"Металлург" ўз таркибини икки легионер ва маҳаллий футболчилар билан кучайтирди

Янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси ўз таркибига бир футболчини қўшиб олганини эълон қилди. Унга кўра, Филип Стаменкович, Марко Обрадович, Абдужалил Маназаров ҳамда Риал Исломов энди бекободликлар шарафини ҳимоя қилади.

Стаменкович 24 ёшда. “Вождовац” футбол клуби тарбияланувчиси. Профессионал футболчилик фаолиятини 2017 йили Белграднинг “Раднички” жамоасида бошлаган. Кейинчалик Враньенинг “Динамо” (2019-2020), Чаетинанинг “Златибор” (2020-2021) ҳамда Москванинг “Велес” (2021-2022) жамоаларида ҳаракат қилган.

Филип Стаменкович – 24 ёшда, 1998 йилнинг 15 сентябрь санасида туғилган
Туғилган жойи – Ниш шаҳри, Сербия
Бўйи – 191 см
Вазни – 83 кг
Амплуаси – ҳимоячи.

2020 йилги мавсум “Нефтчи” клуби таркибида Про лига баҳсларида иштирок этиб, жамоа тўпурари бўлган Марко Обрадович “Металлург” билан шартнома имзолади. Сербиялик футболчи янги мавсумда бекободликларнинг ҳужум чизиғини кучайтириши кутиляпти.

Ўсмирлик чоғида Сербиянинг “Земун” (2008) ҳамда “Партизан” (2009) футбол клуби мактабида таҳсил олган Марко катта футболга Бельгиянинг “Эйпен” жамоаси орқали кириб келди. Ушбу жамоани 44 та ўйинда 11 та голи билан кучлилар сафига қайтишига ёрдам бергач Обрадовичга “Серан” клуби қизиқиш билдирди. 2013-2017 йиллар мобайнида эса Босниянинг “Радник” жамоасида тўп тепди. 2017 йилнинг ёзида эса у Қозоғистоннинг “Актобе” жамоаси аъзосига айланди. Шундан сўнг унинг собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги футболчилик фаолияти бошланди. Россия Федерациясининг “Енисей” (2018), Беларуснинг “Торпедо-БелАЗ” (2019), Қозоғистоннинг “Оқжетпес” (2020) ва Фарғонанинг “Нефтчи” (2021) клубларида ўйнади.

2005 йилдан 2008 йилгача Сербия ўсмирлар (U16) ва ёшлар (U17) терма жамоасида ўйнаган бўлса, 2010 йили Черногория (U19) ёшлар терма жамоасига жалб этилди.

Марко Обрадович – 31 ёшда, 1991 йилнинг 30 июнь санасида туғилган
Туғилган жойи – Белград, Сербия
Бўйи – 187 см
Вазни – 83 кг
Амплуаси – ҳужумчи.

Бекободнинг “Металлург” жамоаси ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш, рақобатни ошириш мақсадида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўйинчиси Абдужалил Маназаров билан шартнома имзолади.

Абдужалил 24 ёшда. Ўтган мавсумни “Сўғдиёна” таркибида ўтказган Маназаров учта фронтда – Ўзбекистон чемпионати, кубоги ҳамда ОФК кубоги мусобақаларида баҳс юритиб, катта тажриба тўплади. Мамлакат чемпионатида 13 та учрашувда майдонга тушди ва рақиб дарвозасига 1 та гол киритди, 4 бор сариқ карточка билан жазоланди. Эътиборли жиҳати унинг ягона голи “Металлург” билан бўлган учрашувда киритилган бўлиб, бу гол “Сўғдиёна”ни мағлубиятдан қутқариб қололмаган. Ўзбекистон кубоги ҳамда ОФК кубокларида эса 5 тадан ўйинда қатнашган ҳамда 1 та гол киритган.

Абдужалил Маназаров – 24 ёшда, 1998 йилнинг 12 октябрь санасида туғилган.
Туғилган жойи – Фарғона вилояти
Бўйи – 181 см
Вазни – 73 кг
Амплуаси – ярим ҳимоячи.

“Пахтакор” ҳамда Ўзбекистон U20 терма жамоаси аъзоси, иқтидорли ярим ҳимоячи Риан Исломов янги мавсумдан эътиборан “Металлург” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Риан билан жамоа икки йиллик шартнома имзолади.

Фарғона футболи тарбияланувчиси бўлган Риан Исломов 19 ёшда. “Нефтчи” U19 жамоасидаги фаолиятидан сўнг, ўтган мавсум “Пахтакор” U21 жамоасига ўтиб, Ўзбекистон биринчилиги баҳсларида майдонга тушди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибидаги 3 та ўйинида рақиблари дарвозасини 2 марта аниқ нишонга олди.

Риан Исломов – 19 ёшда, 2004 йил 11 февраль санасида туғилган
Туғилган жойи – Фарғона вилояти
Бўйи – 180 см
Вазни – 71 кг
Амплуаси – ярим ҳимоячи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!