизда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкент каби кўхна шаҳарлар бор...
- Афсуски, шу пайтгача Ўзбекистонга бориш насиб қилгани йўқ. Лекин мен билан мураббий сифатида ишлаган ёрдамчим яқинда Тошкентга бориб келди. Шунингдек, у Самарқандга ҳам ташриф буюрганини айтиб, ўз таассуротларини бирга баҳам кўрди. У шаҳарлар ажойиб эканлигини, лекин ҳавор ҳарорати жуда иссиқлигини ҳам сўзлаб берди (кулади). Умид қиламанки, бир кун албатта Ўзбекистонга бораман ва тилларда достон бўлган гўзалликларни ўз кўзим билан кўриб қайтаман.
- Агар сир бўлмаса, юртимизга келган ёрдамчингиз кимлигини айта оласизми?
- Нега сир бўлсин, у Владимир Казаков.
- Москванинг “Торпедо” клубида ҳамюртимиз Ҳожимат Эркинов ўйнашни бошлаганидан хабарингиз бўлса керак?!
- Албатта. Лекин ҳозирча унинг ўйинини кўрганимча йўқ. Лекин тез орада Эркиновнинг майдонда қандай ишларга қодирлигини кўрмоқчиман. Айтишларига қараганда, у жамоадаги илк кунидан бошлаб ўзидан ёмон таассурот қолдирмаган. Уни албатта майдонда қандай тўп суришини кўрмоқчиман.
“Терма жамоангизга жуда яхши мураббий устозлик қилмоқда”
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинларини кузатганмисиз? Эндиликда терма жамоамизга кўпчиликка яхши таниш бўлган мутахассис – Сречко Катанец устозлик қилиб келмоқда...
- Ростини айтаман, шу пайтгача терма жамоангиз иштирокида бўлиб ўтган ўйинларни кўрмаганман. Шундай экан, бу борда бир нарса дейишим қийин.
- Биласизми, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш Ўзбекистон терма жамоасининг орзуси. Ҳозирча биз учун армон бўлиб келмоқда. Ваҳоланки, аксарият ҳолларда термамиз сўнгги босқичга етиб келган, аммо бахтга қарши мана шундай босқичларда жамоамизга битта гол ёки бир очко етмасдан қолган. Шундан хабарингиз борми?
- Шомуродов Россияда ўйнаб юрган кезларида шунга ўхшаш воқеалар юз берганини эшитганим бор. Футболчи сифатида ўзим ҳам мана шундай ўтиш ўйинларида қатнашганим учун бунинг алами қанчалик оғир эканини биламан. Лекин терма жамоангизга айнан нима етишмаётганини тушунтириб бера олмасам керак. Ўзингиз айтганингиздек, энди термангизга жуда яхши мураббий устозлик қилиб келмоқда. Агар ишлар тўғри йўлга қўйилса, ҳаммаси ижобий томонга ўзгариши ҳеч гап эмас. Умид қиламанки, бир кун келиб терма жамоангизнинг орзуси албатта рўёбга чиқади.
Фикрлар