"Металлург"да мени топ даражада қарши олдилар, ўзимга-ўзим катта мақсадлар қўйдим, бундан ҳам кучлироқ бўлиб қайтаман" - Даврон Ҳошимов

“Металлург” клуби иккинчи даврага тайёргарлик кўриш жараёнида селекция ишларини фаол олиб борган ҳолда таркибига бир қатор футболчиларни қўшиб олди.

Уларнинг орасида 32 ёшли тажрибали ҳимоячи Даврон Ҳошимов ҳам бор. Биринчи даврани про лигада “Бухоро” таркибида ўтказган футболчи яна Суперлигага қайтди.

Барча расмиятчиликлар ҳал бўлгач, футболчи Sports.uz сайтига интервью берди.

- Даврон, ниҳоят яна Суперлигага қайтдингиз. Бу режангизда бормиди ёки ҳаммаси тўсатдан юз бердими?

- Биласиз, жиддий жароҳатни бошимдан ўтказдим. Жароҳатдан кейин яна Суперлигага қайтиш ниятим бор эди. Йил бошида жароҳатим бўлишига қарамасдан Улуғбек Бақоев менга ишонч билдирди ва жамоасида олиб қолди. Қийин вазиятни ортда қолдириб, “Бухоро” таркибида бир қатор ўйинларда майдонга тушдим. Ўзимни яхши томонлама кўрсатганимдан сўнг “Металлург” раҳбарияти қизиқиш билдирдилар. Улар “Бухоро”га алоқага чиқишди. Иккала раҳбарлар келишишганидан сўнг мени трансфер қилишди. Бундан хурсандман. Ўзим ҳам кутгандим. Иложи борича “Металлург” жамоасини Суперлигада олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Катта масъулият бўлади. Футболчида бир қадам орқага, икки қадам олдинга бўлиб туради. Шу нарса бошимдан ўтди. Футболда ҳар хил ҳолатлар бўлар экан. Футболчига оғир жароҳатдан кейин про лигада ўйнаб, яна Суперлигага қайтиши катта масъулият талаб қилади. Шунга қарамасдан, ўз имиджимизни, номимизни оқлашга ҳаракат қиламиз. “Металлург”да раҳбарият ва мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлишини хоҳлаймиз.

- Жойингиз камида Суперлигада. Бир қадам орқага ва икки қадам олдинга деб тўғри айтдингиз. Про лигада ўйнаб юрган кезларингизда нималарни ўйладингиз ва энди Суперлигага қандай иштиёқ билан қайтяпсиз?

- Кеча келиб туриб оила-аъзоларимга шу нарса ҳақида айтгандим. Про лигада тўп суришим менга катта туртки бўлди. Суперлигани қанчалик қадрлашни, про лигани ҳам кучлилигини билдим. Ўша ердаги муҳитни ҳис қилиб юрдим ва бу орқали ўзбек футболи чиндан ҳам шунчалик кучлими, деб ўйладим. Олдин про лигада ўйнамаганим учун билмасдим. Аммо у ерда ўйнаб шуни билдимки, ростдан футболга жиддий эътибор қаратилаётганига яна бир бор амин бўлдим. Про лигани ҳар бир ўйини худди финалдек эди. “Пахтакор” ва “Навбаҳор”даги ўйинларим ёдимга тушди. Суперлигадан таклиф бўлганидан кейин куни кеча “Металлург” таркибида ўртоқлик учрашувида 70 дақиқа тўп сурдим. Бу ерга ўзим учун катта мақсад билан келдим. Савиянгни кўтар, олдинги Дарвонга қайт, деган мақсад билан қайтдим. Про лигада ўйнаб кўп нарсани кўрдим ва ўргандим. Футболни қанчалик қадрлашни, футбол қанчалик муҳимлигини про лигада ўйнаб сездим. Суперлигада ўйнаётган ўйинчиларга ўз имкониятидан албатта фойдаланиш муҳимлигини айтган бўлардим. Баъзи-бир ўйинчилар майдонга тушмаса, захирада қолса, дарров кетаман деб гапиришади. Бундай фикрни унутиб, захирадан майдонга 5 ёки 10 дақиқага тушса ҳам шу имкониятдан фойдаланиб қолиши қанчалик муҳимлигини ҳис қилишларини истардим. Мен бу нарсани кўриб келдим ва тажрибамда кечирдим.

- Ўтган вақт давомида сизни қисман унутган мухлислар бўлиши мумкин. Суперлигага қайтгач, ўз кучингизни исботлаш иштиёқингиз кучлими?

