Мундиалга 32 кун колди! ЖЧ-2022 мезбони Қатар билан яқиндан танишамиз
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Тарихда илк бор мундиал араб диёрида ва иккинчи маротаба Осиёда ўтказилмоқда. (2002 йилда Япония ҳамда Жанубий Корея турнирга мезбонлик қилган)
Мазкур турнирнинг бир қатор ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Жумладан, куз ойининг охири ва қишнинг аввалида ўтказилиши ҳам қисман футбол мухлислари учун бир янгилик. Сабаби, биз кўриб ўрганиб қолган мундиаллар доим ёзда ўтказиб келинган.
Қайси терма жамоалар ЖЧ-2022да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 32 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "A" гуруҳи вакили ва мусобақа мезбонидан ўзига хос "челлендж"имизни бошлаймиз.
Қатар терма жамоаси, Қатар футбол ассоциацияси (QFA)
Ташкил топган: 1960 йил (ФИФА'га 1970 йилда аъзо бўлган)
Бош мураббий: Феликс Санчес Бас
Жамоа сардори: Ҳасан Ал Ҳайдос
Илк расмий баҳси: Баҳрайн - Қатар 2:1 (1970 йил)
Энг йирик ғалаба: Қатар - Бутан 15:0 (2015 йил)
Энг йирик мағлубият: Қувайт - Қатар 9:0 (1973 йил)
Айни дам мазкур терма жамоа FIFA рейтингида 50-ўринни банд этиб турибди. Уларнинг рейтингда энг юқори кўрсаткичи 42, энг пасти эса 113-ўринни ташкил қилади.
Ушбу юрт термаси бунга қадар ўтказилган Жаҳон Чемпионатларида иштирок этмаган. Шундай экан, улар мусобақа мезбони, шунингдек, иштирокчиси сифатида ҳам дебютант. Қатар 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган Осиё Кубоги ғолиби ҳисобланади. Финалда улар "кун чиқар юрт" вакилларини 3:1 ҳисобида таслим этганди.
Турниргача босиб ўтилган йўл
Биласиз, мезбон терма жамоа Жаҳон чемпионати финал раундига тўғридан-тўғри йўл олади. Шундай бўлса-да, улар саралашнинг 2-раундида иштирок этди. "E" гуруҳида Феликс Санчес Бас шогирдлари 8 беллашувнинг 7 тасида ғалаба қозонди ва 1 бора дуранг натижа қайд этди. Шу тариқа, улар 22 очко тўплаган ҳолда, ўз гуруҳида пешқадам бўлди. Мазкур гуруҳда иккинчи поғонани Уммон банд этганди.
Шунингдек, 2021 йилда ўтказилган ФИФА Араб Кубогида қатарликлар ажойиб тарзда иштирок этди. Гуруҳ босқичида Уммон, Ироқ ҳамда Баҳрайн билан тўқнаш келган терма ўз квартетида юз фоизлик натижа билан плей-оффга йўл олди. Чорак финал баҳсида улар БААни йирик 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Ушбу босқичдаги Жазоир ЖЧ-2022 мезбонларини 2:1 ҳисобида таслим этиб, финал йўлланмасига эга чиқди. 3-ўрин учун кечган ўйиннинг асосий ва қўшимча таймларда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса Қатар 5:4 ҳисобида кучли рақибдан устун келди ва турнирнинг бронза медалига эга чиқди.
Бундан ташқари, Қатар ЖЧ-2022га тайёргарлик олиб бориш мақсадида халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказди:
Таркибдаги футболчиларнинг трансфер нархи таниқли "Transfemarkt" талқинига кўра, 18.33 миллион еврони ташкил этади. Бу борада улар Ўзбекистондан пастроқ кўрсаткич қайд этиб турибди.
Эслатма: Ушбу миқдор сўнгги йиғинга чақирилган футболчиларнинг трансфер нархига кўра, ҳисобланган. Мундиалга чақирилган ўйинчилар номи ҳали маълум эмас.
ЖЧ-2022'даги тақвими
Аввал айтганимиздек, Қатар ўзи мезбонлик қилувчи турнирнинг "A" гуруҳида Нидерландия, Сенегал ҳамда Эквадор каби термалар билан бир гуруҳдан жой олган. Уларнинг тақвими қуйидагича:
20 ноябрь
21:00 Қатар - Эквадор
25 ноябрь
18:00 Қатар - Сенегал
29 ноябрь
20:00 Нидерландия - Қатар
Фикрлар