Моуриньо Шомуродовга қандай муносабатда эканини айтди!

А Сериянинг 14-турида “Рома”да кутилмаган ҳолат кузатилганидан хабарингиз бор. Мавсум бошидан бери Элдор Шомуродовга ишонч билдирмаётган Жозе Моуриньо “Сассуоло” майдонида бўлиб ўтган ўйинда ҳамюртимизни илк дақиқалардан ўйнатди.

Сўнгги уч ойда иккита турнир давомида жами 85 дақиқа майдонда ҳаракат қилган легионеримиз бу гал бир баҳснинг ўзида бир соатдан ошиқ тўп тепди.

Шомуродов муҳим учрашувнинг биринчи бўлимида қулай имкониятдан фойдалана олмади, вазиятни қўлдан чиқарди, очиқ позицияда турган Николо Дзаньолога тўпни узатмай, ўзим тепди.

sassuolo-roma-shomurodov_2

Дуранг билан якунланган беллашувдан кейин Жозе Моуриньо бу ҳолатга эътибор қаратди. Оммавий ахборот воситалари португалиялик мутахассиснинг фикрини ёзди.

- Шомуродов биринчи бўлимда тўп киритиши керак эди, лекин мен ҳужумчиларни гол урган ёки урмаганига қараб баҳоламайман. Шомуродовни қўлдан чиқарилган голли вазият учун танқид қила олмайман, чунки у бошқа вазиятларда бор имкониятини ишга солиб ўйнади, - деди Жозе Моуриньо.

Қаттиққўл ва қайсар мураббийдан илиқ муносабат эшитиш ёқимли, албатта.

Энди “Рома” А Серия доирасида жорий йилдаги сўнгги ўйинини “Олимпико”да ўтказиши керак. Кейин ҳамма қатори Қатардаги жаҳон чемпионати муносабати билан эълон қилинадиган танаффусга чиқиб кетади.

А Сериянинг 15-туридаги рақиб “Торино” бўлади. Бу жамоага қарши ўйин Элдор Шомуродов учун жуда аҳамиятли. Биринчидан, Жозе Моуриньо ўзбек ҳужумчисига бўлган муносабатини ўзгартириб, уни яна ўйинга тушириши кутилмоқда. Чунки ҳамюртимиз етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётганидан кейин қишки трансферлар вақтида “Рома”дан кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Унга харидорлар ҳам чиқяпти. Табиийки, бу гап-сўзлар Моуриньонинг ҳам қулоғига етиб борган. Балки шунинг учун Элдорга ишонишини кўрсатишга уринаётгандир.

Ундай бўлмаган тақдирда ҳам, бўлажак рақиб – “Торино” Элдор Шомуродовга асосий харидор ҳисобланади. Туринликлар ҳужум чизиғидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ўзбек легионерини январдаёқ ижарага олиш ҳаракатларини бошлаб юборган.

“Рома” раҳбарияти ва мураббийлар штаби Шомуродовни қўйиб юборадиган бўлса, потенциал харидорга қарши баҳсда уни “реклама” қилиб олишдан яхши имконят бўлмайди.

Демак, “Торино”га қарши бўлажак баҳсда ҳужумчимизнинг майдонга туширилишини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.

Shomurodov-Frattesi_1

Ҳар икки жамоанинг ўзаро рақобати катта тарихга эга эканини ҳам алоҳида эътиборга олиш аҳамиятли. Бу жамоалар илк бор 1929 йилда бир бирига рўбарў келган. Шундан бери А Серия ва мамлакат кубоги доирасида жами 180 маротаба ўзаро тўқнашган.

Устунлик пойтахт “бўрилари” томонида. Римликлар туринликларни ўзаро баҳсларда 75 маротаба мағлуб эта олган. 48 та учрашувда кучлар тенг келган. “Торино” ҳисобила 57 та ғалаба бор. Тўплар нисбатидаги устунлик “Рома” томонида – 229:206.

“Олимпико” стадиони мезбонлик қиладиган “Рома” ва “Торино” учрашуви 13 ноябрь куни Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

“Рома” Англиядан тўпурар чақирди, энди Шомуродовга роса қийин бўлади!

Шомуродов ўйинга қандай муносабат билдирди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!