Муборак Рамазон ойида футбол мухлислари учун қандай қулайликлар яратилади?

 

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси кириб келаётган қутлуғ Рамазон ойи муносабати билан Ислом динига эътиқод қилувчи ўзбекистонликлар ва мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган мусулмонларни муборакбод этади ҳамда уларни Pepsi Суперлигаси ўйинларини стадионлардан туриб томоша қилишга таклиф қилади.

Ҳамма нарса мухлислар учун

Аҳолининг катта қисми Рамазон ойини ўзгача иштиёқ билан қарши олишидан келиб чиқиб, ПФЛ Pepsi Суперлигаси учрашувларини футбол мухлислари учун нисбатан қулайроқ вақтларга тайин қилишни режалаштирганди.

Бунгача чемпионат ўйинларининг бошланиши иш вақти якуни — 18:00 гача бўлмаслиги белгилаб қўйилганди. Шунингдек, Жаҳон чемпионати учрашувлари вақтида миллий биринчилик танаффусга чиқади. Миллионлар ўйинига меҳр қўйган ўзбекистонликлардан ташқари, футболчилар, мураббийлар ва мутахассислар ҳам мундиал учрашувларини бемалол томоша қила олиши учун шундай қарорга келинган. Жаҳон чемпионати орқали футбол ишқибозлари маданий хордиқ чиқаришлари, футбол ичидагилар эса ўзлари учун зарур бўлган ўзгаришлар, янгиликлардан воқиф бўлишлари мумкин. UzReport ҳамда Futbol-TV телеканаллари ҳар тўрт йилликнинг энг йирик футбол мусобақасини ўзбекистонликлар учун трансляция қилади. 

Эндиликда Рамазон ойи муносабати билан ПФЛ учрашувлар вақтини ифторлик вақтига мослаштиришга ҳаракат қилади. Мухлисларда оғиз очиш ҳамда бошқа фарзларни адо этишда муаммолар юзага келмаслиги ташкилот учун муҳим. Ўз навбатида бу ҳолат стадионларга келаётган мухлислар оқимининг кескин камайиб кетмаслиги йўлида хизмат қилиши мумкин.

Рўза ойида учрашувлар қандай бошланади?

Ўзбекистонда Рамазон ойи расман 17 май санасидан бошланиши эълон қилинди. Маълумки, саҳарлик ҳамда ифторлик вақтлари Қуёшнинг чиқиши ва ботишидан келиб чиқиб белгилаб берилган. Бунда мамлакатимизнинг шарқий ҳамда ғарбий нуқталаридаги тафовут деярли ярим соатни ташкил қилади.

Шундан келиб чиқиб, ПФЛ ҳам Pepsi Суперлигасининг тур учрашувларида мезбон жамоаларга эътибор қаратади ҳамда ўйинлар вақтини улардан келиб чиқиб белгилайди. Режага кўра, футбол учрашувлари оғиз очиш вақтидан роппа-роса 45 дақиқа аввал бошланади. Шу тариқа 1-бўлим якунланишини англатувчи ҳуштак ифторликка йўл очиб беради. Ҳакамнинг 1-бўлимга қўшиб бериши мумкин бўлган эҳтимолий дақиқалари бунда ишқибозлар учун деярли ҳалал бермайди. Чунки танаффус 15 дақиқа давом этишидан келиб чиқиб, стадионга ташриф буюрган рўзадорлар оғиз очиб олиш имкониятини қўлга киритади.

Мухлислар учун қандай шароитлар бўлади?

Футбол стадионлари фарзларни тўла адо этишлари учун мўлжалланмаган. Шундай бўлса-да, ПФЛ яхши ният билан рўзадор кишилар учун учрашувлар вақтини мослаштиряпти.

Рамазон вақтида рўзадорлар учун енгилликлар яратишни ният қилган тадбиркорлар, сотувчилар стадион ҳудудида бемалол ҳаракатланиши мумкин. Бунда улар ички ишлар ходимлари белгилаб берган меъёрларга амал қилишлари талаб этилади. ПФЛ эса стадионлар ва клублар маъмуриятидан шу ҳамда бошқа масалаларда мухлислар учун ҳаминқадар қулайликлар яратиб беришни сўрайди.

Бунда футбол мухлислари тартиб ва қоидаларга риоя қилишлари жуда муҳим. Юқоридаги каби масалалар енгиллик билан ўтса ҳамда ҳеч қандай муаммо келиб чиқмаса, бундан футбол мухлислари ҳам, ПФЛ ҳам манфаат кўради. Яъни, келгуси шундай тадбирлар ва режалар учун йўллар очилади.

