Мирко Еличич: "Кучсиз жамоанинг ўзи йўқ"

Тошкентнинг "Локомотив" клуби чемпионатнинг очилиш учрашувида "Сурхон"ни 3:1 ҳисобида таслим қилди. Мазкур беллашувдан сўнг клуб матбуот хизмати "Локо" бош мураббийи Мирко Еличичнинг матбуот анжуманидаги фикрларини ҳавола қилди.

- Биринчи ўйин доимо қийин ўтган. Мавсумга тайёргарлик даврида қанча назорат ўйинлари ўтказсангиз ҳам расмий ўйинлар умуман бошқача: бошқача атмосфера, бошқача интенсивлик. Ушбу баҳсда уч очкони қўлга киритаётганимиз яхши ҳолат. "Сурхон"ни яхши жамоа деб ҳисоблайман. Бугун уларга айрим футболчилари етишмади. Вақт ўтиши билан барчаси жойига тушиб кетса керак. Ўз майдонимизда ғалаба қозонганимиз яхши бўлди. Бу футболчиларга ишонч беради.

- Биринчи ғалаба билан табриклайман. Мавсум олдидан жамоага келган футболчилар кўп бўлди. Улар бир-бирини қанчалик яхши тушунмоқда?

- Ҳа, бизда янгилар кўп. Таркибда тажрибали футболчилар кўп, шунингдек, ёши ўртача ва ёш футболчилар бор. Бироқ ёши ўртача футболчиларимиз кўп эмас. Балки бу бир томондан яхшидир. Чунки тажрибали футболчилар ёшларнинг ўсишига ёрдам беришади. Бизда таркибдаги ёшларнинг даражаси ва сифатини ошириш вазифаси ҳам бор. Бугун барчаси жойида. Албатта, барчасига вақт керак. Уларнинг кўпчилиги ўтган мавсумда бошқа жамоада эдилар. Ҳозир жамоа бошқа, тизим бошқа, йўналиш бошқача. Шу сабабли уларга ҳали вақт керак.

- Қишки трансферлар ойнаси вақтида "Локомотив"ни қариялар жамоаси деб аташганди. Бугун эса ўйин тақдирини ёшлар ҳал қилиб берди. Ушбу ўйиндаги голлар орқали мухлисларга жавоб берилди, десак бўладими?

- Бу ҳолатга яхши қараймиз. Ёшлар ёши катта футболчиларга қараб, интилади. Ёши катталар кичкиналардан кўп нарсаларни талаб қилишади. Уларнинг жамоада бундай ролга эга бўлаётганларидан мамнунман. Биласизми, муаммо нимада? Улар ўйиндан-ўйингача вақт ичида келиб чиқади. Ёш футболчилар ўйинга қанчалик таъсир ўтказа олади, улар жамоага қанчалик ёрдам бера олишади. Гап шунда. Биз мураббийлар ушбу ҳолатдан ақлли йўл билан чиқиб кета олишимиз керак.

- Олександр Кучеренконинг танаффусда алмаштирилишига сабаб нимада?

- У болдир мушакларида муаммо сезди. Ҳозирги пайтда биз футболчини бунчалик хавф остига қўя олмаймиз. Футболчини тиббий кўрикдан ўтказамиз ва нималар бўлишини биламиз. Унда бунгача ҳам микрожароҳат бор эди. Мен буни жиддий ҳолат деб ҳисобламайман. Кўпроққа йўқотмаслик учун яхшиси уни ўйиндан олиб, тикланиши учун вақт бера қоламиз.

- "Локомотив"нинг ушбу мавсумдаги мақсади қандай?

- Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Бизда ёшларни кучайтириш вазифаси ҳам бор. Ҳозир бу жараён амалга ошмоқда. Ҳар бир машғулот, ҳар бир ўйин улар учун дарс. Ҳар доим уларга нимадир беришга ҳаракат қиламиз. Жамоага келаётганлар "Локомотив"га, ўзбек футболига ёрдам бера оладими, деб қараб кўрамиз. Ҳозир Ўзбекистонда бирданига юқори даражада ўйнаб кета оладиган ёшлар жуда кам. Терма жаҳон чемпионатига йўл олди. Таркибдаги кўплаб футболчиларнинг ёши 30 дан ошган. Уларни алмаштира оладиган ёшлар эса деярли йўқ. Шу сабабли исталган клубда ҳозир ёш футболчиларни тарбиялаш вазифаси қўйилган. Улар фақатгина яхши рақиблар билан ўйинлар орқали тобланиб боради. Шу боисдан катта баҳсларда ҳам ёшларга имконият беришга ҳаракат қиламиз.

- "Локомотив"нинг навбатдаги икки ўйини "Машъал" ва "Қўқон-1912"га қарши. Ушбу баҳсларда қанча очко олишни ният қилгансиз?

- Мен барча жамоаларни ҳурмат қиламан. Ҳозир ҳамма ўз клуби, ўз мухлислари, ўз оиласи учун курашмоқда. Ҳозир кучсиз жамоанинг ўзи йўқ, деб ўйлайман. Шу боисдан ҳамма ўйинларга максимал тайёрланиш керак. Ҳозир барча жамоа уч очко учун курашяпти. Ҳудо хоҳласа, шу икки ўйинни ҳам ўз фойдамизга ҳал қиламиз, деган умиддаман. Бу йил Суперлигада осон ўйиннинг ўзи бўлмайди.

- Суперлига тақвими жуда зич. Деярли икки ой ичида жамоалар 11 тур ўйинларини ўтказишлари керак. Жамоа бунга қанчалик тайёр?

- Бундай пайтда таркибни ақлли бўлиб танлаш керак бўлади. Агарда ҳамма ўйинга 10-12 футболчини ташлайверсак, футболчининг ҳолатини издан чиқиши бизнинг айбимиз ҳисобланади. Жамоада барча бир-бирига ёрдам беришга тайёр. Бу жараённи ҳам ўйлаш керак. Эмоционал, жисмоний, экологик жиҳатдан барча футболчилар жамоа учун тайёр туриши, соғлом ҳолатда бўлиши керак. Бизда яхши томони шундаки, таркибимизда 10 эмас, 20 та асосий футболчи бор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!