Миржалол Қосимов: "Рақиб ёмон жамоа эмас"
ОЧЛ гуруҳ босқичи, 2-тур доирасидаги ОКМК - “Эйр Форс” учрашувидан олдин ташкиллаштирилган матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов билан биргаликда футболчи Ислом Тўхтахўжаев қатнашди.
Миржалол Қосимов: Фурсатдан фойдаланиб бугунги устозларни байрами билан табриклаб қоламан. Қолаверса, Тимур Кападзе жамоаси Саудия Арабистонини ютиб ярим финалга чиқди. Уларни ҳам ғалаба билан табриклайман. Эртанги ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Гуруҳимизда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Имкониятимиз бор. Гуруҳда вазиятни тўғирлаш мумкин. Шундай экан, шогирдларимга ишонаман. Бугунги кўтаринки кайфиятни эртага давом эттиришади, деб ўйлайман. Мақсадимиз «Эйр-Форс» устидан ғалаба қозониш.
Савол: Жамоа бу мавсумда гол ўтказиш бўйича сўнгги 4 йилдаги энг ёмон натижасини қайд этмоқда. Охирги 3 та ўйинда дарвозадан 9 та тўп олиб чиқилди. Мазкур муаммони эртага қандай ҳал қилмоқчисиз?
Миржалол Қосимов: Албатта, бу эътибор қилишимиз керак бўлган нуқта. Иложи борича хатони камайтириш керак. Оддий вазиятларда тўп йўқотиш ҳам кўп муаммога олиб келади. Бир-бирини ҳимоя қилиб, ёрдам бериб ҳаракат қилиш лозим. Ҳақиқатдан ҳам жуда кўп гол ўтказиб юборяпмиз. Бу бизга ярашмайди. Нафақат ОЧЛда балки ўзимизни чемпионатда ҳам стандарт вазиятларда диққатни йўқотмоқдамиз. "Металлург" билан илк дақиқалардан стандартдан тўп олиб чиқдик. »Пахтакор« билан ўйиндаги иккинчи голни ҳам айтиш мумкин. Ўйлайманки, эртага бунга чек қўйилади.
Савол: “Эйр-Форс” “Ал Иттиҳод” фонида жарангдор кўринмаса ҳам жиддий рақиб дейиш мумкин. Чунки жамоа сўнгги бор 24 июнь куни мағлубиятга учраган ва мавсумни иккинчи ўринда якунлаган. Бу борада рақиб қанчалик ўрганилди?
Миржалол Қосимов: Эртага майдондда ном ўйнамайди. Инсон ҳаракат қилади. Рақиб ёмон жамоа эмас. “Эйр-Форс”нинг “Сепахон” билан кечган учрашувни кўриб чиқдик. Рақиб ўйин давомида 5 та ҳимоячи билан ҳам ўйнай олади. Ўйин давомида ўзгартира олади. Қолаверса, таркибида легионерлари бор. Менга 10-рақамдаги ўйинчиси ёқди. Ёш бўлишига қарамай жамоани етаклай оляпти. 8-рақамдаги футболчиси ҳужумга тезкорлик билан ўтади. Рақибни ноқулай вазиятга туширади. Ўйинчилар орасида бўшлиқ йўқ. Ўйиннинг бошидан охиригача бўшлиқ бериш керак эмас. Умуман гуруҳ босқичига кучсиз жамоа чиқмаган.
Савол: Сўнгги ўйинлардаги очко йўқотишлардан кейин футболчилар руҳий томонлама ўйинга тайёрми?
Миржалол Қосимов: Тўғри натижа қолади, ўйин эсдан чиқади. 3 та ўйинни олганда дейлик “Ал Иттиҳод” билан иккинчи бўлимда ўз ўйинимизни кўрсатдик. “Металлург” билан ҳам статистикани кўрсангиз дарвозамизга берилган зарбаларнинг барчаси гол билан тугаган. Биз 20 га яқин зарба йўлладик. Лекин гол ура олмадик. Аммо ўйин томонлама ёмон ҳаракат қилаётганимиз йўқ. “Пахтакор“ билан 2:2 бўлиб турган вақтда ҳам вазиятларимиз кўп бўлди. Натижа ҳам келади. Ҳар доим иккиси бир вақтда келмас экан. Футболчилар руҳан тайёр. Мақсадимиз Олмалиққа ОЧЛни олиб келиш эди. Чунки 2 йил олдин пандемия сабаб насиб қилмаганди. Стадионга нечта одам келса ҳам ўз ўйинимизни кўрсатиб ғалаба тортиқ қилишимиз шарт.
ОКМК матбуот хизмати.
Фикрлар