"Металлург" клубига яна хорижлик мураббий келди
Бекободнинг “Металлург” жамоаси мураббийлар штабига янги мутахассис қўшилди. Бу ўтган мавсумда Суперлиганинг “Сурхон” жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган Карлос Хименес Санчесдир. Бугун “Металлург” ПФК ҳамда Хименес ўртасида бир йиллик ҳамкорлик юзасидан шартномага имзо чекилди.
Карлос Хименес 40 ёшда. 1982 йили Испанияда футбол бўйича жаҳон чемпионати якунлангандан кейин 11 кун ўтиб – 22 июль санасида Кастельон шаҳрида таваллуд топган. УЕФАнинг Про лицензиясига эга.
Мураббийлик фаолиятини 2005 йилда “Вильярреал” жамоасида бошлаб, мазкур клубда 2018 йилгача меҳнат қилди. 2018 йилда БААнинг “Ал Айн”, 2019 йилда Уммоннинг “Ал Оруба”, 2020-2021 йилларда эса Қувайтнинг “Ал Салмия” жамоаларида ишлаган.
Ўтган мавсумда эса Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрди ҳамда Термизнинг “Сурхон” жамоасида Анхель Лопесга ёрдам берди.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар