Миллатлар Лигаси. Англия - Бельгия: Превью

УЕФА Миллатлар Лигаси А лигасининг 2-гуруҳида сентябрь ойида қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди. Дастлаб, Англия Исландияни минимал ҳисобда енгди. Параллел учрашувда Бельгия Даниядан 2:0 ҳисобида устун келди. Скандинавияликлар келгуси турда “уч шерлар” билан нурсиз дурангга имзо чекди. Бельгиялик “қизил иблислар” Исландия дарвозасига нақд 5 та гол урди, тоғликлар эса 1 маротаба жавоб қайтаришга эришди.

Гуруҳдаги вазият жиҳатидан Исландияга ҳавас қилиб бўлмайди. Сентябрдаги турнирга етакчиларсиз ташриф буюрган жамоа ўта суст футбол намойиш этди ва уларни бемалол иккала мағлубиятга ҳам лойиқ, десак бўлади. Дания эса, ҳар иккала ўйинда ҳам гуруҳ фаворитларига етарлича қийинчилик туғдирди. Биринчи баҳсда бельгияликлар тезкор гол орқали ҳисобда олдинга чиқиб олди. Олдинга ўтишга мажбур бўлган данияликлар ўйин якуни арафасида чарчаб қолишди. Уюштирилган ҳужумлар самара бермагани етмагандек, иккинчи гол ҳам ўтказиб юборилди. 

Саутгейт шогирдлари намойиш этаётган ўйинни ҳам оқлаб бўлмайди. Индивидуал маҳоратгина уларга Исландия устидан ғалаба келтирди. Данияга эса, бу “ҳунарлари” ўтмади. Ўша пайтда содир бўлган Гринвуд ва Фоден билан боғлиқ шармандали воқеалар жамоа руҳиятига ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. 

Ғолиблар муҳокама қилинмайди. Бельгиянинг ишлари Англияга қарши ўтадиган бугунги баҳсгача ўз ўрнида эди. Уларнинг асл кучига мана энди баҳо бера оламиз. 

photo_2020-10-11_11-41-43

Англия

Инглизлар тобора кучайиб бормоқда. Ҳақиқатан ҳам, энди уларни исталган мусобақада фаворит жамоалар қаторига қўшсак бўлади. Мисол тариқасида, Миллатлар Лигаси жорий йилги мавсуми ва 2021 йил ёзида бўлиб ўтиши режалаштирилган Европа чемпионати беллашувларини кўрсатишимиз мумкин. Миллатлар Лигасининг финал босқичига йўл олиш учун Англияда жуда яхши имконият мавжуд. Нафақат якуний тўртликдан жой олиш, балки унда ғолиб чиқиш учун ҳам Саутгейт шогирдларида потенциал етарли. Англия клублари евромайдонда кучайиши терма жамоада ҳам акс этмоқда ва ҳозирги таркибни бемалол “олтин авлод”, деб аташимиз мумкин. 

Тахминий таркиб: Пикфорд, Арнольд, Чилуэлл, Магуайр, Гомез, Райс, Хендерсон, Санчо, Стерлинг, Грилиш, Кейн.

photo_2020-10-11_11-41-43 (3)

Гарет Саутгейт: “Абрахам ва Санчо бугун эрталаб яхши машғулот ўтказди, демак, ҳамма эртанги ўйинга тайёр - йўқотишлар йўқ. Улар бир нечта машғулотларни ўтказиб юборди, бу уларнинг ҳафта давомида қайта тикланиши учун вақт талаб қилди. Аммо футболчилар умумий гуруҳ машғулотларига қайтди ва ишлашда давом этиши мумкин. Биз Рэшфордни алоҳида олқишлаб қўйдик. Унинг жамоадошлари сифатида Маркусда инсоний ва профессионализм томонидан ўсишни кўрмоқдамиз ва у атиги 22 ёшда. Унинг эришган ютуқларидан ҳайратга тушмай иложинг йўқ”. 

photo_2020-10-11_11-41-44

Бельгия

Англиянинг кучли таркиби ҳақида гапирдик, аммо Бельгияда “олтин авлод” шаклланган футболчилар асосига қурилган кучли жамоага айланиб улгурди. Шунчаки, бу юлдузлар эпкини ўз даражасига ва номига мос натижаларни қўлга кирита олмади. Миллатлар Лигаси ва олдинда турган "ЕВРО-2020"* баҳсларида гуруҳдаги рақиблари сингари уларда ҳам ғалаба қозониш учун катта имконият мавжуд. 

“Уч шерлар”дан фарқли равишда “қизил иблислар” очко йўқотмаган. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган тақдирда, улар гуруҳ ғолиблиги учун жуда катта қадам ташлаган бўлади.

Тахминий таркиб: Куртуа, Вертонген, Денайер, Алдервейрелд, Кастань, Менье, Тилеманс, Де Брюйне, Мертенс, Азар, Лукаку.

photo_2020-10-11_11-41-44 (2)_1

Роберто Мартинес: “Бизнинг гуруҳ анча жиддий. Дания ва Англия гуруҳдан чиқиш учун жуда яхши имкониятга эга. Бу гуруҳ тақдири ноябрда ҳал бўлади. Сўнгги йилларда ушбу жамоалар улкан ўсишга эришди. Англия жаҳон чемпионатидан сўнг анча кучайди. Халқаро миқёсда узоқ муддат мураббийлик қилиш кўп нарсани англатади. Саутгейт ушбу жамоани ҳар тарафдан кучайтириб бормоқда”.

5133638

Хулоса ўрнида

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бельгиянинг ғалабаси амалда кўп жиҳатдан Англиянинг имкониятларини пасайтириб юборади. Биз нейтрал мухлисларга гуруҳ интригаси учун инглизлар ғалабаси ёхуд дуранг фойдали бўларди. Аммо футболда кучли тараф ғалаба қозонавергани маъқул. 

Ҳар иккала жамоада ҳам етакчилар йиғинга жалб қилинган. Куннинг марказий беллашувида улардан кучли ўйин кутиб қоламиз. 

Бахтимизга, иккала жамоа таркибида ҳам жиддий йўқотишлар йўқ ва бу бизга шиддатли қарама-қаршиликни ваъда қилмоқда.

*Европа чемпионати 2021 йилда ўтказилса ҳам унга берилган ЕВРО-2020 номи сақланиб қолиши белгиланди.


Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!