"Металлург" назорат ўйинида "Сўғдиёна"ни йирик ҳисобда енгди

ФИФА кунлари муносабати билан миллий чемпионатимизда юзага келган танаффусни жамоалар ўртоқлик назорат учрашувлари билан тўлдиришмоқда. Ҳафталик тайёргарлик циклини бугун “Металлург” жамоаси ўз ўйида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасига қарши кўрик ўйини билан якунлади. 

“Металлург” марказий стадионида кечган баҳс қизиқарли курашларга бой бўлди. Ҳар иккала жамоа мураббийлар штаби бўлғуси рақибларининг ўйин услубларидан келиб чиқиб, ўйин тактикаларини шакллантириш борасидаги режаларини кўздан кечириб олишди.

Ўйин мезбонларнинг устунлиги остида ўтди ва у қайд этилган ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Даставвал майдон эгаларининг хавфли ҳужумини қайтариш чоғида меҳмонлар ҳимоячиси Исломжон Қобилов тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Биринчи тайм ўрталарига келиб жароҳатдан қутилиб, жисмоний тайёргарлигини маромига етказиб бораётган Шаҳзоджон Неъматжонов ҳисобдаги фарқни оширди.

Иккинчи таймда эса жамоа сардори Забихилло Ўринбоев ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди – 3:0. Ҳар иккала жамоа мураббийлари ихтиёридаги барча ўйинчиларни майдонга тушириб кўришди. 

Эслатиб ўтамиз, “Металлург” Суперлиганинг навбатдаги учрашувини 19 октябрь санасида Олмалиқ шаҳрида “Андижон”га қарши ўтказади. Ўйин соат 17:15 да бошланади.

Назорат учрашуви
"Металлург" – "Сўғдиёна" – 3:0.
Бекобод. 12.10.2024 йил. "Металлург" марказий стадиони.
Голлар: Ислом Қобилов (автогол), Шаҳзоджон Неъматжонов, Забихилло Ўринбоев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!