Стадионга ташриф буюраётган ишқибозлар бир-бирини ҳурмат қилиши, иложи борича атрофдагиларни зарарлаши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслиги мақсадга мувофиқдир. Келгусида ПФЛ оилавий секторларда чекишни тўлиқ ман қилади. Шунингдек, майдон атрофидаги ходимлар, футбол мутасаддилари ҳам ўйин вақтида чекиши тақиқаланади. Бу биринчи навбатда ёш болалар ҳамда футболчилар саломатлиги учун муҳимдир.

Ўйинлар трансляцияси масаласи

 “Спорт” телеканали билан ҳамкорликда Pepsi Суперлигаси учрашувлари 2018 йилги мавсумдан бошлаб мунтазам намойиш этиб келинмоқда. Бунгача бир турнинг бир-икки учрашуви эфирга узатилган бўлса, эндиликда бир мавсумнинг ўзидаёқ трансляциялар борасида катта ўзгаришларга қўл урилди. Демак, бизда барча учрашувларни томоша қилиш учун имконият бор. Жонли трансляциялар бунда катта улушни ташкил қилмоқда.

Рамазон ойида бир қатор учрашув параллел бошланиши ҳақиқатга яқин. Шундан келиб чиқиб, нисбатан қизиқарлироқ ва кескинроқ ўтиши кутилган учрашувлар жонли эфирга узатилади. Қолган учрашувлар ёзиб олинган ҳолда намойиш этилади. ПФЛ учун асосийси футбол мухлисларининг стадионларга қайтишидир.

Рамазон ойи якунига етгач, трансляциялар масаласи худди аввалгидек давом этади.

12-тур масаласи

12-тур беллашувлари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши ўйинидан келиб чиқиб, бошқа муддатларга кўчганди. Кейинроқ ўйинлар вақти эълон қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан мухлисларда бир қатор тушунмовчиликлар келиб чиққанини инобатга олиб, вазиятни очиқлаймиз.

Рамазон ойининг айнан қайси санадан бошланиши расман эълон қилинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. ПФЛ ҳамда “Спорт” телеканали эса теледастурлар масаласини деярли икки ҳафта илгари келишиб олади. Бунда Рамазон ойининг эҳтимолий 16 май санасидан бошланиши ҳамда бир кун аввал таровеҳ намозлари ўқилиши инобатга олиниб, учрашувлар 18:00 га тайин қилинганди. Яъни, мухлислар футбол учрашувларидан чиқиб, қолган ишларга улгуришлари инобатга олинганди.

“Насаф”нинг “Нефтчи”га қарши учрашуви эса “Спорт” телеканалининг Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига бўлган эътиборидан келиб чиқиб, 18:00 га қўйилганди. Умид қиламизки, футбол мухлислари бу ҳолатни тўғри тушунишади. Зеро, Рамазон ойининг 17 май санасидан бошланиши маълум бўлганида, футбол учрашувлари вақтини ўзгартириш бироз мушкул эди. Теледастурлар режасидан ташқари, клубларнинг ўйин учун чиқарган чипталари, афишалари, реклама баннерлари, шунингдек, сафарга борадиган жамоаларнинг йўл чипталари, режалаштирган меҳмонхоналари масаласи ҳамда қайтиб кетиш режалари ҳам ҳисобга олиниши лозим.

Тўғри, 18:00 да ҳаво ҳарорати бироз иссиқ бўлади. Аммо сизни ишонтириб айтамизки, айни вақтда Ўзбекистонда бу вақтда футбол ўйнаб бўлмайдиган даражада иссиқ ҳарорат кузатилаётгани йўқ. Футболчилар кези келганда араб мамлакатларидаги бундан анчагина иссиқ ҳароратда ҳам, шарқий Осиё мамлакатларидаги босим юқори бўлган вақтларда ҳам тўп сурган. Спортчилар бундай ҳолатларга доим тайёр туриши керак.

ПФЛ раҳбарияти сизга олдиндаги шарафли бир ой давомида сабр-тоқат, бахтли кунлар ҳамда яхши кайфият тилаб қолади. Умид қиламизки, бизнинг футбол мухлислари, футбол клублари ҳамда ОАВ билан илиқ муносабатларимиз давомли бўлади ва барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, миллионлар ўйинининг Ўзбекистондаги ривожи йўлида ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!