"Металлург" Ўзбекистон Кубогидаги 1 та ўйинни Бекободда ўтказадиган бўлди

Бекободдаги стадион Суперлига ва Пролига клублари майдонига қўйилган талабга мос келмагач, "Металлург" ўз шаҳрида уй ўйинларини қабул қила олмаяпти ва Суперлига доирасида рақибларини ОКМК стадионида қабул қилмоқда. 

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи доирасида "Металлург" "Нефтчи", "Дўстлик" Тошкент ва Сирдарё ФА жамоаларига қарши кураш олиб боради. Мана шу рақиблардан фақатгина Сирдарё ФА билан уй учрашувида, қолган икки рақиб билан эса сафар ўйинларида иштирок этади. 

Ўзбекистон Кубогида майдонлар бўйича талаб нисбатан юмшоқ. Боиси унда биринчи лига жамоалари ҳам ўз омадини синаб кўради. Мазкур жамоалар майдони минимал талабга жавоб берса, унда Суперлига клуби ҳам меҳмон бўлиши мумкин. Акс ҳолда мезбон жамоа ё бошқа нейтрал стадион топади ёки рақиб майдонига сафар этади. 

Мазкур ҳолатни инобатга олиб, "Металлург" гуруҳ босқичи доирасидаги ягона уй учрашувини Бекободда ўтказиш масаласида рухсат сўради ва Лига бу таклифни қабул қилди. 12 апрель куни "Металлург" Бекобод шаҳрида Сирдарё ФА жамоасини қабул қилади. Бу билан клуб ОКМК майдони учун тўланаётган ижара суммасини иқтисод қилади, қўшимчасига, ОКМК майдони 1 та қўшимча юкламадан халос бўлади. 

"Металлург"нинг Суперлига доирасида Бекободга қачон қайтиши маълум эмас. Ҳаммаси клубнинг ўзига боғлиқ. Мазкур масала Бекобод шаҳридаги стадион Лига талабларига мослаб таъмирдан чиқарилгач, қайта кўриб чиқилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!