"Минбар берилмаган даврада нутқ сўзлашнинг иложи йўқ"
Қишда "Барселона" Бразилиянинг "Атлетико Паранаэнсе" клубидан Витор Рокени сотиб олди. Клуб ушбу трансфер учун 40 миллион евро сарфлади.
Шундай бўлса-да, бош мураббий Хави унга жорий мавсумда ўйин амалиёти бермади. Клуб эндиликда уни сотиб юборишга ҳам рози. Унинг агенти ҳам мижозининг ҳолати борасида ўз эътирозларини матбуотга айтиб, вазиятни Винисиусда бўлган прогресс билан таққослади.
Агентнинг фикрича, "қироллик клуби" бразилиялик вингернинг ҳозирги даражага чиққунича 2.5 йил сабр қилган ва унга камроқ ўйин амалиёти бериб бўлса ҳам жамоада ушлаб турган.
Дарҳақиқат, ушбу солиштирувда жон бор. Виторнинг потенциали анча юқори. "Барселона" эса 40 миллион еврога сотиб олинган футболчига етарли вақт бермай туриб, унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаслиги мантиққа тўғри келмайди.
Балки сабр қилишни каталонияликлар ашаддий рақиби бўлган "Реал"дан ўрганиши керакдир. Мисол учун, жуда кам ўйин амалиётига эга бўлган ва кутилган натижани қайд эта олмаган Гюлерни Мадрид гранди сотишга шошилмаяпти. Келажак учун олинган футболчи у. Бугун бўлмаса, эртага ўз сўзини айтиши мумкин.
Минбар берилмаган даврада, нутқ сўзлашнинг иложи йўқ. Минбарга чиқиб довдираб қолинса, кейин хулосага келиш керак.
K.X
Фикрлар