Миржалол Қосимов: "Гол етишмади, рақибни кучсиз демайман"
“Қўқон-1912” – АГМК (0:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Миржалол Қосимов иштирок этди.
- Қизиқарли ва курашларга бой ўйин бўлди. Ҳақли равишда дуранг бўлди. “Қўқон-1912” қарши ҳужумларда яхши ҳаракатланди. Қолаверса, Норбеков бизга қийинчилик туғдирди. Иккинчи бўлимда ўйин тизгинини қўлимизга олдик. Лекин бундай ўйинларда кўп имконият бўлмайди. Вазиятларимиз бор эди, футболчиларимиз гол уришлари керак эди. Ўйин вақти ўтиб боргани сари ўйинчиларда кўп “брак”лар бўлади. “Қўқон-1912” жамоасини ҳам тушуниб турибмиз, улар пастки ўринлардан бирида. Дуранглар ўйнаяпти. Биз эса юқори мақсадларни қўйганмиз ва бундай баҳсларда ютишимиз керак. Лекин шунақаси ҳам бўлиб туради.
- “Қўқон-1912” сафида 4 та асосий футболчи ўйнамади. Ишқибозлар наздида улар асосий ўйинчилар эди. Кучсизланган “Қўқон-1912”ни ютиш учун сизларга нима етишмади?
- Гол етишмади. Кучсиз демайман. Жадвалда бундай ўриндаги жамоалар билан ўйин жуда ҳам қийин. Суперлигада қолиш учун жон-жаҳди билан курашяпти. Мухлислар учун гол керак, ғалаба керак. Ўз жамоаси учун мухлислик қилишади. Иккинчи бўлимда гол урганимизда ўйин янада бошқача бўларди. Ўйин янада очиларди. Ўзинглар ҳам гувоҳ бўлдинглар, жамоа иккинчи рақамда ҳаракат қилди. Бунақада ёриб кириш қийин.
- Валижон Раҳимов захирада қоляпти...
- Унда жароҳат бор.
- Кейинги турда “Пахтакор” билан ўйинда бугунги йўқотилган очкони тўлдиришга ишонасизми?
- Ҳар бир ўйинга тайёрланамиз, ажратмаймиз. Тақвим бўйича ўйнаймиз. Ким билан ўйнашимиздан қатъий назар доим чиройли ўйин кўрсатиш ва албатта ғалаба учун чиқамиз.
- Ўзбекистон Кубоги ярим финалида Қаршида “Насаф” билан ўйнайсизлар. Финалга чиқишга ҳаракат қиласизларми?
- (Кулади) Албатта. Ҳамма ҳаракат қилади. Ярим финалгача келиш ўзидан-ўзи бўлмади. Ҳаммаси ўзимизни қўлимизда. Яна Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш учун имконият. Жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиламиз. Қолгани Аллоҳдан, насиб қилгани!
Фикрлар