- “Бухоро” билан Хўжанддаги йиғинда эдик. Ўша ерда мени “Металлург”га чақиришди. 80 фоиз ҳал бўлди, у ерга боравергин деб айтишди. Мени чегарада машина кутиб туриши керак эди. Бир ярим соат йўл давомида ўзимга-ўзим мақсад қилиб келдим. Даврон, бу сенга яна бир имконият, деб ўзимга-ўзим катта мақсадлар қўйдим. Худо хоҳласа, бундан ҳам кучлироқ бўлиб қайтаман. Худога шукр, ҳолатим анча яхши. Олдин фақат кучга таяниб ўйнардим. Энди мен кўп нарсани кўриб келдим ва шундан келиб чиқиб ўйнайман. Олдин бундай эмасди, кўрмаганман ва майдонга чиқиб ўхшаса ўхшади, бўлмаса йўқ, қабилида ўйнардим. Энди бундай бўлмайди ва бу нарсага қайтмайман. Бундан буёғига икки ҳисса куч билан ўйнайман.

- “Металлург” фаолиятингизда янги саҳифа. У ерда сизни қандай қарши олишди ва дастлабки таассуротларингиз қандай?

- “Металлург” жамоасига миннатдорчилик билдираман, мени илиқ кутиб олдилар. Про лигадан келдим деб ўйлаганим йўқ. Худди “Пахтакор” ёки “Навбаҳор”дан келгандек ўйладим, тўғриси. Ҳаммаси хушмуомала ва мени топ даражада қарши олдилар. Жамоа зўр қабул қилди. Хурсанд бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, “Бухоро” клубига алоҳида миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман. Улуғбек Бақоев, мураббийлар штаби, Шавкат Саломовга катта раҳмат. Операция бўлиб юролмайдиган пайтимда ҳам улар менга ишонч билдиришди, шартнома таклиф қилишди. Суперлигага чиқишини тилакдошиман ва бу вазифани бажаришгач, мени яна таклиф қилишса, уларнинг таклифини рад эта олмайман. Чунки бундай оғир жароҳат пайтида ҳеч ким сиздан бундай ҳол-аҳвол сўрамайди. “Бухоро” эса мени мана шундай паллада ҳам қўллаб-қувватлади. Улар менга ойлик маош беришди, ўйнай олмасам ҳам ўзлари билан олиб юришди. Бунинг учун катта раҳмат.

- Иккинчи давра “Металлург” учун жуда муҳим. Биласиз, бекободликлар биринчи даврада ғалаба қозонгани йўқ. Энди клубни қандай бўлмасин Суперлигада сақлаб қолишмоқчи ва бунинг учун сиз каби тажрибали футболчилар жалб қилинмоқда. “Металлург”нинг лигада қолиш потенциалини қандай баҳолаяпсиз?

-  Ўртоқлик ўйинида ўйнадим, жамоа 60 фоизга ўзгарган. Яхши савиядаги 2-3 та легионерларни кўрдим. Жамоада ўйин стратегияси бор. “Бухоро”да шу нарсани билдимки, футболда ҳамжиҳатлик кўп нарсани ҳал қилади. Бу нарса “Бухоро”да кучли эди. Жасур Ҳасанов, Виталий Денисов, Артём Филипосян каби етакчи футболчилар жамоани аҳилликда ушлаб туришарди. Шу боис у ерда ҳамжиҳатлик жуда кучли. Шу нарсани ҳам “Металлург”га олиб кирамиз. Кеча футболчиларга ҳам айтдим, ўтган иш ортда қолди. Биз бир жамоамиз ва ҳаммамиз битта мақсад учун курашамиз, деб йигитлар билан келишиб олдик. Ҳар бир ўйинга финалга чиққандан чиқамиз. Бор эътиборимиз 4 август куни бўладиган учрашувга қаратилган. Йўқотадиган нарсамиз йўқ. “Металлург” раҳбарлари ҳам ҳамма ишонч билдирган футболчилар шу ерда, энди ҳеч ким қўшилмайди, сизлар билан жамоани сақлаб қолишимиз керак, деб ишонч билдиришди.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
30/07/2024 09:01
"мени топ!" даражаси, қанақа даража?!
&
Адхамжон Низомов
29/07/2024 17:02
Жарохат олиш огирлигини билдингми? Хар ишни жавобини Худо курсатиб куяди.Пичокни олдин узинга ур, огримаса бировга....