"Андижон" клубини Хитойга таклиф қилишмоқда...
"Андижон" клуби матбуот хизмати жамоага доир яна бир янгилик ҳақида маълумот тақдим қилди. Унда шундай дейилади:
"Яқинда Андижон вилояти ҳокими томонидан “Андижон” клубига замонавий, қулай ва экологик тоза янги автобус тақдим этилиши нафақат жамоа инфратузилмасини янада мустаҳкамлади, балки клубнинг келажак режаларига ҳам янги суръат бағишлади.
Ушбу автобус Хитойнинг машҳур электр автобус ишлаб чиқарувчиси — “SILK ROAD CAMBELL” заводида ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таъсисчиси Жаноб Янг Жиан “Андижон” клубининг янги базасига ташриф буюрди. Унга вилоят транспорт бошқармаси раҳбари Шамсиддин Усмонов ҳамда “SILK ROAD CAMBELL”нинг Андижондаги корхонаси раҳбари Нуриддинов Ҳабибулло ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонларни “Андижон” клуби бош директори Зиёдбек Машрапов самимий кутиб олди. Янги база бўйлаб саёҳат давомида меҳмонлар клубда яратилган замонавий шароитлар, футболчилар учун ташкил этилган қулайликлар билан яқиндан танишишди. Айниқса, инфратузилманинг юқори даражада экани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф давомида меҳмонлар жамоа аъзолари билан ҳам учрашиб, илиқ суҳбат қуришди. Эсдалик сифатида жамоа футболкасига барча футболчилар имзо чекиб, Жаноб Янг Жианга топширилди ва эсдалик учун суратга тушишди. Бу эса икки томонлама дўстона муносабатларнинг рамзига айланди.
Энг эътиборли жиҳатлардан бири — Хитой томонидан илгари сурилган янги ташаббус бўлди. Унга кўра, май ойида “Андижон” жамоасини Хитойга таклиф қилиш ва у ерда маҳаллий клубга қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса "Бургутлар" учун нафақат халқаро тажриба, балки нуфузли майдонда ўзини намоён қилиш имкониятидир.
Албатта, бу каби ютуқларда клуб раҳбариятининг, хусусан, бош директор Зиёдбек Машраповнинг хизматини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унинг ташаббускорлиги ва самарали бошқаруви натижасида “Андижон” клуби нафақат майдонда, балки ташкилий ва халқаро алоқалар борасида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Қисқаси, янги автобус — бу шунчаки транспорт эмас. Бу — ривож, ишонч ва катта мақсадлар сари қадамдир. “Андижон” эса бу йўлда дадил олға интилмоқда", - дейилади расмий хабарда.
Фикрлар