"Металлург" бош мураббийи: "Бироз хафа бўлдим"
Суперлиганинг аксар клублари ҳозир Туркиянинг Анталия шаҳрида янги мавсум тадоригини кўришмоқда. Биргина “Металлург” хориж йиғинини амалга оширмади ва ўз қароргоҳида шуғулланяпти.
Шу масалада клуб бош мураббийи Луисма Эрнандес билан суҳбатлашиш режамиз бор эди. Кеча бўлиб ўтган қуръадан кейин “Металлург” устози билан боғланишга қарор қилдик.
- Янги мавсум учун ташланган қуръа ҳақида нима дея оласиз?
- Қуръа ташлаш жараёнида ҳар доим мувозанатга асосланган календарь бўлишини хоҳлаймиз. Бу сафарги қуръа ташлаш маросими ҳам биз ҳоҳлагандек, яъни, мувозанатга эга бўлган календарь бўлди деб ўйлайман. Кучли ва куч йиғиб бораётган жамоалардан иборат ажойиб тақвим ҳосил бўлди.
- Жамоангиз чемпионатни “Нефтчи”га қарши ўйин бошлайди. Тахминингиз қандай эди?
- Албатта, боя айтганимдек, тақвим бўлишини хоҳлагандик ва шундай ҳам бўлди. Чунки дастлабки турларда кучли рақибларга тўп суриш биз учун қўшимча тажриба бўлади. Чемпионатда ҳар турдан-турга ўзининг шиддаткорлиги ва қийин ўтиши билан ёдда қолади. Ўтган мавсумда ҳам буни сезгандик. “Нефтчи”га келадиган бўлсак, кучли клублардан бири. Ушбу жамоани яхши биламиз. 1-турда бу рақибга қарши тўп суришимизни ҳисобга оладиган бўлсак, бугундан бошлаб рақибни ўрганишни бошлаймиз. Нафақат “Нефтчи”, балки кейинги рақибларимизни ҳам юқори даражада ўрганиб чиқамиз.
- Ҳозирда “Металлург”дан ташқари Суперлиганинг барча иштирокчилари Анталияда шуғулланишмоқда. Нима учун жамоангиз хориж йиғинига бормади?
- Албатта, мавсумолди тайёргарлигини жамоалар Туркияда ўтказишлари табиий ҳол. Шу даврда Ўзбекистондаги иқлим шароити мураккаб бўлгани учун одатда бундай пайтда аксар жамоалар Туркияга йўл олишади. “Металлург” жамоасининг ушбу сафарни амалга оширмаганига келсак, бу клуб томонидан чиқарилган қарор бўлди. Бу қарордан бироз хафа бўлдим. Лекин нима бўлганда ҳам клуб билан гаплашиб бир қарорга келдикки, барча шароитларни жамоага тайёрлашга ҳамда бор имкониятга мослашишга, ундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
- 15 февралда трансфер ойнаси якунланади. Ушбу санагача таркибга яна янги ўйинчилар қўшиладими?
- Албатта, “Металлург” жамоасига етарлича ўйинчиларни олдик. Уларнинг орасида легионер ўйинчилар ҳам бор. Ушбу йигитларнинг қилаётган меҳнатидан жуда мамнунмиз. Ўртоқлик учрашувларида салоҳияти янада ривожланиб бораётганини кўриб турибмиз. Бундан жуда хурсандмиз. 15 февралда трансфер ойнаси ёпилади. Унгача яна баъзи-бир ўйинчиларни ҳам кўришимиз мумкин.
- Хусниддин Ғофуров ҳам “Металлург” аъзосиг айланди. Ундан қандай фойдаланмоқчисиз?
- Чиқариладиган қарор клуб раҳбарияти ва бош мураббий ўртасида бўлади. Ҳар бир ўйинчини олишдан аввал ўзаро маслаҳатлашган ҳолда иш кўрамиз. Хусниддин Ғофуровга келадиган бўлсак, у иқтидорли футболчи. Ҳужумкор истеъдодга эга бўлган ўйинчилардан бири. Шу сабабли Ғофуровни жамоамиз сафига қўшиб олишга қарор қилдик. Бу футболчидан иложи борича мукаммал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар