Моунтинбайкчиларимиз Осиё чемпионатида 3 та медални қўлга киритди
Шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида велоспортнинг моунтинбайк йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. 27 июнга қадар давом этадиган мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими ва қатор дастурлардаги финал баҳслари ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, мамлакат велоспорт федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева, Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти Амаржит Сингҳ, Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларига самимий тилакларини йўллашди.
Ўтказилган баҳслар спортчиларимиз учун муваффақиятли кечди. Аёллар ўртасида ташкил этилган доунҳилл дастурида шоҳсупанинг барча поғонаси юртдошларимизга насиб этди.
Олтин: Мария Закирова
Кумуш: Ализа Режепова
Бронза: Севинчой Зарипбоева
Қайд этиш жоиз, бу йилги қитъа биринчилида 18 мамлакатдан 300 нафарга яқин спортчи қатнашмоқда. Бу ҳақда МОҚ хабар берди.

Фикрлар